Линклар

logo-print

Каримовнинг 22 йиллик ҳукмронлиги Берлинда муҳокама қилинади


Термиздаги ҳарбий база Германиянинг ягона хорижий базаси ҳисобланади.

Термиздаги ҳарбий база Германиянинг ягона хорижий базаси ҳисобланади.

Каримовнинг 74 ëшига атаб Берлинда душанба куни ўтадиган анжуман АҚШ ва Германиянинг Ўзбекистон режимини қўллаб-қувватлаëтганидан баҳс қилади.

Германия Термиздаги база учун йилига 16 миллион евро тўлаб, мустабид режим пойдеворини мустаҳкамламоқда.

Нега НАТО араб баҳоридан кейин ҳам сабоқ чиқармай Каримовни молиявий қўллаб-қувватламоқда?

Душанба куни Берлинда иш бошлайдиган анжуман ана шу мунозарали савол устида қурилади.

Шарқий Европани ўрганиш Германия жамияти ва Ўзбекистонда сўз эркинлиги гуруҳи ташкил қилган бу анжуманда харбий база андишасида инсон ҳуқуқларига кўз юмаëтган немис ҳукумат сиëсати ва умуман Ғарбнинг Ўзбекистонга ëндашуви танқид остига олинади.

Анжуманда Германия Ташқи ишлар вазирлиги Кавказ ва Марказий Осиë бўлими бошлиғи Патрисия Флор, Human Rights Watch ташкилоти Европа ва Марказий Осиë бўйича директори Хью Вилльямсон иштирок қилади.

Шунингдек анжуманда Германияда сиëсий қочқинликда яшаëтган икки журналист Абдумалик Бобоев ва Галима Бухорбоевалар ҳам чиқиш қилиши кутилмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган Галима Бухорбоевага кўра, анжуман ўтказиш учун айнан 30 январ – Каримовнинг туғилган куни танланган.

- Ўзбекистон қамоқхоналарида минглаб эътиқод маҳбуслари қон тупураëтган пайтда Ислом Каримовнинг ўз туғилган кунини лавозим курсисида бемалол ўтказишида Германия ва НАТОнинг катта ҳиссаси бор, дейди Галима Буҳорбоева Озодлик билан суҳбатда.

Айнан шундан кейин Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги бемалол, қисиниб қимтилмасдан топталди, дея давом этади журналист.

- Бундан 10 йил аввал немислар ва америкаликлар Ўзбекистонга келганида Каримовнинг қувончдан ирғишлаганига гувоҳман. Каримов учун уларнинг келиши обрўдан ташқари ўз жонини қутқариш масаласи эди.

Мана сиз билан биз бемалол чой ичиб ўтирган пайтимизда ўзбек қамоқхоналарида эътиқод маҳбусларининг териси шилинмоқда.

Каримовнинг энг сўнгги ишини олсак. Жазо муддатини ўтаб бўлган Муҳаммад Бекжонга яна 5 йил қўшиб берди.

Безбетларча. Муҳаммад Бекжон фақат Эрк раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлгани учунгина шундай жазога тортилди.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг бугунги аянчли манзарасида Ғарб ва АҚШнинг ҳам ҳиссаси бор.

Биз бугун Каримовнинг 74 ëшга кирган турилган кунида ана шулар ҳақида гапирамиз, дейди Галима Бухорбоева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG