Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:23

Бугун Холокост қурбонлари хотирланмоқда


27 январ куни Холокост қурбонлари хотирланмоқда. 1940-45 йиллар давомида нацистлар қўлидан 6 миллион яҳудий ҳалок бўлган. Уларнинг ярим миллиони болалар бўлган. Орадан қарийб 70 йил ўтиб Европада антисемитизм кайфияти сақланиб қолаётганини айтишмоқда тадқиқотчилар.


БМТ Бош Ассамблеясининг қарори билан, 27 январ кўплаб мамлакатларда Холокост қурбонлари хотираси куни сифатида нишонланади. Германияда эса бу кун 1996 йилдан буён ўша пайтдаги мамлакат президенти Роман Ҳерцогнинг таклифи билан Нацистлар режими қурбонлари куни сифатида нишонланиб келади.

Германия Бундестаги бу тадбирга бағишлаб махсус йиғилиш ўтказади, минтақаларда нацистлар томонидан йўқ қилиб ташланган миллионлаб бегуноҳ инсонларни хотирлаш учун тадбирлар уюштирилади.

Жумладан, Хотира кунида нацист Германиясида геноцидга учраган яҳудийлар хотирланади.

Европада нацистлар томонидан яҳудийларни миллат сифатида тугатиш режаси, яъни Холокостнинг фаол раҳбарларидан бири, Освенцим газ камераларида яҳудийларни йўқ қилишга ижозат берган эсэсчи Адолф Эйхманнинг шахсан ўзи 1962 йилда Қуддусда бўлиб ўтган суд давомида 6 миллион яҳудий ўлдирилганини тан олган.

Бироқ Европада ирқчилик кайфиятлари кейинги пайтда яна юзага чиқаётганини айтишади кузатувчилар.

Хусусан, бир неча кун олдин Германия парламенти буюртмасига кўра бир гуруҳ тарихчилар антисемитизм ғояларининг мамлакатда қанчалик тарқалгани борасида ўтказган тадқиқот натижалари эълон қилинди.

Тадқиқотчилар хулосаларига кўра, 20 фоиз немислар латент, яъни яширин антисемит эканлиги аниқланган. Дюсселдорфнинг “Райнише Пост” бу ҳақда бундай ёзди: “Тан олиш керак: Германияда антисемитни топиш қийин бўлмай қолди. Жамиятимиз тўғрисидаги бундай мудҳиш хулоса бизни фикрлашга ундаши керак. Биз узоқ вақт давомида инсон ўз тарихидан тўғри хулоса чиқара олади, ўрганади, деган ҳаёлда юрдик”.

Тарихчилар комиссияси докладида, шунингдек, ўнг экстремистлар ва радикал исломчиларнинг интернетда фаоллашаётгани, ҳам улар, ҳам булар Холокостни инкор этаётганликлари ва яҳудийларнинг оммавий қирғинига оид ҳужжатлар сохталаштирилганини иддао қилаётгани кузатилган.

Комиссия аъзоларидан бири Петер Лонгрих (Peter Longerich) гапиради.

- Бизнинг тадқиқотда сиёсий экстремизмнинг турли йўнилишидаги антисемитизм тўғрисида махсус бўлим мавжуд. Бу бўлимда ўнг экстремизм бугунги кунда яҳудийларга қарши қарашларнинг тарқашида асосий ўрин эгаллаётгани кўрсатилган. Бу жамиятнинг бугунги кўриниши ва бош кўтараётган ўнгчиларнинг назорат остидан чиқиб кетаётганидан даракдир, дейди тарихчи Петер Лонгрих.

Шу йилнинг 26 январида инглиз матбуотчиси МакГии “маърифат тарқатиш мақсадида” Гитлернинг “Майн Кампф” асари таҳлилига оид китобчаларни чоп этиш ниятини билдирди. Бироқ Бавария Молия вазирлиги қаршилиги билангина бу режа амалга ошмай қолди.

“Майн Кампф”нинг легаллашиши учун қанчалик асос бор? Очиқчасига хавфли ғояларни тарғиб этувчи бундай “асар”ларнинг чоп этилиши Германияда фашизмнинг янги кўринишда бош кўтаришига олиб келмасмикан, дея савол қўйяди Германиянинг собиқ канцлери Герхард Шредернинг матбуот котиби, сиёсатшунос Уве-Карстен Хайе шундай фикрда.

- Ҳар ҳолда, мен бундай матнларнинг чоп этилишидан қўрқиш учун асос кўрмаяпман. Одамлар бу матнлар асосида замонавий тарихимиз қандай вужудга келгани, қандай ғоялар билан суғорилганини ўрганадилар, бундай ҳолатлар қайта такрорланмаслиги учун мафкуравий кураш олиб бориш ва уларни инкор этишни ўрганадилар, дейди сиёсатшунос Уве-Карстен Хайе.

Холокост қурбонлари хотирасига бағишланган кун олдидан олиб борилган сўровга кўра, 18 дан 30 ёшгача бўлган 20 фоиз ёшлар Освенцим сўзини мутлақо билмаслиги аниқланган. Германия неонацизмга қарши курашни давом эттириш ниятида.
XS
SM
MD
LG