Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:20

Тожикистон хитойларга ер бераяпти


Хитойлик фермер Тожикистоннинг Бўстонқала қишлоғида теплица қурди.
Хитойлик фермер Тожикистоннинг Бўстонқала қишлоғида теплица қурди.

Тожикистон ҳукумати мамлакат ҳудудида шўрланиш оқибатида камҳосил бўлиб қолган қишлоқ ҳўжалик ерларини хитойлик деҳқонларга ижарага бера бошлади.

Тожикистон Қишлоқ хўжалик вазирлиги қарори билан республика жанубидаги Ёвон, Румий ва шу каби бир қатор туманлардаги тахминан 7 минг гектар шўрланган экин майдонлари Хитой халқ республикаси фуқароларига ижарага берилди.

Мамлакат Қишлоқ хўжалик вазирлиги масъулларининг айтишича, яроқсиз ҳолатга келиб қолган ерни хитойликлар замонавий технология асосида яна ҳосилдор ерларга айлантириш шарти билан олган.

Хитойлик деҳқонлар Қишлоқ хўжалик вазирлиги билан имзолаган шартномага мувофиқ бу ерлардан олинган ҳосилни фақат Тожикистон бозорларига сотувга чиқаради.

Вазирлик масъули Нарзулло Додобоевнинг айтишича, хитойликлар ана шу мақсадда икки миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизган.

- Хитойликлар яроқсиз ва шўрланган ерларни аввалги ҳолатига қайтариш мақсадида бу ерларни ижарага олган. Бу ерлар учун сарфлаган харажатини қоплаш учун хитойликларга камида беш йил вақт лозим бўлади. Уларнинг ҳам бизнинг ҳам мақсадимиз ерларни нормал ҳолатга қайтариш ва ундан олинаётган ҳосил билан ички бозорни бойитиш, - деди Нарзулло Додобоев.

Расмий келгусида республиканинг бошқа ҳудудларидаги шўрланган ерлар ҳам хитойлик деҳқонларга ижарага берилишини қўшимча қилди.

Маълумотларда айтилишича, ижарага олинган ерларга хитойлик деҳқонлар асосан шоли экади.

Бироқ соҳа бўйича мустақил таҳлилчилар хитойликлар Тожикистон ерларини ижарага олиш баробарида бу заминда ўрнашиб қолиш мақсадини кўзлаганини айтадилар.

Тожикистон қишлоқ хўжалик собиқ вазири Ваҳоб Воҳидов шўролар замонида республика жанубидаги айрим ерлар кореяликларга ижарага берилганини, уларнинг деҳқончилик соҳадаги малакаси ва сармояси эвазига ерларнинг ҳосилдорлиги анча яхшиланганини эслайди.

Айни пайтда Ваҳоб Воҳидов хитойликларга ижарага берилган Румий ва Ёвон туманларидаги ерлар шоли экишга умуман тўғри келмаслигини айтди.

- Шуни назарга олган ҳолда, хитойликларнинг шўрланган ерларни аввалги ҳолатига қайтаришга урунишларида самимийлик сезилмаётгандек. Бу хитойликлар Россиянинг Сибирида анчадан буён муаммо яратиб келмоқда. Улар Сибирни деярли эгаллаб бўлди. Қалбаки ҳужжатлар билан у ерда ишлашади. Сибир дарахтларини кесиб, Хитойга юборишади. Мана бизда ҳам “шоли экаман”, деб Румий ва Ёвондан ер олишибди, лекин у ерлар шоли экиш учун мос бўлмаган ҳудуд саналади. Хитойликлар ерларимиздаги муаммоларни бартараф қилишдан кўра кўпроқ бу томонларда жойлашиб қолишни ният қилган бўлса ажабланмайман, - дейди собиқ вазир Ваҳҳобов.

Тожикистон расмийлари аввалроқ республика жанубидаги Фархор туманидаги ерларнинг бир қисмини хитойликларга ижарага берган эди. Бироқ чегара хизмати Афғонистон билан чегарадош бўлган мазкур ҳудудда хитойлик деҳқонларнинг фаолиятини таъқиқлаган.

Республиканинг Румий, Абдураҳмон Жомий ва Ёвон туманларидаги ерларнинг ажнабий деҳқонлар ихтиёрига топширилиши тожикистонликлар орасида турли баҳсларга сабаб бўлаётир.

- Шу ерларни маҳаллий деҳқонларга бўлиб берса бўлади-ку. Республика ҳудудининг атиги 7 фоизи экин ерлардан иборат, ўзимизга ер етишмайди. Шу шароитда шартмиди бегоналарга ерларни бўлиб бериш? Бунинг оқибати нима бўлади, билмаймиз, - дейди исмини айтмаган бу суҳбатдош.

-Бизда замонавий технология ва малакали мутахасислар йўқ. Менимча, яроқсиз ерларни аввалги ҳолатига қайтариш учун хорижликлар кучи ва тажрибасидан фойдаланиш яхши натижа беради, - дейди Тожикистон Қишлоқ хўжалик унверситети студенти Абдулло Зарипов.

Ўтган йили Тожикистон баҳсли ҳудудининг 3 фоизини расман Хитой Халқ республикаси ихтиёрига топширгани ортидан тожик жамиятида баҳслар кучайганди.

Мустақил таҳлилчилар Тожикистоннинг ўз ҳудудини Хитой ихтиёрига топшириши бу мамлакат асосий қонунига зид тарзда, яъни ўша ҳудуд аҳолиси розилигисиз амалга оширилганини айтган эдилар.
XS
SM
MD
LG