Линклар

Украина GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган Chevrolet русумидаги автомобиллар импортига 2011 йил октябр ойида жорий қилинган квотани бекор қилди.


Украинанинг Халқаро савдо алоқалари бўйича идоралараро комиссиясининг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларган белгиланган квотани бекор қилиш ҳақида 2012 йил 23 январ куни қабул қилган қарори 27 январдан кучга кирди.

Мазкур Комиссиянинг 2011 йил 30 июн кунги мажлисида Украинада ишлаб чиқарилган, нархи ўртача 6 минг 690 АҚШ долларини ташкил қилган енгил автомобилларга Ўзбекистонда 69,9 фоиз акциз солиғи белгилангани, Россияда ишлаб чиқарилган шу каби автомобилга беш фоиз акциз солиғи билгилангани, бу билан Ўзбекистон бозорида украиналиклар учун тенг бўлмаган шароит яратилгани қайд қилинган.

Идоралараро комиссия мамлакат Ташқи ишлар вазирлигидан Ўзбекистондаги мутасадди ташкилотларга баҳсли вазиятни кўриб чиқишни ва унга ечим топиш таклифи билан мурожаат қилишни сўраган.

РБК ахборот агентлиги хабарига кўра, украиналик автомобил ишлаб чиқарувчилар уюшмаси “Укравтопром”нинг мурожаати асосида мамлакатга хориждан автомобиллар импорт қилиш масаласи ўрганиб чиқилган.

Текширув натижасида мотор ҳажми 2,2 литргача бўлган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларини 2014 йилнинг 31 июлига қадар Украинага йилига уч донадан олиб киришга рухсат бериш таклиф қилинган ва бу таклиф ўтган йил ноябр ойида кучга кирган.

Жорий йилдан Ўзбекистон ҳукумати вазиятни ўнглаш чораларини кўрди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ўтган йил 30 декабрдаги фармонига кўра, 2012 йил 1 январидан бошлаб, Украина ва Россиядан Ўзбекистонга сотиш учун ёки вақтинчалик олиб кирилган автомобиллар учун Республика йўл жамғармасига йиғимлар олинмаслиги белгиланди.

Украина GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган Нексия ва Матиз русумидаги енгил автомобилларни импорт қилиб келган.

Киевдаги AUTO-Consulting ширкати маълумотига кўра, 2010 йилда Украина Ўзбекистондан 3109 та, 2011 йилнинг 9 ойи давомида эса 5205та автомобил импорт қилган.

GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган Chevrolet автомобиллари Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Молдова, Украина, Беларус, Грузия, Арманистон, Туркманистон ва Афғонистонда ҳаридоргир бўлиб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG