Линклар

74 ёшини нишонлаётган Ўзбекистон Республикаси президентига унинг туғилган куни муносабати билан нима тилаган ва шу куни у киши билан учрашиб қолсангиз унга нима совға қилган бўлардингиз?


Бу икки савол билан “Ҳафта саволи” рукни остида Ўзбекистон ва унинг ташқарисида яшаётган тингловчиларимизга мурожаат қилдик.

Саолларимизни дастлаб Ислом Каримов мансуб бўлган авлод вакили, андижонлик оқсоқол Садирохун акага бердик.

-Тилагим шуки, имкон борича, халқ ва миллат ғамини ейдиган президент бўлса! Масалан, бизда электр токи бир соат-ярим соатгина берилаяпти. Пенсияларимизни бир ой, икки ойдан кейин олаяпмиз.

Президентга китоб совға қилган бўлардим. Қанақа китоб бўлсаям, барибир. Чунки китобда аҳлоқ-одоб жуда кўп бўлади.

Андижон вилоят атроф-муҳитни ҳимоя қилиш қўмитаси бўлим мудири Акмалжон Мирзахўжаев:

-Аввало оилавий бахт тилайман. Бахтимизга соғу саломат бўлсин. Юртимизни кўтариб, одамларни кўтаринки руҳда сақлаб, юртимизда тинчликни сақлаб юрганига раҳмат. Совғам, соғлиқ-да, энди. Соғлиқ совға қилган бўлардим.

Ўзбекистон Эрк демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳ:

- Ҳар бир инсон зотининг бу дунëга келиши агар бу дунë учун ва инсонлар учун хайр бўлса, унинг туғилиши ҳақиқатан ўзини оқлаган бўлади. Афсуски, Ўзбекистон тепасида ўтирган ҳозирги раҳбарнинг туғилиши Ўзбекистонга хайр олиб келмади ва бу кунда унга айтадиган менинг илиқ сўзим йўқ. Чунки 22 йиллик ҳукмронлик даврида халимиз ҳам иқтисодий, ҳам сиëсий, ҳам ижтимоий жиҳатдан энг тубанларга тушди ва бугун Ўзбекистон бутун дунë давлатларининг ичида энг паст савияда кўринаяпти ҳисоботларда. Бунинг ҳам асосий сабабчиси Ўзбекистонни 22 йилдан бери бошқариб келаëтган инсоннинг зиммасига тушади. Ўша инсондир сабабчиси. Шунинг учун бугун туғилган куни ҳақида бирор-бир илиқ сўз айта олмайман.

Фарғона вилоят, Сўх туманида яшовчи 45 ёшдаги ўқитувчи Камолиддин:

- Биринчи тинчликни сақлаяпти, яна тинчликни сақласин. Борда энди жамиятда, ҳаëтда ҳар хил табақадаги инсонлар. Баъзи соҳаларда адолат бўлсин дейман. Аҳамият берсин. Ҳаëтдаги нималар бошлиққа етиб бормайди дейишади. Ўзининг линиялари билан агар имкони бўлса, халқ ўртасига кириб бориб халқнинг ичида бўлишини хоҳлардикда. Совға тинчликни сақлагани учун раҳмат. Алоҳида совғам йўқ. Миннатдорчилик ҳам катта совғаку.

Исмини айтмаслигимизни сўраган Ўзбекистон халқ шоири:

- Менинг табригим йўқ. У кишига табриклар учун одамлар баланд пиллапояларда ўтиради. Бизлар жуда фақир одамлармиз. Бизга йўл бўлсин табриклашга.

Тошкентдаги Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғини котибаси Дилдора:

- Бахтимизга соғ бўлсинлар. Давлатимиз тинч бўлсин. Унақа ëшлардан кўпини кўрсинлар. Нима совға қилган бўлардим? Билмадим. Унақа нималарга эҳтиëжлари бўлмаса керакку энг муҳими барибир яхши тилак. Кичкина одамми, катта одамми ширин сўз бўлса, яхши табрик бўлса, ўшанинг ўзи етади деб ўйлайман мен.

Москвадаги инсон ҳуқуқлари “Мемориал” марказининг Ўзбекистондаги фаоли Мўътабар Аҳмедова:

- Мен уни президент сифатида қабул қилмайманда 1997 йилдан бери. Мен бу иддаойимдан қайтганим йўқ. Борган сари кучайди бу нарсаси. Шунинг учун унга қиладиган битта совғам, ҳозирги совғам, Оллоҳдан сўрайман буни, совғамас Оллоҳдан сўрайман, Ўзи унга кифоя қилсин.

Узньюс.нет Интернет нашри бош муҳаррири Галима Бухорбоева:

- У ёки бу шахснинг туғилган куни табаррук байрам ва шундан келиб чиқиб, албатта, Каримовни табриклайман. У кишининг ёши 74 га чиқди. Бунча ёшга чиққан одамдан ўзгариш кутиш қийин. Лекин мен барибир Каримовни ўзгариш ясашга, Ўзбекистон бошқа йўлдан ривожланишга уриниб кўришига имкон яратиш учун истеъфога чиқишга чақирган бўлардим. Чунки унинг мамлакат олдидаги “хизмати” Ўзбекистонни феодализм даврига қайтариш йўлидаги уринишларидир. Совға масаласига келсак, у кишининг моддий бойликларга эҳтиёжи йўқ. Каримовнинг ўзи ҳар бир ўзбекистонликка бир ғиштдан олтин, қизлари кийим-кечагу тақинчоқлар совға қилиши мумкин. Шунинг учун мен у кишига гул совға қилган бўлардим.

Хоразм вилоят Шовот туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими:

- Табриклар бўйича бошқа мутахассисларга қилиб кўринг. 877-51-877га. Йўқ, 51-799га чиқсангиз яхши. 34-51-799.

Қашқадарë вилояти, Қамаши туманидан 70 яшар Ҳасан бобо Чориев:

- Каримовни туғилган кунида ëмонлар эдим. 20 йилдан бери халқни қийнаб келаяптию. Халқни пичоқ, қилич билан ўлдирмай бигиз билан ўлдираяпти. Совуқ, свет йўқ, ичимлик суви йўқ. Қари одам ëши каттайгандан кейин калласи ишламай қолади. 70 ëшдан кейин давлат раҳбарлари сиëсатга бўлмайдида. Одам ëши ўтгандан кейин кўп нарсага қизиқмайдида. Мана ҳозир давлатни бошқаришнинг ўзи бўладими. Унинг учун юриш керак, тинмаслик керак, бош қотириш керак. Қари одам беш вақт намоз ўқиб Худо деб туриши керакда энди. Нимадан қўрқаман болам? 70га кирдим ўрта умримни кўрдим энди. Давлат мени пишириб ейдими нима қилса қилаверсин. Мен Америкага икки марта бориб келдим. Америкадаги тузумларни кўриб келдим. Барибир Ўзбекистон ватаним, туғилган жойимни соғинаман болам. У ердагидай эмасда бу. Қашқадарëда сув ҳам йўқда. Халқнинг оғзига сув тегмайдида. Сувга ҳам ëлчимайдида қаршиликлар.

Адабиëтшунос олим Бахтиëр Исабеков:

- Совғам тилак бўлиши мумкин. Чунки моддий совға қилишга менда у кишининг кўнглини оладиган имконият йўқ. Биринчидан, 1989 йилдан бери халқимизга қилган хизматларини аниқлаш, 1989 йилдан кейин меҳнатлари натижасини кўриш учун бир орқага қараб, ким эдигу ким бўлдик деган ўзлари қўйган саволга жавоб топишларини ва ўша жавобни кўнгилдан айтиб, яъни астойдил айтиб нимага эришганлигини, халқимизга хусусан ўзбек халқига қандай хизмат қилганликларини ўзлари кўриб назаридан ўтказиб холисанилло баҳо беришларини истардим. Яна бир тилагим бор эдики, менимча, у кишининг тарихда ўрни бор. Тарихда ўрни бор одам ўзлари қилган бутун фаолиятларини ўзлари бошчилигида тузилган конституцияга қиëслаб кўришларини тилаган бўлардим. Умуман мен ҳар қандай кишига, жумладан бу кишига тилайман. Умри Ўзбекистон халқига, Ўзбекистондан ташқаридаги ўзбекларга ҳам хизмат қила олишини ва тарихда Ислом Абдуғаниевич Каримов деган ўзбекнинг президенти ўтган эди деган номга лойиқ қолган умрларида ҳам бўлса ҳаракат қилишларини истардим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG