Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:56

"Президентга рахмат, кеча 40 минут чироқ ўчмади"


Бу гапни Озодликнинг "Эркин микрофон"ига Яккабоғдан сим қоққан Адолатхон айтди. Унга кўра, кунига 20 минутдан берилаётган электр энергияси кеча 40 минутгача ўчирилмаган.


“Ҳокимлар ерни расво қилиб бўлди”

дейди Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидан бўлган собиқ фермерлардан бири, Озодликнинг Эркин микрофонида гапирган самарқандлик тадбиркорнинг фикрларига муносабат билдирар экан.

- Самарқандлик бир тадбиркор “Мен Америкага кетишга мажбур бўлдим. Азоб бўлди менга Ўзбекистонда ишлаш” деб гапирди. У одамнинг гапидан хулоса қилса, Ўзбекистонда ҳокимлар ишлагани қўймайди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи одамлар ишлагани қўймайди, деди-да. Шу одамнинг гапида жон бор. Мен шуни айтмоқчи эдим.

Озодлик: Жон борлигини сиз қандай асослаб бера оласиз?

- Мен яшаб турган ҳудудларда шундай бўлаяптики, ўнталаб фермер тугатилди ва жойлари тендерга қўйилди, деб матбуотда эълон қилинаяпти-да, унинг ўғлига, акасига, укасига ҳужжат қилиб бериб юборилаяпти-да. Олдин фойдаланиб 40-50 центнердан ғалла, пахта олиб юрган бўлса ерлардан, асосан 2006 йилдан кейин мана шундай далалар пайдо бўлиб қолдики, ҳеч нарса экилмайди йил бўйи.

Озодлик: Демак, ўртада коррупция бор?

- Ҳокимларнинг президент олиб бораëтган сиëсатга қаршилигини ҳам тушунмайман. Уч-тўрт йилдан бери ҳеч нарса экилмайдиган, 40-50 центнердан буғдой олиниши мумкин бўлган жойлардан шу бугун бир нарса олинмай, 60-80-100 гектардан эгаллаб юрган одамлар ҳеч нарса экмайди. Ҳеч нарса топширмайди. Лекин шу одамлар ҳокимлар учун яхши. Ерни олиб ишлайман, баҳоли қудрат давлатта пахта бераман, ғалла бераман, виждонан ишлайман деган одамлар битта-яримта, жуда ҳам кам. Битта-яримтаси чиқса одамларни тендердан умуман ўтказмайди. Ўзбек миллати сифатида келажакда Ўзбекистон давлати қурилиб мана шундай ободончилик, халқнинг фаровон яшашини хоҳлайман деган, шунинг устида мутасадди бўлиб турган вазир ëки бўлмаса қишлоқ ва сув хўжалиги ходимлари, ким бўлса мана менинг координатимни беринг гаплашаман. Мен Ўзбекистон фуқаросиман. Ўзбек халқининг миллат сифатида сақланиб қолиши тарафдориман, - дейди қизириқлик суҳбатдош.


“Маҳбуслар қийноқлардан азоб чекмоқда”

дейди Қашқадарё вилоятининг тергов изоляторларида етти ой ўтириб чиққан қашқадарёлик тингловчи. У хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини илтимос қилди.

- 2009 йил туҳмат уюштириб мени ичкарига олишди.

Озодлик: Ичкари деганингиз қаер?

- Отбозорга турмага олишди. Ўша темада гап-сўзлар бўлган эди. Мана шу тазйиқлар кўп, жуда кўп босим, Косон изоляторига, Бешкент, Қарши, айниқса Қарши шаҳарники шундай айтиб бўлмас даражада ҳолат.

Озодлик: Нима учун? Қийноқлар кўпми?

- Қийноқлар кўп, шароит йўқ.

Озодлик: Изоляторда қанча бўлдингиз сиз?

- 7 ой бўлдим.

Озодлик: Қийноқлар қандай? Ўзбекистон ҳукумати "қийноқлар йўқ", деб иддао қилади.

- "Қийноқлар йўқ", дейди ҳақиқатан. Мен ҳукуматимизнинг, президентимизнинг ҳамма нарсасига қўшиламан. Лекин у нарсалар ичкарида бўлмаяпти-да. Бажарувчилар шу нарсани умуман эътиборга ҳам олишмайди-да. Айтилган гапларнинг мингдан бири ҳам бўлмайди.

Озодлик: Мисоллар билан айтинг.

- Мана диний мотив билан ушланганлар, бир хил давлатга зарар етказганлар борку, шуларга ëмон қаттиқ азоб берилади. Яшаш шароити оғир. Уради, сўкади, оғзидан онангни ............. сўзи кетмайди. Бисмиллаҳир роҳмани роҳийм демайди, онангни ........... деб бошлайди. Ўшаларнинг битта-яримтаси ўша ерда ўзининг ибодатини қилмоқчи бўлади, уларнинг аҳволи умуман оғир.

Бўлар-бўлмас гаплар билан 20 йил ўтирган одамларни яна олиб келиб ўтирғизаяпти. Мен “Бу ерда ўтирганларнинг кўпининг бўйнига ҳали ҳеч нарса қўйилгани йўқ. Ўғирлик қилган бўлса ҳам шунинг учун жазосини олади. Нимага буларга азоб берасизлар? Нима керак бундай қилиш? Овқат бундай, кўрпа-тўшаклар эшакнинг ëпинғичидай бўлиб ëтибди. Нимага буларни қилмайсизлар?” дедим.

Комиссия келганда ҳаммасини қилади. Овқати ҳам зўр бўлади. Кундуз кунлари умуман дам олгани қўймайди. Шулар ҳам ҳаммаси босимда. Кўрпа-тўшакни олиб қўяди. Темир каравот. Ўтирсангиз, глазокдан қараб туради-да, чақириб туриб уради. Ана шундай ҳолатлар, - дейди Қашқадарëнинг тергов изоляторларида 7 ой ўтириб чиққан суҳбатдош.


“Мен ҳам президентимизга бир раҳмат айтай”

дейди ҳар куни 20 минут ёнган чироғи энди 40 минут ёнаётганидан хурсанд бўлган яккабоғлик тингловчи Адолатхон.

- Эшиттиришларингизни ҳар кун радиодан эшитиб ўтирамиз. Кеча Сарвар Усмон олиб борган эшиттириш роса қизиқ бўлди-да. Ҳаммаси радиодан чиқиб мақтаб ëтибди Ўзбекистонни. Мен ҳам Ўзбекистон ҳақида мақтайман девдим-да. Зўр, гуллаб-яшнаяпти Ўзбекистон. Қуруқ ëмонласак ҳам бўлмайди-да Ўзбекистонни. Светларимиз ҳақида айтаман. Мана кундан кунга ëруғ бўлиб кетаяпти. 20 минут 20 минутдан светлар бераяпти. Кеча 40 минут берган эди болаларимиз хурсанд бўлиб қолди, бор эканку свет деб. Светларимизни мақтайман девдим-да. Бунинг учун президентимизга раҳмат демоқчи эдим. Миннатдорчилик билдирмоқчи эдим. Ҳамма қор ëғса ҳам, ëмғир ëғса ҳам президентимизга рахмат дейди-ку. Мен ҳам 40 минут ëнган свет учун раҳмат айтмоқчи эдим-да. Радиодан чиқиб хурсандчилигимни билдириб қўймоқчи эдим, - дейди яккабоғлиқ суҳбатдош Адолатхон.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG