Линклар

Германиянинг Ҳамбург шаҳрида 28 январ куни бокс бўйича ўта оғир вазндаги собиқ жаҳон чемпиони ўзбекистонлик Руслан Чагаев ва тринидад-ва-тобаголик Кертсон Менсуэлл ўртасида саккиз раундлик рейтинг жанги бўлиб ўтади.


Ўзбекистонлик бокс ишқибозлари бу жангни катта қизиқиш билан кутмоқдалар. Боиси Руслан ўтган йил 27 август куни Германиянинг Эрфурт шаҳрида бўлган жангда россиялик рақиби Александр Поветкинга фақат очколар бўйича ютқазган эди.

Жангга ҳозирлик кўраётгани учун Руслан билан сўзлашишнинг имкони бўлмади. Аммо унинг ҳамкасби, бокс бўйича енгил вазндаги ўзбекистонлик собиқ жаҳон чемпиони Артур Григорян Озодликка Руслан бугунги жангга жиддий тайёргарлик кўрганини айтди.

- Ҳаммаси яхши. Руслан жанговор кайфиятда. Тайёргарликлар ҳаммаси олий даражада боряпти. Худо хоҳласа у бугун яхши жанг намойиш қилади, - деди Артур Григорян.

33 ёшли Руслан Чагаевнинг 35 яшар рақиби Кертсон Менсуэл 25та жанг ўтказиб, 22тасида ғалаба қозонган, учта ўйинда ютқазган, 17 ўйинни нокаут билан тугатган. У 2009 йилда супер оғир вазнда Тринидад ва Тобаго чемпиони бўлган.

Иккала қўли билан кучли зарбалар бериш қобилиятига эга бўлгани учун "Оқ Тайсон" лақабини олган Руслан Чагаев профессионал рингда 27та жанг ўтказиб, 24тасида ғалаба қозонган, иккита ўйинда мағлубиятга учраган, бир ўйин дуранг билан тугаган. Руслан ҳам Кертсон каби 17та ўйинни нокаут билан тугатган.

Григорян жанг натижаларига кўра Руслан ва Кертсоннинг рейтинги бир хил эканини айтди.

- Руслан олдинги мағлубиятидан жиддий хулосалар чиқариб, йўл қўйилган хатоларини ҳисобга олган ҳолда бугунги жангга пухта тайёрланди. Ҳамкорлари ва мураббийлар билан олий мақомда тайёргарлик кўрди. Шунинг учун бу галги жангга ҳам худди дунё чемпионатига тайёрлангандек машқлар ўтказди, - деди Артур Григорян.

Руслан Чагаев ва Кертсон Менсуэлл ўртасидаги жанг Тошкент вақти билан 29 январ 00:30да бошланади. Григорянга кўра, бу жанг Вoxing.de ва Bild.de Интернет сайтлари орқали намойиш қилиниши режаланган.

Universum Box-Promoition промоутерлик компанияси уюштираётган мусобақада бокс ишқибозлари 12та жангни томоша қиладилар.

WBC Baltic унвони учун ўта оғир вазндаги жангда Артур Григорян мурабийлик қилган россиялик Денис Бойцов ҳам америкалик боксчи Дарнел Вилсонга қарши рингга тушади.

Руслан Чагаев бир неча йилдан буён Ҳамбургдаги Universum Box-Promotion клубида шуғулланиб келади.

У 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган эди.

Артур Григорян Озодликка Руслан Чагаев яна жаҳон чемпиони бўлиш ҳаракатида эканини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG