Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:43

Ўзбекистонда 1153 давлат амалдори қисқаради


Ўзбекистондаги давлат бошқарув тизимидаги мулозимлар беш фоизга қисқартирилади.

Ўзбекистон президенти 25 январ куни имзо чеккан “Республика бошқарув тизимидаги ходимлар сонини оптималлаштириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги фармонга кўра давлат бошқарув тизимида 1153 лавозим қисқартирилади.

Фармонга кўра, Ўзбекистондаги 21202 мулозим сони 20049 нафарга туширилади.

Ўзбекистон давлат қурилиш академиясининг исмини айтмаган ўқитувчиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда президент фармони айни муддао бўлганини айтади.

- Бу фармон сал олдинроқ имзоланганида жуда катта миқдордаги бюджет маблағи тежалган бўлар эди, дер экан суҳбатдош ўзбек бошқарув тизимида шаклланган бюрократиянинг ўзбек жамиятига ижтимоий таҳдид солаëтган учта салбий жиҳатига тўхталди.

- Амалдорлар оддий фуқародан мумкин қадар узоқлаштирилган. Пропуск тизими, панжара ва милиционерлар девори мулозимларни оддий одамлардан узоқлаштириб қўйган. Оқибатда мулозим ва фуқаро орасида жарлик вужудга келди.

Иккинчи муаммо, бу амалдорларнинг ўзини баланд тутиши билан боғлиқ. Улар ҳудди тош асрдаги кохинлар каби кибрга берилиб ўзларини бошқалардан устун деб билишади. Энг тубан мансабдаги саводсиз мулозим ҳам бемалол ўқитувчи ëки илмли одамни таҳқирлай олади.

Учинчи муаммо, давлат ҳизматчиларнинг ташаббуссиз, инерт ҳолатда экани. Улар нафақат ташаббус билан чиқмайди, балки ҳар қандай ташаббусни бўғишга интилади, дейди Ўзбекистон давлат қурилиш акадмеясининг исмини айтмаган ўқитувчиси.


Ишсиз амалдорлар тақдири

“Флейта учун унутилган куй” (Элдар Рязанов 1987 йили суратга олган ) филмида ишсиз қолган амалдорларнинг поездда тиланчилик қилаëтгани акс этади.

Бу филм қаҳрамонларидан фарқли ўлароқ, лавозими қисқартирилган ўзбек мулозимини бундай тақдир кутмайди.

Президент фармонида Ўзбекистон Мехнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ишдан бўшатилган мулозимларга иш топиб бериши ҳақида алоҳида кўрсатма ҳам бор.

Фармонга кўра, 2012 йил 1 мартдан бошлаб штат қисқаришини ҳисобга олган ҳолда мулозимлар вазифа доирасига оид маъромномалар чиқарилади.

Олдин муовинлар зиммасидаги баъзи вазифалар бошлиқ ваколат доирасига киритилади.


Штат қисқариши янгилик эмас

Ўзбекистон бошқарув органларида узоқ вақт ишлаб нафақага чиққан 66 яшар тошкентлик Фазлиддин ака назарида бу фармон давлат бюрократиясидаги вазиятни жиддий ўзгартирмайди.

- Мен туман мавқеидаги бошқарув ишларида 30 йилча ишладим. Ҳали совет даврида ҳам штат қисқарди деган гап бўлар эди. Бир икки муовин, бошқармага ўтиб кетар эди. Кейин эса ҳамма нарса ўз ўрнига тушади.

Фазлиддин ака назарида ишдан кетган минг киши яна бошқарув тизимидаги бошқа лавозим курсисига ўрнашади.

Бюрократия тарихи

Ғарбда давлат хизматчиларининг сони ва мавқеи улар ҳақидаги махсус қонунда аниқ белгилаб қўйилган.

Ўзбекистонда бундай қонун ҳали қабул қилинмаган. Кўп холларда давлат мулозимининг ваколатлари ноаниқ қолади. Бу ноаниқликдан фуқаролар ҳам, мулозимлар ҳам қийналаши кузатилади.

Давлатни юзлаб мулозимлар воситасида бошқаришнинг бугунги замонавий шакли 1745 йилда француз иқтисодчиси Винсент Де Гурне тарафидан таклиф қилинган эди. Де Гурне таклифи Франциядан кейин Чор Россиясида жорий бўлди.

Кейинчалик собиқ Совет Иттифоқида ҳам сал ўзгарган тарзда бу система сақлаб қолинди.

Ўзбекистондаги бошқарув тизимига ҳам совет мероси сифатида қаралади.
XS
SM
MD
LG