Линклар

Ўзбекистондаги энг йирик корхона раҳбари коррупцияда айбланмоқда


Навоий комбинати Ўзбекистондаги энг йирик олтин қазиш корхонасидир.

Навоий комбинати Ўзбекистондаги энг йирик олтин қазиш корхонасидир.

Навоий кон-металлургия комбинати директори Қувондиқ Санақуловнинг Тошкентга чақиртирилиб¸ иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ ҳибсга олингани айтилмоқда.

Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) давлат корхонаси Бош директори
Қувондиқ Санақуловга қарши жиноий иш очилди¸ деб хабар қилди РИА Новости ахборот агентлиги Ўзбекистондаги ўз манбаларига таяниб.

Бу хабар ортидан Озодлик комбинатга¸ аниқроғи Бош директор қабулхонасига сим қоқди.

Санақулов котибаси бу хабарни на тасдиқлай ва на инкор қила олишини билдирди.

- Менда ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ. Мен бу хабарни на тасдиқлай ва на инкор эта оламан. Ҳозирча Санақулов расман комбинатнинг раҳбари. Бу ҳафта у ишда эмас¸Ўзбекистон ташқарисида хизмат сафарида. Келаси ҳафта ишга қайтиши керак. Унинг қайтиш-қайтмаслиги ҳақида расман буйруқ олмагунимча¸ ҳеч нарса айта олмайман¸ деди Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонаси Бош директори Қувондиқ Санақулов котибаси.

27 январ куни НКМК расмий сайтида Қувондиқ Санақулов ҳамон корхона Бош директори сифатида тақдим этилганича қолди.

27 январ куни НКМК расмий сайтида Қувондиқ Санақулов ҳамон корхона Бош директори сифатида тақдим этилганича қолди.

Айни пайтда¸ Озодлик мухбири комбинатнинг расмий сайтида қўйилган бошқа рақамларига ҳам сим қоқиб¸ гўшакни кўтарган расмийдан сал фарқли ахборот олди.

- Биз бундан бехабармиз¸ душанба куни унинг ишга қайтишини кутаяпмиз. Ҳозир директор ишда эмас. У Тошкентга командировкага кетган¸ деди комбинатнинг ўзини таништирмаган бошқа ходими.

Россия матбуотининг ëзишича¸ 2008 йилда Ўзбекистондаги энг йирик муассаса ҳисобланган Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонаси Бош директори лавозимига тайинланган Санақулов коррупцияда айбланмоқда.

Навоийдаги комбинат асосини олтин ва уран қазиш ташкил этса-да¸ унинг фаолияти кенг қамровли ва ош тузи ишлаб чиқаришдан тортиб қурилиш материаллари саноатини ҳам ўз ичига олади ва дунë бўйича энг йирик олтин қазувчи корхоналар ўнлигига киради.


Қувондиқ Санақуловнинг комбинат расмий сайтидан олинган сурати.

Қувондиқ Санақуловнинг комбинат расмий сайтидан олинган сурати.

2008 йилда Навоий НКМКга Бош директор қилиб тайинланган 55 яшар Қувондиқ Санақулов собиқ Бош вазир ўринбосари ва президент томонидан тайинланадиган 16 нафар сенаторнинг бири; техника фанлари доктори¸ Ўзбекистондаги қозоқ диаспорасининг таниқли намояндаси¸ "Дўстлик" ордени соҳиби¸ асли самарқандлик.

Олтин қазиб олувчи бу комбинатнинг олдинги Бош директори¸ собиқ сенатор Николай Иванович Кучерскийнинг 2008 йилда Москвага қочиб кетгани ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Аммо 2008 йил декабрида Озодлик мухбири билан Тошкентдан туриб гаплашган Кучерский¸ бу овозаларни рад қилиб¸ ўзининг қанд касали билан оғриши ва Москвага бир неча кунлик муолажага ҳам президент Каримов рухсати билан бориб келаëтганини билдирган эди.

Ҳозирда Кучерскийнинг қаерда қолаëтгани номаълум. Навоий кон-металлургия комбинати фаолияти билан бевосита таниш мутахассиснинг Озодлик билан суҳбатда ўз исми сир тутилиши шарти билан айтишича¸ Кучерский кетиб¸ ўрнига Санақулов тайинланганидан сўнг¸ Ўзбекистоннинг энг бой ва қудратли корхонаси таназзулга юз тутган.

Николай Кучерский олтин қуймаси билан.

Николай Кучерский олтин қуймаси билан.

- Кучерский директор бўлган пайтда Кончилик институтида мен ҳам ўқиганман. У кетгандан кейин комбинатнинг 50 фоиз рус ишчилари ариза ташлади бўшаймиз¸ деб. Катта-катта малакали мутахассислар Россияга кетиб қолди. Кучерский кетгандан кейин Навоийда ҳам ҳамма нарса орқага кетди. Умуман свет ўчмасди Навоийда. Ҳозир свет ўчаяпти. Навоий шаҳри бўйича газлар ўчиб, аста-аста орқага кетаяпти. Горний комбинат ҳамма нарсага ҳомийлик қилар эди. Институтда ўқиëтган ҳамма боланинг контрактини тўлар эди. Австралия, Америкада ўқиган болаларга ҳам ҳаммасига горний комбинат ҳомийлик қиларди. Меникини ҳам горний комбинат тўлаган Кучерский пайтида.

Комбинат қошидаги заводларнинг фақат биттасидагина ўзида 10 минг одам ишлайди. Зарафшон, Учқудуқ, Нуробод, Зафаробод, Бухорогача горний комбинатнинг цехлари, заводлари бор. Зафаробод деган жой бор. Бу Бухоронинг Ғиждувон туманига қарайди. Ўша ерда уран бор, цех бор. Ўша ерда лабораторияда ишлаган лаборанти тўрт миллион ойлик олади. Катта ойлик берилади у ерда. Энг оддий ишчиси 728 минг оларди. Лабораторияда ишлайдиганлар 12 миллионгача ойлик олади. Аммо ҳозирга келиб¸ бу комбинатнинг таназзулга юз тутгани кўриниб қолди¸ дейди НКМК фаолиятидан бевосита хабардор Озодликнинг Навоийдаги манбаси.

1958 йилда Учқудуқ олтин кони ëнида ташкил қилинган мазкур комбинат гидро ишлов йўли билан қумдан олтин заррачаларини ажратиб олишга ихтисослашган.

Комбинатда¸ тахминларга кўра¸ йилига 20 тонна олтин ишлаб чиқарилади. Аммо Ўзбекистон ҳукумати бу комбинат ва унинг фаолиятига оид маълумотларни¸ давлат сири сифатида жамоатчиликдан бекитиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG