Линклар

logo-print

Норвегия суди тошкентлик милиционерни озод қилди


Давид Якобсен (Алишер Абдуллаев).

Давид Якобсен (Алишер Абдуллаев).

Норвегия суди террорчилик фаолиятида гумон қилинган асли ўзбекистонлик Давид Якобсенга 4 ой қамоқ жазоси белгилади. Якобсен бу муддатни тергов мобайнида ўтагани боис у озодликка чиқарилди.

Норвегия суди душанба куни ўзбекистонлик Давид Якобсен (асл исми Алишер Абдуллаев) ни ҳибсдан озод қилди.

Унга белгиланган 4 ой қамоқ жазоси муддатни тергов мобайнида ўтагани боис Якобсен озодликка чиқарилди.

Давид Якобсен Норвегия полицияси тарафидан Муҳаммад пайғамбар (САВ) ҳажв қилинган карикатураларни чоп қилган Дания газетасига қарши террор ҳужуми уюштирмоқчи бўлганларга бомба ясаш учун кимëвий модда етказиб берганликда айбланган эди.

Маҳкама ишини кузатган инсон ҳуқуқлари фаоли Евгений Дяконовга кўра, Норвегия маҳкамаси Давид Якобсеннинг шериги хитойлик уйғур Майкл Довудни етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Жараëннинг яна бир иштирокчиси ироқлик курд Шаван Содиқ уч ярим йилга қамалган.

Айблов хулосасига кўра, улар Шимолий денгиздаги бир нечта нефт платформаларини портлатиш ва Данияда Муҳаммад Пайғамбарни ҳажв этган карикатурачини ўлдиришга тил бириктирган.

Алишер Абдуллаев Норвегияда 2002 йилда қочқинлик мақоми олгач, чечен аëлига уйланиб ўз исмини Давид Якобсен деб ўзгартирган.

Норвегияда яшаëтган инсон ҳуқуқлари фаоли Евгений Дяконовга кўра, Алишер Абдуллаев Тошкентда милиция лейтенанти бўлиб ишлаган.

Дяконовнинг айтишича, у 2009 йилнинг ноябр ойидан Норвегия хавфсизлик хизмати (PST) информатори бўлиб ўз шериклари ҳатти-ҳаракатлари ҳақида хабар бериб келган ва шу сабабли унга енгил жазо берилган.

Бу воқеа маҳаллий оммавий ахборот воситаларида “Норвегиянинг 11 сентябри” деб ном олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG