Линклар

Олмаотада митинг ташкилотчилари ҳибс этилди


Шанба куни Олмаотада ўтган митингда мингга яқин киши иштирок этгани айтилмоқда.

Шанба куни Олмаотада ўтган митингда мингга яқин киши иштирок этгани айтилмоқда.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 28 январ куни ўтказилган митинг ташкилотчилари бир неча кун ҳибсда сақланадиган бўлди.

Шанба кунги митинг тинч ўтганига қарамай, ўша куннинг ўзида Олмаота шаҳар туманлараро маъмурий суди митинг уюштирувчилари бўлган Қозоғистон Умуммиллий социал-демократик партияси (УСДП) лидерлари Амиржан Қўсанов, Амирбек Тўғусовни 15 сутка, Бўлат Абиловни эса 18 сутка ҳибсда сақлаш (уч суткаси унинг “судга ҳурматсизлик кўрсатгани учун” қўшиб берилган) ҳақида қарор чиқарди.

УСДП ҳамраиси Жармахан Туяқбай.

УСДП ҳамраиси Жармахан Туяқбай.

Бу ҳақда хабар қилган Озодлик радиоси қозоқ шўъбасининг ёзишича, суд УСДП ҳамраиси Жармахан Туяқбайга қарийб 30000 минг танга ёки тақрибан 200 АҚШ доллари миқдорида жарима солган.

Маълумотларга кўра, мингга яқин киши иштирок этган мазкур митингда Жанаўзен воқеалари чоғида Қозоғистон фуқароларига қарши ўқотар қуролдан фойдаланган расмийлари хатти-ҳаракатлари қораланган, президент Назарбоевдан Манғистау вилоятида содир бўлган фожеа сабабларини холис текшириш ва мухолифат вакилларини жиноий таъқиб қилишни тўхтатиш талаб қилинган.

2011 йилнинг 16 декабр куни Манғистау вилояти Жанаўзен шаҳрида Қозоғистон мустақиллиги куни оммавий тартибсизликлар юзага келган, натижада камида 17 киши ҳалок бўлганди. 64 киши тан жароҳати олган бу тартибсизликлар чоғида 125 объектга шикаст етказилган ва таланган. Шундан сўнг Жанаўзенда президент Назарбоев фармони билан фавқулодда ҳолат жорий қилинган бўлиб, унинг муддати 31 январ куни тугаши керак.

Расмийлар рухсати олинмаган кечаги митингда биринчи бўлиб сўзлаган УСДП ҳамраиси Бўлат Абилов Қозоғистоннинг Евросиё иттифоқига қўшилишига мутлақо қарши эканини билдирган.

УСДП ҳамраиси Бўлат Абилов.

УСДП ҳамраиси Бўлат Абилов.

- Биз ортга қайтишни истамаймиз. Биз Путин ва Лукашенко билан бирга яшашни хоҳламаймиз, - деди Бўлат Абилов.

Унинг фикрича, Қозоғистоннинг Евросиё иттифоқига кириш-кирмаслиги расмийлар томонидан эмас, умумхалқ референдуми орқали ҳал этилиши керак.

Митингнинг айрим иштирокчилари Жанаўзендаги воқеалар билан 1986 йил декабрида Олмаотада бўлиб ўтган Желтўқсон воқеалари ўртасидаги ўхшаш ва фарқли жиҳатлар ҳақида ҳам сўзлаганлар. Хусусан, шоир ва сиёсатчи Мухтар Шаханов сўзларига кўра, 1986 йил декабрида “ҳатто Қизил империя қўшинлари ҳам” қозоқ ёшларини тарқатишда ўқотар қуролдан фойдаланган эмас.

Гулжан.Орг портали бош муҳаррири Гулжан Ергалиева.

Гулжан.Орг портали бош муҳаррири Гулжан Ергалиева.

Гулжан.Орг интернет портали бош муҳаррири Гулжан Ергалиева эса Жанаўзендаги воқеалар учун президент Нурсултон Назарбоев жавобгарлиги ҳақидаги масалани кўтариш лозимлигини билдирган. Бу каби нутқлар янграётган пайтда оломон ичидан “Назарбоев – кет!” чақириқлари эшитилиб турган.

Ергалиева президент Нурсултон Назарбоев Жанаўзен фожеаси юзасидан холис ва ҳаққоний текширув ўтказиши ва бу ишнинг Остонадаги айбдорларини, уларнинг эгаллаган мақомига қарамай, номма-ном айтиши лозимлигини билдирган.

Шу йилнинг 25 январ куни “Қозоғистон” телекомпанияси орқали сўзлаган Бош прокурор Асхат Даулбаев Жанаўзендаги тартибсизликлар чоғида намойишчиларга қарата ўт очишда айбдор деб қаралаётган бир неча полиция масъули ҳибсга олинганини, шунингдек, маҳаллий аҳоли орасида олти киши тартибсизлик уюштирувчиси сифатида ушланганини билдирди. Даулбаевга кўра, Жанаўзен воқеаларини текшириш доирасида “Алға” партияси ва “Халиқ майдани” (Халқ жабҳаси) ҳаракатининг раҳбарлари ва фаол аъзолари Владимир Козлов, Айжангул Амирова и Серик Сапарғали ҳам ижтимоий низо қўзғашга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG