Линклар

Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиси ўлдирилди


Ўзбекистон исломий ҳаракатининг янги етакчиси Усмон Одил

Ўзбекистон исломий ҳаракатининг янги етакчиси Усмон Одил

Афғонистондаги халқаро кучлар матбуот хизматининг маълум қилишича¸ шимолий Таҳор вилоятида ўтказилган қўшма амалиëтлар натижасида ЎИҲ худкушлар маркази раҳбари ўлдирилган.


Афғонистон армияси ва халқаро коалиция кучларининг 29 январ куни ўтказилган қўшма амалиëти натижасида ўлдирилган Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчисининг исми Илҳом экани айтилмоқда.

Халқаро кучлар матбуот хизматига кўра¸ ўлдирилган жанггари Ўзбекистон исломий ҳаракатининг террор ҳаракатлари амалга оширишга масъил худкушлар бригадасига бошчилик қилган.

Мазкур гуруҳнинг 2011 йилнинг 25 декабр куни Таҳор вилояти расмийларига қарши уюштирган худкушлик ҳужуми оқибатида афғон расмийларидан бири ўлдирилган ва худкушлар марказига қарши афғон ҳамда халқаро кучлар амалиëтининг ана шу ҳужумга жавоб тариқасида амалга оширилгани айтилмоқда.

Шунингдек¸ мазкур амалиëт оқибатида жанггарилардан яна бири ўлдирилган¸ биттаси қўлга олинган.

Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Интернетдаги саҳифасидаги Илҳом исмлик жанггарининг ўлдирилганига оид ҳеч қандай маълумот йўқ. Бунинг ўрнига ҳаракат бош саҳифасида Абдул Ҳамид исмлик жанггарисининг Уругзайдаги жангларда яраланиб¸ вафот этгани хабари қўйилган.

Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош 2009 йилнинг августида Покистоннинг қабилалар назоратидаги ҳудудларида ўтказилган амалиëт пайтида ўлдирилган эди.

Шундан сўнг Тоҳир Йўлдошнинг куëви Усмон Одил ҳаракат раҳбари этиб тайинланган¸ аммо ЎИҲга яқин манбалар Тоҳир Йўлдош ўлимидан сўнг ҳаракатнинг парчаланиб¸ кичик-кичик гуруҳларга бўлиниб кетганини айтмоқдалар.

Ўзбекистон исломий ҳаракати асли наманганлик Тоҳир Йўлдош ва Жума Наманганий томонидан 1998 йил охирида Толибон ҳукмронлигидаги Афғонистон ҳудудида таъсис этилган эди.

2001 йил Афғонистондаги АҚШ ҳарбий амалиëтлари пайтида ҳаракатнинг ҳарбий қўмондони Жума Наманганий ўлдирилганидан кўп ўтмай¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати Покистоннинг Афғонистон сарҳадларига туташ қабилалар ҳудудида жойлашган эди.

Аммо АҚШ ва Покистон армиясининг бу ҳудудларни жанггарилардан тозалаш амалиëтларининг кучаюви оқибатида ҳаракат аъзоларининг кичик-кичик гуруҳларга бўлиниб¸ қайта Афғонистонга ўтгани айтилади.

Ўзини Ўзбекистон режимига қарши мухолиф куч эканини даъво қиладиган Ўзбекистон исломий ҳаракати 1999 йилда Сурхондарë вилоятининг тоғли ҳудудларига ҳужум қилиб¸ сўнгра Афғонистонга чекинган эди.

Ал-Қоида террор тармоғининг таркибий қисми сифатида кўриладиган ЎИҲ Ўзбекистон ва АҚШ ташаббуси билан дунëдаги террор ташкилотлари рўйхатига киритилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG