Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:03

Баҳсли ҳудуддаги газ конлари яна талашга тушди


Қирғизистонга тегишли, аммо Ўзбекистон фойдаланаётгани иддао қилинаётган газ конлари масаласи яна кун тартибига чиқди.

Қирғиз парламенти депутати Улуғбек Қўчқоров Қирғизистонга тегишли газ конларини ва газ омборларини Ўзбекистон ноқонуний ишлатиб келаётганини иддао қилаётган сиёсатчилардан бири. Озодлик депутатдан ўз иддаосини далиллар билан тушунтириб беришни илтимос қилди.

Улуғбек Қўчқоров: Ўзбекистон 20 йилдан бери Қирғизистон ҳудудида газ қазимоқда

Озодлик: Улуғбек Тўйчибоевич, бир неча йилдан бери қирғиз томони Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара ҳудудида жойлашган нефт ва газ конлари Қирғизистонга тегишли эканини иддао қилиб келади. Куни кеча бу масала парламентда яна бир бор кўтарилди. Бу иддаони тасдиқловчи бирон-бир ҳужжат ёки далил мавжудми?

- 1992 йилда МДҲ раҳбарлари томонидан муайян бир объектлар қайси давлат ҳудудида жойлашган бўлса, ўша мамлакат ихтиёрида қолдирилиши ҳақидаги шартнома имзоланган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ Қирғизистоннинг Боткен вилояти Бурганди массивида жойлашган нефт ва газ конлари қирғиз давлати ихтиёрига берилиши лозим эди. Бироқ 20 йилдан бери бу масала ҳал қилинмай келинаяпти.

Қирғизистон парламенти 2011 йилнинг 13 майида 428-сонли қарор билан ҳукуматга мазкур нефт ва газ қонларини Ўзбекистондан қайтариб олиш ҳақида кўрсатма берган. Қарорда газ ва нефт конлари 2011 йилнинг 1 сентябригача Ўзбекистондан олиниб, Қирғизистон балансига ўтказилиши шарт экани белгиланган. Лекин шу кунгача ҳукумат бу кўрсатмани бажаришга ожизлик қилмоқда.

Озодлик: Ҳукумат бу қарорни бажаришга нега ожизлик қилмоқда? Бу ҳақда ҳукумат томонидан тушунтириш берилдими?

- Халқ ҳам, депутат қаторида мен ҳам ҳукуматдан бу борада тушунтириш берилишини талаб қилаяпмиз. Саволимиз битта: нега шу кунгача газ ва нефт конлари Қирғизистонга қайтариб олинмади?

Боткенликлар: “Агар ҳукумат бу муаммони ҳал қила олмаса, бизга ваколат берсин. Биз ўзимиз ҳал этиб оламиз”, дейишмоқда. Боткенликлар ўтган йили ўша ҳудуддаги нефт ва газ конларида ишлаётган Ўзбекистон фуқароларини “Сизлар бу ерда ноқонуний ишлаяпсизлар”, деб ҳайдаб чиқаришган эди. Бироқ ҳукумат расмийлари: “Бу масаланинг ҳал этилишига озгина вақт қолди. Яқин кунларда бу конлар Қирғизистон ихтиёрига ўтади”, деб халқни тинчлантирган ва Ўзбекистон конлардан фойдаланишда давом этган эди. Бироқ ҳукумат ўшанда боткенликларга берган ваъдасини ҳалигача бажаргани йўқ.

Биз мазкур масалани парламентнинг феврал ойидаги йиғинлари кун тартибига киритмоқчимиз ва ҳукуматдан конларни қайтариб олиш масаласи нега ҳал этилмаётгани юзасидан ҳисобот талаб қилмоқчимиз.


Газ ва нефт конлари аслида кимники экани аниқ эмас

Қирғизистон томони баҳсга сабаб бўлаётган газ ва нефт конлари 1955 йилда ишга туширилгани ва ўша йили Москва буйруғи билан Ўзбекистонга ижарага берилганини иддао қилиб келади. Боткен вилоят ҳокимияти эса 2011 йилнинг 1 январига қадар мазкур конлардан фойдалангани учун Ўзбекистон Қирғизистонга 15 миллион доллар миқдорида қарз бўлиб қолгани ҳақида баёнот тарқатган.

Бироқ қирғиз расмийларига кўра, расмий Тошкент бу иддаоларни инкор қилиб келмоқда. Тошкент расмийлари фикрича, газ ва нефт конлари ҳамда омборлари Ўзбекистон маблағи ҳисобига қурилган. Бундан ташқари расмий Тошкент талашга тушган нефт ва газ конлари мавжуд ҳудуд айни пайтда баҳсли экани, бу ерда чегара чизиғи ҳалигача аниқланмаганини билдирмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати мазкур ҳудуд қайси давлатга тегишли экани Ўзбек-Қирғиз чегарасини демилитация ва демаркациялаш бўйича ҳукуматлараро комиссия томонидан аниқлангачгина, газ ва нефт конлари масаласи ҳал бўлишини қирғиз ҳукуматига маълум қилган.
XS
SM
MD
LG