Линклар

Покистонлик хонанда Ислом учун саҳнадан воз кечди


Покистоннинг Сват водийсида туғилган ва кейинчалик Покистон ва Афғонистонда танилган хонанда Нозия Иқбол.

Покистоннинг Сват водийсида туғилган ва кейинчалик Покистон ва Афғонистонда танилган хонанда Нозия Иқбол.

Нозия номи билан танилган сватлик ёшгина хонанда ўз дини учун саҳнадан тушиб, ҳижобга киришини маълум қилди.


Пуштун тилли хонанда Нозия Иқболнинг қарори унинг юз минглаб мухлислари учун мутлақо кутилмаган хабар бўлди.

У бу қарорини 21 январ куни Дубайда уюштирилган концертида маълум қилди.

Томоша залига йиғилган мухлисларига қарата хонанда бу унинг сўнгги чиқиши экани ва "мусулмон аёл яшаши лозим бўлган ҳаёт тарзига қайтиш учун мусиқадан воз кечганини" айтди.

- Бундан буён сиз менинг юзимни кўрмайсиз. Чунки, мен исломий ниқоб кияман, - деди ўз мухлислари қаршисида таниқли поп-юлдузи Нозия Иқбол.

Ўз мухлислари орасида Нозия, деб танилган бу хонанда Покистон шарқидаги Сват водийсида туғилган. Аммо, 2005 йилдан бошлаб Бирлашган Араб амирликларига кўчиб ўтган.

Нозиянинг мусиқий албомлари тўрт тилда - пуштун, урду, форсий ва панжобий тилларида бўлгани учун унинг ижоди Покистоннинг пуштун тилли қабилалари ва Афғонистонда машҳур эди.




Нозия Иқболнинг турмуш ўртоғи Жавод Фазо ҳам мусиқачи ва хонанда видеоклипларида ўз турмуш ўртоғи билан бирга тасвирга тушган.

Шу вақтга қадар бу минтақалар учун биринчи рақамли поп-юлдузи бўлиб келган Нозия энди саҳнани тарк этиш билан бирга топган бойлигини Покистонда қизлар учун мадраса очишга сарфлашни ният қилмоқда.

Бу хабар унинг мухлислари томонидан турлича қарши олинмоқда. Айниқса, қизлар ва аёллар бундан норози.

Жумладан, кветталик Шабана исмли аёл: "Мен Нозия Иқболнинг қароридан жуда ҳафаман. Менинг, ҳатто, йиғлагим келди буни эшитиб", деди.

Покистонлик таниқли шоир ва радио режиссёри Лойиқ Зода Лойиқ эса Нозиянинг саҳнадан тушишини Покистоннинг Пуштун тилли аҳолиси учун "фожиа", деб баҳолади.

Чунки, пуштун тилли хонандалар учун мамлакатнинг исломий тутуми қаттиқ бўлган минтақаларидан етишиб чиқишнинг ўзи ўта мушкул бўлса, кейинчалик уларнинг саҳнада қолиши ҳам жуда оғир кечади.

Кўпчилик пуштун юлдузлари ўз санъатини худди Нозия Иқбол каби кутилмаганда тўхтатишга мажбур бўлган ва бу якун борган сари фожиавий тус олиб бормоқда.

Жумладан, 2009 йилда покистонлик хонанда аёл Айман Удас ўзининг Пешавордаги уйида отиб кетилган эди. Уни радикал исломий гуруҳларнинг босими остида қолган ўз акаси отиб ўлдирган.

Тақдир тақозосига кўра, Удас мамлакат телевидениеси орқали сўнгги бор: "Мен ўлдим, аммо мен ҳануз ҳаётман, мен ўз мухлисларим орзуларида мангу ҳаётман", деб куйлаган эди.



2009 йилнинг январ ойида яна бир таниқли хонанда ва раққоса Шабана Сват водийсида Толиблар томонидан ўлдириб кетилган эди.

Таниқли хонанда Шоҳаншоҳ Бача ҳам мусулмон учун энг ҳақ бўлган ҳаёт тарзида яшаш ниятини айтиб, 2010 йилда саҳнадан кетган эди.

Бунда ташқари, Шакила Ноз, Фарзона ва Фарида Хон каби танилган ёш хонандалар ҳам турмуш қургани боис саҳнани тарк этган.

Покистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари ва зиёлилар таниқли хонандаларнинг бирин-кетин саҳнадан тушиб бораётганини мамлакат шарқида жанггари гуруҳларнинг босими ортиб бораётгани билан боғлайдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG