Линклар

logo-print

Ўзбек-тожик чегарасини аниқлаш бўйича давлатлараро комиссияси фаолияти феврал ойида қайта тикланадиган бўлди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири муовини Шамсиддин Зоҳидов ўз идораси қўшни республикалар – Ўзбекистон ва Қирғизистон билан чегараларни делемитациялаш ва демаркациялаш жараёнини тезлаштириш лозим деб билишини айтди.

- Афсуски Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараларини делемитациялаш ва демаркациялаш бўйича давлатлараро комиссия фаолиятида “катта танаффус” бўлди. Яқинда томонлар мазкур комиссия ишини қайта тиклашга келишиб олди. Феврал ойида ўзбек биродарларимиз бу томонга келади ва комиссия иш бошлайди, - деб билдирди 27 январ куни ўтган матбуот анжуманида Ташқи ишлар вазири муовини Зоҳидов.

Тожикистон расмийсидаги маълумотларга кўра, мустақилликнинг ўтган 20 йили ичида Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларининг 80 фоизи аниқлаб олинган ва республика парламентлари томонидан ратификация қилинган.

- Чегараларимизнинг яна 20 фоиздан камроғи аниқланмай қолган. Бу асосан Сўғд вилоятидаги ҳудудлардир, -деди Зоҳидов.

Расмий маълумотларда айтилишича, ўзбек-тожик давлат чегараларида юзга яқин баҳсли нуқталар мавжуд. Аммо улардан тўрттаси энг баҳсли ҳудуд ҳисобланади. Тожикистон шимолида жойлашган Фарход ГЭСи ва унинг тўғони мазкур тўрт ҳудуднинг биридир.

2010 йилнинг июлида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат Ташқи ишлар вазирларининг Тошкентда бўлиб ўтган йиғилиши доирасида учрашган Тожикистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлари Фарҳод ГЭСи масаласини вақтинча кун тартибидан олиб қўйишга келишиб олгани айтилганди.

Тожикистон ҳукумати мулозимлари ўзбек-тожик чегарасида аниқланмай қолаётган тўртта ҳудуд атрофидаги баҳслар ҳали анчага чўзилиши мумкинлигини истисно қилмайди.

-Бу баҳсли ҳудудларни аниқлаштириш қийин кечаяпти. Чунки ҳар бир қарич ерни аниқлаштириш керак. Бу жуда кўп вақт ва сабр талаб қилади. Баъзида томонлар қисман бўлса ҳам ўз мамлакати ва халқи манфаатларини ҳимоялашга уринади. Менимча, бу оддий ҳол. Бу фақат тожик - ўзбек чегарасидагина мавжуд муаммо эмас, - деган эди Тожикистон Адлия вазири муовини Абдуманнон Холиқов чегара масалаларига бағишлаб ўтказилган бир тадбирда.

Айни пайтда ўзбек-тожик чегарасининг баҳсли ҳудудларида истиқомат қилувчи икки қўшни республика фуқаролари чегаралардаги ноаниқликлар сабаб нохуш вазиятларга дуч келишмоқда. Масалан, Ўзбекистон ҳудудига кўпинча ноқонуний ўтаётган шимолий тожикистонликлар минага учиб ногирон ёки ҳалок бўлаётгани кўп қайдга олинган.

- Миллий хавфсизлик масалалар ва чегаралардаги муаммолар ҳамда қўшни республикалар билан давлатлараро муносабатларни ҳал қилиб олиш мақсадида Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларини делимитациялаш ва демаркациялаш комиссия иши фаоллаштирилиши лозим, - деди бугунги матбуот анжуманида тожик дипломати Шамсиддин Зоҳидов.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан давлат чегаралари 1332 километрни ташкил қилади. Чегараларни аниқлаш бўйича давлатлараро комиссия 2002 йилда тузилган эди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири муовини Зоҳидов, шунингдек, 2012 йил қўшни Қирғизистон билан чегараларни делемитациялаш ва демаркациялашда ҳал қилувчи йил бўлишини айтди.

Расмийга кўра, ҳозирда Қирғизистон билан тахминан 1000 километрга чўзилган чегаранинг 50 фоизи аниқлаб олинган.
XS
SM
MD
LG