Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:06

Ўшда ҳокимият учун кураш бошланди


4 мартда ўтадиган Ўш шаҳар кенгашига сайловда миллатчилик руҳида экани айтилувчи “Ата журт” ва “Бутун Қирғизистон” партиялари Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматовнинг “Улуттар Биримдиги” партиясини қўллайди.

Ўш шаҳар кенгаши депутатлигига сайловда иштирок этиши кутилаётган “Ата журт” ва “Бутун Қирғизистон” партиялари сайлов комиссиясига ариза бермагани кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. Мазкур партияларнинг “Улуттар Биримдиги” партияси билан бирлашган ҳолда сайловда иштирок этиши маълум қилинди.

“Улуттар Биримдиги” партияси етакчиси Таалайбек Собиров партиялар ғоялари бир–бирига яқин бўлгани учун бирлашганини айтади:

- Ҳозир “Ата журт” партияси ҳам, “Бутун Қирғизистон” партияси ҳам ўз конференциясини ўтказмади, ўзларининг номзодлар рўйхатини ҳам тузмади. Улар бизнинг дастуримизни қўллаб, биз билан бирга сайловда иштирок этади. Уларнинг номзодлари бизнинг рўйхатга кирди, - деди Таалайбек Собиров.

“Улуттар Биримдиги” партияси 2010 йилда ташкил қилинган. Партия Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматовга қарашли экани айтилади.

Айрим кузатувчилар “Улуттар Биримдиги” партиясига миллатчилик руҳида экани айтилувчи “Ата журт” ва “Бутун Қирғизистон” партияларининг қўшилишини 2010 йил Ўш қирғинининг айбдорлари бўлган маҳаллий ҳукумат раҳбарларининг жазодан қутилишга ҳаракати сифатида баҳолайдилар:

- Секин аста сиёсат ўзгараяпти, Социал-демократлар партиясининг нуфузи ва таъсири ҳокимиятда кучайиб бормоқда. Ҳукуматдан июн воқеаларининг ҳақиқий гуноҳкорларини, раҳбарларни жазолаш талаб қилинаяпти халқаро ташкилотлар томонидан. Ҳукумат Ўш шаҳар раҳбарларини ҳам жавобгарликка тортишга мажбур бўлади. Мелис Мирзақматов партия орқали ўз позициясини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда,- деди ўшлик ҳуқуқ фаоли Равшан Гапиров.

Ўш шаҳар сайлов комиссиясининг маълум қилишича, 45 ўринга эга бўлган Ўш шаҳар кенгаши депутатлигига 8 партиядан жами 706 номзод кўрсатилган. Шаҳар кенгаши депутатлари сайловдан сўнг Ўш шаҳар ҳокимини тайинлайдилар. Шунинг учун 4 мартдаги сайловда қайси партия кўп овоз олса, Ўш мэри ўша партия вакилидан тайинланади.

- Мелис Мирзақматовга қарашли партия шаҳар кенгашида кўпроқ ўринга эга бўлиш учун ҳаракат қилаяпти. Шаҳар кенгашида “Улуттар Биримдиги” партиясидан депутатлар 50 фоизидан кўп ўринга эга бўлса, у ҳолда Мелис Мирзақматов нимани буюрса ўша бўлади, - деди Равшан Гапиров.

Маҳаллий таҳлилчи Тўлўгўн Келдибаев эса мазкур уч партиянинг бирлашуви табиий сиёсий жараён эканини айтди:

- “Ата журт” ва “Бутун Қирғизистон” партиялари Ўшда кучли электоратга эга. Шунга қарамай, бу икки партия “Улуттар Биримдиги”ни қўлламоқда. Парламент ва президентлик сайловида айнан “Улуттар Биримдиги” партиясининг вакиллари “Ата журт” ва “Бутун Қирғизистон”га ёрдам берган. Ўша яхшиликлари эсга олиниб, бу партиялар ҳозир “Улуттар Биримдиги” партиясига ёрдам бераяпти. Бу табиий сиёсий жараён, - деди Тўлўгўн Келдибаев.

Ўш шаҳар сайлов комиссиясидан олинган маълумотга кўра, сайловда иштирок этиш учун 8 партия ариза топширган.

Аммо таҳлилчилар сайловда асосий кураш мамлакат президенти мансуб бўлган Социал-демократлар, Бош вазир Ўмурбек Бабанов аъзоси бўлган “Республика” ва “Улуттар Биримдиги” партиялари ўртасида ўтишини таъкидламоқдалар.

- Қонуний ва ноқонуний курашлар мана шу уч партия ўртасида бўлиб ўтади. Сайлов пайтида, сайловдан аввал сиёсатчилар ўртасида, оддий халқ ўртасида ёки криминал ўртасида ҳам тўқнашув юзага келиши мумкин. Сабаби бугунги кунда жиноий гуруҳ вакиллари ҳам 2-3га бўлиниб олиб, сайловда партияларга кўмак кўрсатмоқда,- деди таҳлилчи Тўлўгўн Келдибаев.

Айни пайтда, сайловда иштирок этаётган партиялар расмийлари қонунбузарликларга йўл берилмаслигига умид билдирмоқдалар.

- “Ата журт” ва бошқа партияларнинг бирлашгани бизда ташвиш пайдо қилмайди. Сайловчилар кимга овоз беришни ўзлари ҳал қиладилар. Сайлов қонун доирасида ўтади деган умиддамиз. Сайловда сиёсий тўқнашувлар бўлиши ёки қандайдир сиёсий ўйинлар бўлиши тахмин қилинмоқда. Бироқ бу фақат тахмин ва одамлар орасида айтилаётган қуруқ сўзлардир, - деди Социал-демократлар партиясининг Ўш шаҳаридаги штаби раҳбари Зуурқан Қаденова.
XS
SM
MD
LG