Линклар

Татаристонда диндор ва муҳожирлар назоратга олинади


Татаристон расмийларига кўра¸ мамлакатдаги масжидларда тобора яқин хориждан келаëтган мусулмонларнинг фаоллашмоқда.

Татаристон расмийларига кўра¸ мамлакатдаги масжидларда тобора яқин хориждан келаëтган мусулмонларнинг фаоллашмоқда.

Татаристонда нафақат Марказий Осиё ва Кавказдан келган муҳожирлар¸ балки маҳаллий диндорлар устидан ҳам назорат кучайтириладиган бўлди.


Татаристон расмийлари маҳаллий диндорлар орасида “салафийлик” ва “ҳизбчилик” каби радикал диний оқимлар таъсири кенгайиб бораётганидан хавотир билдирмоқда.

Ана шу хатарли жараëнни жиловлаш илинжида Татаристон ҳуқуқ тартибот идоралари “экстремизм, миллий низо ва ирқий камситиш” ҳолатларига қарши курашни авж олдиришга киришди.

Бу ташаббусни овоза қилган Татаристон Ички ишлар вазири Асгат Сафаров диний-экстремистик ва террорчилик ғоялари тарқалишида¸ биринчи навбатда¸ мамлакатга кириб келаётган меҳнат муҳожирлари сабабчи эканини иддао қилди.

Татаристон бош полициячиси Асгат Сафаров чоршанба куни жамоатчилик олдида қилган чиқишида миграция назоратини кучайтириш ғоясини илгари сурди.

- Кавказ ма Марказий Осиё мамлакатларидан келаётганлар устидан миграция назоратини кучайтириш зарур ва миграция хизматлари ҳамда маҳаллий бошқарув идоралари билан ҳамкорликда барча меҳмонларни обдон текшириш керак – қаердан келган, қайси дин тарафдори, хаёлида нима эканини, дея туриб Сафаров¸ лозим бўлса¸ муҳожирнинг ҳатто олаётган ҳар бир нафасини ҳам назоратга қўйиш кераклигини уқтирди.

Ички ишлар вазири келтирган маълумотларда¸ биргина 2011 йилнинг ўзида Татаристон Республикасида яқин ва узоқ ҳориж мамлакатларидан келиб қайдга турганлар сонининг 130 минг кишини ташкил этгани айтилди.

Айнан шу қатлам “қўпорувчилик ва диний-экстремистик ғояларнинг мамлакатга кириб келишида асосий рол ўйнамоқда” дер экан Ички ишлар вазири 2011 йилда Татаристонда 18 та экстремистик жиноят содир этилгани¸ улардан олтитасини "Ҳизбут-Таҳрир", иккитасини "Ат-такфир вал-ҳижра" жамоаси, қолган 9 жиноятни эса ноқонуний ёшлар ҳаракатлари амалга оширганини мисол қилиб келтирди.

Татаристон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Ахборот бўлими раҳбари Ирина Нижелская Сафаров баëноти билан Озодлик мухбири саволларига жавоб бера туриб¸ полициянинг янги кураш усуллари қонун доирасида олиб борилиши ва ҳуқуқ тартибот идоралари ишларига жиддий ўзгариш киритмаслигига ишонтиришга уринди.

- Вазир ўз чиқишида таъкидлаганидек, миграция устидан назоратни кучайтириш масаласига жиддийроқ эътибор қаратиш, яъни бошқа мамлакатлардан келиб жойлашаётганларни паспорт-виза хизмати қаттиқ назоратга олиши, нима сабабдан уларнинг бу ерга келиб қолгани, балким улар ўз юртларида қидирувда эканини аниқлашлари зарур. Аммо бу паспорт-виза режимининг кучайтирилиши дегани эмас, чунки қонунчилик нуқтаи назаридан ҳеч қандай ўзгаришлар киритилмаган, деди Ирина Нижелская.

Татаристон полицияси расмийси республикада биринчи навбатда ноқонуний миграцияга қарши кураш авж олиши, шу жумладан турли тақиқланган диний оқимларнинг тарғиботи билан шуғулланувчилар қаттиқ жазога тортилишини қўшимча қилди.

Ирина Нижелскаяга кўра, Татаристон Ички ишлар вазири Асгат Сафаровнинг бундай баёнот беришига 10 январ куни Татаристоннинг Високогорний тумани Мемдел қишлоғида портлашга ўзбекистонлик Рустам Юсупов ва унинг шерикларининг алоқаси борлиги сабаб бўлган. “Ҳизбчиликда” айбланаëтган бу гуруҳ вакили Юсупов полиция амалиëти чоғида отиб ташланди.

Бу воқеалар ортидан полиция раҳбарияти Високогорний туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Ҳамза Нургалеев ва унинг ўринбосари Шамил Собировни ишдан бўшатди.

Айни пайтда, Татаристонда нафақат муҳожирлар, балки маҳаллий диндорлар устидан ҳам давлат идоралари назоратининг кучаяётгани айтилмоқда.

Қозондаги “Нурулла” масжиди имоми Ғабдулла Галлиулин¸ сўнгги вақтда давлат идораларининг диний ташкилот ишларига аралашуви сезиларли ошиб бормоқда, деган ишончда.

“Расмийлар ҳатто масжид имомларини тайинлашни юқоридан буйруқ тарзида юборишга киришди”, дейди у.

- Маъмурият раҳбарлари имом-муҳтасибларни чақириб уларга фақат тайинланган уч кишига овоз беришлари тўғрисида буйруқ берди. “Бошқаларга овоз бермасликларинг керак”, дейилди. Ахир бу Конституциянинг қўпол бузилиши, яъни давлатнинг дин ишларига бевосита аралашуви деганидир. Ваҳоланки улар фақат тайинлаш ҳуқуқига эга холос, дейди Ғабдулла Галлиулин Озодлик билан суҳбатда.

Имом суҳбат асносида ҳукумат вакиллари ва куч ишлатар тизимларнинг ўлкадаги диний ишларга аралашуви тўхтатилишини талаб қилди.

Озодликка аëн бўлишича¸ янги йил арафасида Қозон биқинида жойлашган Високогорний туман масжидига Татаристон Диний бошқармаси томонидан юборилган имом маҳаллий диндорлар томонидан қувиб чиқарилган.

Татаристон Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, 2011 йилда республикада 30 киши ноқонуний диний фаолият учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG