Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:39

Ўзбекистон атроф-муҳитни ҳимоя қилишда ҳам энг орқада.


Ўзбекистон ҳукумати Орол денгизининг қуришини нафақат минтақа¸ балки бутун ер юзи иқлими учун фалокат эканини таъкидлаб келади. Орол денгизининг Европа Фазо агентлиги сунъий йўлдоши томонидан 2009 йилда олинган сурати.
Ўзбекистон ҳукумати Орол денгизининг қуришини нафақат минтақа¸ балки бутун ер юзи иқлими учун фалокат эканини таъкидлаб келади. Орол денгизининг Европа Фазо агентлиги сунъий йўлдоши томонидан 2009 йилда олинган сурати.

Ҳукуматларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш сиëсати ва унинг амалдаги вазиятини тадқиқ қилган АҚШнинг нуфузли Yale ва Colombia университети олимлари Ўзбекистонни ўтган йилги аҳвол учун 132 давлат киритилган рўйхатнинг 130 ўрнига қўйишди.

Инсон ҳақлари¸ демократия¸ сўз ва эътиқод эркинлиги¸ қийноқлар ва коррупция каби ўнлаб мезонлар бўйича дунëдаги ëмонларнинг ëмони сафида қолиб келаëтган Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукумати атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳам айни шундан энг ëмон баҳо олди.

Ўзбекистон расмийларининг минтақа ва халқаро майдонда атроф-муҳитни асрашга қаратилган турли тадбирларда фаол қатнашаëтгани¸ Марказий Осиë ва қолган дунëни экологик ҳалокатдан асраб қолиш ҳақида БМТ минбарларидан туриб мунтазам хитоб қилаëтгани¸ Ўзбекистонда Экологик ҳаракат тузилиб¸ унга сайловларсиз парламентдаги 15 та ўрин совға қилингани ҳам ҳисобот муаллифлари ëндашувини юмшата олмаган кўринади.

Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши¸ иқлим ўзгариши¸ инсон саломатлиги¸ био хилма-хиллик¸ балиқ ва ўрмон муфоҳазаси каби 10 та мезон бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг 2011 йилги кўрсаткичлари 132 давлат рўйхатининг энг тубига қўйилган Ироқ ва Туркманистондангина тепадан – 130 поғонадан жой олди.

Жаҳон банки ва БМТ каби халқаро ташкилотлар ҳисоботлари асосида ҳозирланган янги индекс 132 давлат ҳукуматининг ҳам 2011 йилги амалий ëндашуви¸ ҳам унинг кейинги 10 йил давомидаги фаолиятини сарҳисоб қилади.

Маркази Yale университетида жойлашган мазкур лойиҳа директори Angel Hsu Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон¸ йиллик кўрсаткич бўйича рўйхат тубидан жой олганига қарамай¸ 10 йиллик вазият борасида анча яхши кўрсаткичларга эришгани ва 69-ўринга қўйилганини айтади.

- 2012 йилги Атроф-муҳит ҳимояси индексида Ўзбекистон умумиятла 130-ўринга қўйилди¸ аммо 10 йиллик тамойиллар бўйича Ўзбекистоннинг вазияти ëмон эмас. 10 йиллик сарҳисоб бўйича улар 69-ўринда ва бу АҚШдан яхшироқдир. Ўзбекистонни пастга тортаëтган мезонлар сув¸ био хилма-хиллик¸ ҳабитат ва иқлим ўзгариши вазиятидир. Айни пайтда Ўзбекистон бу мезонлар¸ хусусан инсон саломатлиги категориясида ўз кўрсаткичларини яхшилашга уринмоқда. Шу боис¸ мамлакатнинг 10 йиллик тамойилларида анча ижобий натижа кузатилади¸ дейди индекс муаллифи.

Озодлик мухбири 27 январ куни Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтаëтган Жаҳон иқтисодий форумида жамоатчиликка тақдим этилган Атроф-муҳит ҳимояси индексига муносабат олиш мақсадида Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг парламентдаги фракциясига сим қоқди.

Ўзини таништирмаган эколог-депутатлардан бири¸ ўз фракцияси “Интернетда ҳар кун пайдо бўладиган бундай ножиддий ҳисоботларга муносабат билдирмаслиги¸ биринчи галда¸ ундан хабари йўқлигини” таъкидлади.

2012 йилги Атроф-муҳит ҳимояси индексида¸ Ўзбекистон ҳукумати Марказий Осиë экологиясига энг кўп зиëн етказаëтганликда танқид қилиб келаëтган Тожикистон ҳукуматининг экологик сиëсати Тошкентникига нисбатан анча юқори баҳоланиб¸ ундан қарийб 10 поғона юқорига - 121-ўринга қўйилган.

Ўзбекистон ҳукумати дунëдаги энг баланд тўғонлик Роғун ГЭСи қурилиши ва Турсунзодадаги Алюминий заводини минтақа атроф-муҳитига энг жиддий таҳдид сифатида талқин этиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG