Линклар

Европа ва араб давлатлари Сурияда президент Ассад режимига қарши 10 ойдан бери давом этаётган зўравонликка чек қўйишга қаратилган Араб Лигаси ишлаб чиққан режани қўллаб-қувватламоқда.


Араб Лигаси Бош котиби Набил ал-Арабий ва ташкилотнинг Сурия бўйича қўмитаси раҳбари, Қатар Бош вазири Шайх Ҳамад бин Яссим ал-Таний БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларини янги ҳужжат билан таништиради.

Араб Лигаси ишлаб чиққан режада Сурияда муваққат бирлик ҳукумати тузилишига имконият яратиш учун Башар ал-Ассад президентлик салоҳиятларини ўринбосарига топширишига даъват қилинган.

Хавфсизлик кенгашида вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлган Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин резолюция лойиҳасининг айрим бандларига эътироз борлиги аммо бу борада музокара олиб бориш мумкинлигини айтди.

Россия Хитой билан бирга аввалги резолюция лойиҳасига вето қўйган.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Сюзан Райс дунё ташкилотини беш мингдан ортиқ одам қурбон бўлган Суриядаги зўравонликларга "бепарво" бўлиб туришни тўхтатишга чақирди.

- Бизнингча, бу резолюция мазмуни аниқ ва равшан. Бу ерда, базилар иддао қилганидек, санкциялар, куч ишлатиш ёки куч қўллашга таҳдидлар йўқ. Бу ерда ҳаммага маълум бўлган воқеалар қораланган, Сурия ҳукумати Араб Лигасига берган ваъдасини бажаришга чақирилган ва Араб Лигаси ишлаб чиққан режа тасдиқланган. Бизнингча, бу ўта муҳим ва Кенгаш қилиши керак бўлган минимум иш шу, - деди АҚШнинг БМТдаги элчиси.

Хавфсизлик кенгаши йиғилишида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Европа давлатлари Ташқи ишлар вазирлари иштирок этиши кутилмоқда.

Мухолифатдаги Сурия миллий кенгаши раҳбари Бурҳон Ғалун Ню Йоркда бошқалар қатори Россия расмийлари билан ҳам учрашиб, уларни резолюция лойиҳасини қўллаб-қувватлашга ишонтиришга ҳаракат қилганини айтди.

Сурияда зўравонликлар авж олиб бораётгани сабабли Араб Лигаси ўтган ҳафта охирида Сурияга жўнатилган кузатувчилар миссияси фаолиятини тўхтатган эди.

Давлат Департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд Араб Лигасининг бу қарори Суриядаги вазиятга салбий таъсир этиши мумкинлигини урғулади.

Суриялик фаолларга кўра, 30 январ кунги зўравонликлар пайтида камида 29 киши нобуд бўлган. Уларнинг аксари тинч аҳоли вакиллари экани айтилмоқда.

Сурияга оид янги резолюция лойиҳасини 2 февралгача БМТ Хавфсизлик кенгашида овозга қўйилиши режаланмаган.
XS
SM
MD
LG