Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:21

Ислом Каримов 74 га кирди


Ўзбекистонни йигирма икки ярим йилдан буён узлуксиз бошқариб келаётган Ислом Каримов 30 январ куни 74 ёшга тўлди.

Каримовнинг Ўзбекистонга дарғалик қилиши ўтган асрнинг 1989 йилининг июн ойида - Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий комитети биринчи котиби вазифасига келган пайтидан бошланган.

1990 йил 24 мартида Ўзбекистон ССР Олий Совети сессиясида у президент этиб сайланган.

1991 йил декабрида ўтган алтернатив сайловларда (мухолифат вакиллари бу сайловда натижалар сохталаштирилганини таъкидлаб келади) Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

1995 йил 26 мартида ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига мувофиқ, унинг президентлик ваколатлари 2000 йилгача узайтирилди. Шу йили ўтган ва алтернатив сайлов экани иддао қилинган президентлик сайловларида Каримов яна осонлик билан ўз курсисида қолишга муваффақ бўлди.

2002 йил 27 февралида ўтказилган умумхалқ референдумида Ислом Каримовнинг президентлик ваколатлари 5 йилдан 7 йилга узайтирилди.

2007 йилнинг 23 декабрида ўтган сайловда яна президентликка сайланган Каримов мазкур олий мансабда 2014 йилгача ўтириш имкониятига эга бўлди.

Аслида Ўзбекистон Конституцияси ХIХ бобининг 90-моддасида “бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас”лиги қайд этиб қўйилган. Бироқ ўтган йиллар мобайнида турли пишангларни ишга солиб келган Ислом Каримов шу пайтгача иқтидорда қолишни уддаламоқда.

Ана шундай пишанг – қонунчилик ташаббусларидан бири 2011 йил охирида Каримов томонидан кўтарилган бўлиб, мамлакат Сенати маъқуллаган мазкур таклифга мувофиқ, Ўзбекистонда президентлик муддати 7 йилдан 5 йилга қисқартирилди.

Жорий президентлик ваколати 2014 йилда тугайдиган Ислом Каримовнинг бундай ташаббуси ортидаги асл муддао¸ таҳлилчилар тахминича¸ амалда унинг ваколатларини янада узайтириш бўлиши мумкин. Зеро, президентлик муддатини узайтириш ëхуд қисқартиришга оид қонун қабул қилиниши ортидан Каримовга ўзгартирилган муддат бўйича яна икки марта сайланиш ҳуқуқи берилади.

Президентлик ваколати муддатининг қисқартирилиши тўғрисидаги қонун ортидан Ўзбекистонда 2012 йил декабрида муддатидан аввал президентлик сайловлари ўтказилиши мумкин.

Бундай бўлган тақдирда президентлик ваколатини яна нолдан бошлаши тахмин этилаëтган Ислом Каримов Ўзбекистон Олий Мажлиси тасдиқлаган қонун бўйича 2022 йил охирига қадар президентликда қолиши мумкин.

Бироқ Каримовнинг президентлик муддатини қисқартириш ташаббуси ўзидан кейинги вориснинг майдонга чиқиши учун майдон ҳозирлаш бўлиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмаётган таҳлилчилар ҳам йўқ эмас.

Ўзбекистон қонунчилиги бўйича 1998 йилдаёқ пенсия ёшига етган Ислом Каримов сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан мудом танқид қилиб келинади. Хусусан, ўтган йили дунёдаги нуфузли оммавий ахборот воситаларидан бири бўлган CBSNews корпорацияси президент Каримовни узоқ йиллар давомида ҳокимиятда қолаётган диктаторлар рўйхатига киритганди.

Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин”лиги ёзиб қўйилган. Аммо президентликка сайланиш учун зарур бўлган минимал ёш қайд этилмиш мазкур моддада максимал ёш цензи белгилаб қўйилмаган (масалан, Ўзбекистонга қўшни бўлган Қирғизистонда 70 ёшдан ошган фуқароларга президентликка номзодини қўйиш ҳуқуқи берилмайди).
XS
SM
MD
LG