Линклар

logo-print

Тушдан кейин важоҳатли опа келиб, бизга суддагиларнинг “таклифномаси”ни ташлаб кетди. Судга келишимиз билан икки полициячи хар биримизга иккитадан қоғоз тарқатиб чиқди.

Бирида суднинг қонуний ўтгани, шикоятимиз йўқлиги, адвокат хизматимизни қилгани, таржимонга эҳтиёжимиз йўқлиги ёзилган экан. Шартта қўл қўйиб, қоғозни қайтариб бердик.

Иккинчи қоғозда суднинг ҳукми ёзилган эди. Энди ўқий бошлаганимда, полициячи навбатим келганини айтиб, бир хонага олиб борди.

Ичкарига кирсам иккита аёл ўтирибди, бири кинодаги судяларга ўхшайди, жингалак сочлари судялар киядиган “парик” ўрнини босиб турибди.

Иккинчи аёл компьютерда берилиб, қарта ўйнаётган экан. У бир марта ҳам монитордан бошини кўтармади.

Судя опа фамилиямни сўрагач, олдида тахланиб турган қоғозлар орасидан юпқа папкани топди.

- Мен судяман, бу аёл сизнинг адвокатингиз, ишингиз билан танишдик. Кўринишдан туппа- тузук йигит экансиз, тилимизни яхши биларкансиз. Бизга саволларингиз борми?,- деди.

Ортидан даров қўшиб қўйди:

- Агар саволларингиз бўлмаса, сизга рухсат, навбатдагилар кирсин,- дея судя опа ҳам компьютерда қарта ўйнашни бошлади.

Судга кириб чиқишга икки минутдан ошиқ вақт кетмади. “Чекистлар” деган кинода ҳар бир одамга уч минут вақт ажратилар эди. Бу опалар уларнинг шогирди бўлса керак, “устоздан ўзмаган шогирд, шогирдми?”

Тунги соат ўн бирда машинада икки полициячи ва олти ўзбек “спецприёмник”ка келдик.

Иккита дарвозадан ўтиб, бир қаватли бино ичига кирдик. Бизни олиб келган полициячилар қайтиб кетишди.

Бу ердагилар биз билан танишиб чиққач, барчамизни ечинтириб роса текширишди. У ёққа эгилиб, бу ёққа эгилиб, ўтириб - туриб қоматимизни кўз-кўз қилдик. Худди моделлар танловида қатнашгандай.

Кейин “хоналар кам, одам кўп, сизларни битта, иккитадан бўлиб жойлаштирамиз” дейишди.

Бригадиримиз кўпни кўрган одам, биздан кўра бир-икки памперсни кўпроқ йиртган, дарров полициячилар билан шивирлашиб тил топишди.

Кейин ёнимиздаги бор пулни бериб, қўшимчасига қозоқ амакига қўнғироқ қилиб, назоратчиларнинг телефонига пул ўтказиб бердик.

Натижада VIP дея таърифланган тўрт кишилик хонага олти ҳамқишлоқ жойлашдик.

Хона кичик бўлиб, икки қаватли каравотдан иккитаси ёнма –ён қўйилган, ўртада кичкина стол. Кўрпа-тўшаклар уч кишига етди. Бурчакда ғишт билан ўралган хожатхона бор.

Кўк чойга “давление” тушиб, қора чойга кўтарилиб кетишини эслаб, сув ичиб, ёта қолдик. Юқоридаги каравотга чиқиб, кимдир ташлаб кетган пўстинни думалоқлаб ёнбошлаб, суд қарори ёзилган қоғоз билан танишиб чиқдим.

Меҳмондўстликда қозоқлар биздан ўтса ўтарканки, қолишмас экан. Меҳмоннинг иззати уч кун деган гапга амал қилишган шекилли, бу ерга уч кунга “дам олиш”га юборишибди.

Қўшни хонадаги икки тожик бола овқат маҳали ҳаммага хизматда бўлишди. Овқатлари ёмонмас, нолимайман.

Фақат ошпазларнинг тажрибаси камроқ шекилли, қозоннинг ўтини доим эрта ўчириб қўйишади.

Ошпазнинг шогирди паришонхотир бўлса керак, қозонга гўшт солишни унутиб қўяди.

Назоратчилар елиб-югуриб хизматимизни қилишади, барака топгурлар.

Атрофдаги дўконлар қиммат шекилли, назоратчилар пулимизга буюртма берган нарсаларнинг ярмини олиб келади.

Биз 8-хонадамиз, 6-хонада хоразмликлар, 21- да қашқадарёликлар.

Туйнукдан бошимизни чиқариб:

-Олтинчи, олтинчи, мен саккиз, мен саккиз, нос борми?,- деб сўраймиз.

-Мен олтинчи, саккиз сизни тушундим, навбатчи ўтиб қолса бериб юбораман,- деган жавоб бўлади.

Ётган жойингизда “Ўзбеклар борми?” деб бақирсангиз, ҳатто полициячилар хонасидан ҳам “Бор!” деб ҳайқиришади.

Уч кундан сўнг полициячи опага совға - саломни бериб, бундан буён меҳмондорчиликка чақириб овора бўлмаслигини айтиб, қозоқ амакининг уйига келдик.

Қўшни қиз мени кўриб яшнаб кетди. Кечқурун у сувга чиққанида мен ҳам қайта-қайта кетмон, куракларни ювиб келдим.

Бу ердаги ишимизни битириб, яна икки ойча қозоқ амакининг қариндошлариникида хизматда бўлиб, ёмғирли куз кунларида ватанга йўл олдик.

Шундай қилиб илк халқаро сафарим ниҳоясига етди.

Ҳали ҳеч кимга айтмадим, янги сафарга ҳозирлик кўряпман. Ҳамма “Россия, Россия” дейди, мен ҳам қизиқиб турибман.

Россияга қишлоқда мендан бошқа ҳамма бориб келди-ёв. Ҳатто оқсоқол Нурилло бова ҳам яқинда олган кампирини қолдириб, баҳорда кетмоқчи. Оқсоқолнинг бригадасига қўшилиб олсаммикин.

Хайр узун сочли Қарлиғашим, омон бўлсак учрашармиз...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG