Линклар

logo-print

БМТ вакиллари Теҳронда сўзлашувлар олиб бормоқда


Халқаро атом энергияси агентлиги инспекторлар гуруҳи раҳбари Ҳерман Накертц, Вена, 2012 йил 28 январи.

Халқаро атом энергияси агентлиги инспекторлар гуруҳи раҳбари Ҳерман Накертц, Вена, 2012 йил 28 январи.

Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги инспекторлари Эронга келгани борасида умидворлик билдирди.

БМТ экспертлари Эроннинг ядровий дастурига оид саволларга жавоб олиш учун сешанба кунига қадар бу мамлакатда бўлишни режалаган.

Халқаро атом энергияси агентлиги ноябр ойида эълон қилган ҳисоботида дастурнинг айрим жиҳатлари фақат ҳарбий соҳага тааллуқли эканини билдирган.

Солиҳий мазкур ташрифдан “мўъжизалар” кутмаётганини, аммо бу “дастлабки қадам” эканини айтди.

- Қисқа қилиб айтадиган бўлсам, мен бу ташрифдан умидворман. Мен бир кечада мўъжиза юз баришини назарда тутаётганим йўқ. Узоқ сафар биринчи қадамдан бошланади, - деди Эрон Ташқи ишлар вазири.

Солиҳий БМТ экспертлари ташрифи чоғида Эрондаги барча ядровий объектларга боришлари мумкинлигини қўшимча қилди.

Халқаро атом энергияси агентлиги экспертлари якшанба куни Эрон расмийлари билан музокараларни якшанба куни бошлади, бироқ сўзлашув тафсилотлари очиқланмади.

БМТ агентлиги инспекторлар гуруҳи бошлиғи Ҳерман Накертц Венадан Теҳронга жўнаб кетиши арафасида журналистларга мулоқот анча вақтдан бери тўхтаб қолганини таъкидлаб, Эронни БМТ вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирган эди.

Эрон парламенти раиси Али Ларижоний мазкур ташриф Халқаро атом энергияси ташкилоти учун “синов” бўлишини айтди. Ларижоний агар БМТ агентлиги “Ғарбнинг воситаси бўлмаса” ва “профессионал” ишласа, Эрон ҳамкорлик қилишини айтди.

БМТ инспекторлар гуруҳи Қум шаҳри яқинидаги тоғда жойлашган Фардо бункерига боришлари тўғрисида миш-мишлар тарқалган эди.

Халқаро атом энергияси агентлиги расмийлари бу маълумотни инкор қилди.

Эрон Теҳрондаги тиббий реакторда фойдаланиш учун Фардода уран 20 фоизгача бойитилганини билдирган.

Халқаро ҳамжамият Теҳрон яширинча оммавий қирғин қуроллари яратишга уринаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдириб келади. Эрон эса ўз ядровий дастури тинч мақсадларга қаратилганини таъкидлаб, Ғарб иддаоларини рад қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG