Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:11

Яшасин президент! Бир ўзи билгувчидир.


Эййёмон қилдие! Ёмон қилди! Шунақаям савол берадими?! Президентга-я?! Ўзбекнинг кўзи кўриб, қулоғи эшитмаган савол берди!



Президентнинг ўзиданам ўтди-да. Мамлакатнинг энг маҳмадана ёшлари олдига чиқиволиб арининг уясини ўзи қўзиб қўйди.

“Люббой саволингга жувоб бо, атвичаю”, дегандай қилди.

Бунақа гапдан кейин сўрашади-да! Сўрамаса тили танглайига ёпишиб қолмайдими!

Телевидение кафедраси талабаси берган ўша саволнинг мағзи будир:

- Мамлакатда инқилобий вазият етилиб келмоқда. Инқилоб вақтида ўзингизни қандай тутасиз? Сизни ўлимга ҳукм қилишлари эҳтимоли катта. Ўлимга Саддам Ҳусайндай тик боришга тайёрмисиз ёки бизга дўст бўлган Шимолий Кореяга кетворасизми?

Президент бўғзига ёпирилган аччиқни ғилт этиб ютди – телевизорда кўрдик-да – “жувоб”ни узоқ чайнади.

Медведев журналистика факултетида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:20 0:00
Бевосита линк


Телевидение кафедрасининг бетаъсир талабаси қониқмади. Президентни “бурчакка тақаб” туриволди:

- Аниқ ва конкрет айтсангиз: Қатл қилинишга тайёрмисиз, ғояларингизни деб ўлишга тайёрмисиз, йўқми?

Президентнинг “Тайёрман”, дейишдан бошқа иложи қолмади.

МГУнинг Журналистика факультети талабалари гурас-гурас кириб-чиқавериб поллари ёйилиб кетган аудиториянинг дарс тахтаси олдида галстуксиз турган йигит Россиядай экс-азамат ўлканинг президенти эмас, оддийгина, чуваккина Дмитрийжон бўлиб кўриниб кетди кўзга.

Томошабин – ношукур банда. Унга иссиқ ҳам ёқмайди, совуқ ҳам. Илимилиқ эса, тем более.

Россиянинг экс-жорий-бўлғуси президентлари сайлов-сайлов ўйнаб маъни-бемаъни саволларга “атвичаю”дан қўллари бўшамай турган пайтда ва умуман кейинги 20 йилдан бери Ўзбекистон президентига биров бир савол берай демайди.

Савол берган ҳам ўзи, жавоб берган ҳам ўзи.

Мақтаган ҳам ўзи, танқид қилган ҳам ўзи.

Ўтган ҳафтада, чилланинг қоқ ўртасида тақдир инъом этган бир ҳафталик таътилда болишни қучоқлаб телевизор кўрдим.

Ахборот “Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган” мажлиси тўғрисида ҳикоя қилди.

Яна ўша ҳолат. Президент жон куйдириб “Жаҳон иқтисодиëтида кузатилаëтган ўзгаришлар авваламбор турли салбий тенденциялар ҳақида” гапираяптию йиғилишда иштирок этаётган “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси қўмиталари раислари, Ўзбекистон республикаси президенти девони, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи аппарати масъул ходимлари, матбуот вакиллари” Президентга қулоқ солай демайдия! Ҳаммаси дафтарига бир нарсалар ёзиш билан банд.

​Ким билади нима ёзишаётганини?!

Ким билади, кеннойиларимизга ишқ мактуби ёзишаяптими?!

Балки кеннойиларимизнинг кундошларига ёзишаётгандир?

Ислом ака эса, боодоб одам эмасми, бир нарса дейишга тортинади. “Ҳой, барака топкурлар, қулоқ солинглар, нутқимнинг матнини оласизлар ёки ЎзАдан ўқиволарсизлар, мен сизларга гапираяпманми, деворгами?” демайди.

Тўғри, баъзи оғзига кучи етмаганлар мулозимлардан бош кўтармай ўтиришни Каримовнинг ўзи талаб қилади, дафтарига ёзмай ўтирадиганнинг жони нечта экан, дейди.

Ёлғон, деймиз бунга жавобан. Душманлар бўҳтони, деймиз.

Ҳамма гап мулозимларнинг эринчоқлигида, мамлакатдаю дунёда нима бўлаётганига қизиқмаганида.

​Агар қизиққанларида эди, президентдан “Ислом ака, ахир 2 йилгина олдин жаҳон иқтисодий инқирозининг Ўзбекистонга таъсири йўқлиги ҳақида гапиргандийз, бу ҳақда китоб ҳам ёзувдийз, нега энди бугунга келиб аксини гапираяпсиз”, деб сўраган бўлардилар.

Сўрамайдилар. Сўрашни билмайдилар.

Шунинг учун ҳам савол берган ҳам президентнинг ўзи, жавоб берган ҳам.

Мақтаган ҳам ўзи, танқид қилган ҳам ўзи. Бир ўзи билгувчидир.

Ахборотнинг репортажини кўраркан, қулоғим Ислом акадаю кўзим тасвирда. Бир пайт камера саройнинг чароғон шифтини кўрсатди. Санашга улгуриб қолдим. Шифтнинг биринчи айланасида 31 та чироқ ёниб турибди. Иккинчи ва ундан кейинги айланаларни санашга улгурмадим.

Ана, бораканку, электр. Ёниб турибдику!

Интернет, айниқса бу йил, ёт унсурларнинг Ўзбекистонда газ тақчил, ёруғлик тақчил, деган хабарларига тўлиб кетди.

Биттаси ҳатто 90-йиллар бошида Арманистонда пайдо бўлган бир жумлалик латифани эслади.

“Хайрли кеч, жаноб президент, кечки кўрсатувларимизни бошлаймиз”, деб бошларди экан дастурни ўша даврда Арманистон ТВси диктори. Чунки, электр фақат президент саройида бўлган эканда!

Бугунги Ўзбекистонни 20 йил олдинги Арманистонга ўхшатиб бўладими? Албатта, бўлмайди!

Ўзбекистон ТВси диктори дастурларни фахр билан “Ассалому алайкум, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси қўмиталари раислари, Ўзбекистон республикаси президенти девони, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи аппарати масъул ходимлари” деб бошлаши мумкин.

Тилга олинганларнинг уйларида бу йил бирон марта ҳам чироқ ўчгани йўқ, деб қатъий ишонч билан айта оламиз.

Албатта, агар уларнинг ўзлари “Чироқ ўчди”, ўйини ўйнаб қўймаган бўлсалар.

Ҳар ҳолда мулозимлар ўйин ўйнамаётган бўлсалар керак. Чунки Маркс бобонинг “Манифест”идаги биринчи жумлани сал ўзгартириб айтсак, ”Евроосиё бўйлаб бир шарпа кезиб юрибди. Инқилоб шарпаси”.

Россиялик талабанинг президентга қўрс савол беришига изн бериш билан, Кремл сиёсий технологлари Дума сайловларидан кейин қайнай бошлаган инқилоб чойнаги қопқоғини бироз кўтариб қўйган бўлдилар.

Ўрта аср табибларининг беморнинг “ҳаром қони”ни чиқаришига ўхшаган бу тадбирдан қанчалик фойда чиқиши ҳозирча белгисиз.

Ўзбекистонда эса, Кремл тутумининг аксини кўрамиз. Бу мамлакатда сув тўла чойнакни совутгичнинг музхонасига тиқиб қўйишган.

Ҳамма тешиги ёпиқ чойнакни ичидаги қайнаётган сув портлатиб юборганидек, муз ҳам чойнакни ёриб юборишини ҳисобга олишмаётганга ўхшайди.
XS
SM
MD
LG