Линклар

Россия сиëсий мухолифатининг икки таниқли намояндаси якшанба куни мамлакатнинг кескин назоратда бўлган телеканаллари орқали кутилмаган чиқиш қилди.

Давлат Думасининг собиқ депутати ва рўйхатга олинмаган Парнас ҳаракати раҳбари Владимир Рижков 1 Каналда¸ ундан бир соатча ўтиб¸ Парнаснинг яна бир етакчиси Борис Немцов Газпром назоратидаги НТВ каналида чиқиш қилди.

Иккала суҳбат ҳам олдиндан ëзиб олиниб¸ таҳрир қилинган шаклда эфирга узатилган бўлса-да¸ уларда Бош вазир Путин танқид қилинган айрим ўринлар сақланиб қолинди.

"Мен кейинги беш йил давомида НТВ студиясига чақиртирилганим йўқ эди. Афтидан мамлакатда нимадир ўзгараяпти"¸ деган Немцов 4 март кунга белгиланган президентлик сайловида Россиянинг кейинги президентини Кремл эмас¸ балки сайловчилар белгилаши¸ бунинг учун эса¸ уларга танлов имкони берилиши лозимлигини таъкидлади.

-Ҳайрон қоладиган жойи¸ Елцин президентликда саккиз йил ўтирди. Путин эса ҳокимиятда аллақачон12 йил ўтирди ва яна 12 йил ўтиришни истаëтир. Етар энди. Путин ҳокимиятда Брежневдан кўпроқ¸ Сталиндан камроқ ўтирмоқчи бўлаяпти. Бу кимга керак? Ҳукумат алмашиши керак. Ҳокимият коридорларидаги ҳаво тозаланиши лозим¸ деди НТВда қилган чиқишида Россия мухолифати намояндаси Борис Немцов.

Айни пайтда¸ Москвадан олинган бошқа хабарда мактаб ўқитувчиларининг 4 феврал куни Путин тарафдорлари ўтказадиган намойишга чиқишга мажбурланаëтгани айтилмоқда.

Айни шу куни мухолифат “Ҳалол сайловлар учун!” шиори билан Москва марказида навбатдаги норозилик юриши ўтказишга ҳозирланмоқда.
XS
SM
MD
LG