Линклар

Жанаўзенда фавқулодда ҳолат бекор қилинди


2011 йил 16 декабрида Қозоғистоннинг Манғистау вилояти Жанаўзен шаҳрида содир бўлган тартибсизликлар чоғида 125 объектга шикаст етказилган, ёқилган ва таланган.

2011 йил 16 декабрида Қозоғистоннинг Манғистау вилояти Жанаўзен шаҳрида содир бўлган тартибсизликлар чоғида 125 объектга шикаст етказилган, ёқилган ва таланган.

Ўтган йилнинг 16 декабр куни Жанаўзенда содир бўлган тартибсизликлардан сўнг Қозоғистон президенти томонидан жорий қилинган фавқулодда ҳолат бугундан эътиборан бекор қилинди.

Президент Назарбоев Жанаўзендаги фавқулодда ҳолат тартибини 31 январдан кейин узайтирмаслиги ҳақида ўтган жума куни маълум қилган.

- Давлат Жанаўзенда фавқулодда ҳолат эълон қилиш ва шаҳарда барқарорликни тиклаш Билан шуғулланишга мажбур бўлганди, буни ҳаммангиз биласиз. Ҳозир шаҳарда вазият яхши, барқарор, шунинг учун мен Жанаўзенда фавқулодда ҳолат муддатини чўзмасликка қарор қилдим, - дея билдирганди 27 январ куни Нурсултон Назарбоев.

Жанаўзенда фавқулодда ҳолатнинг бекор қилинганидан маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам мамнун.

- Биз бошданоқ комендантлик соати жорий этилиши учун зарурат йўқ, деб ҳисоблардик. Бу тартиб ҳақиқатан ҳам бекор қилинганига ҳали-ҳануз ишонолмаяпмиз, - деди Озодлик радиосининг қозоқ шўъбасига исми ошкор қилинишини истамаган жанаўзенликлардан бири.

Иш ташлаган жанаўзенликлар ва полиция ўртасида ўтган йил декабрида юзага келган тўқнашувда, расмий маълумотларга кўра, 17 киши нобуд бўлганди. 100 дан зиёд киши тан жароҳати олгани айтилаётган бу тартибсизликлар чоғида 125 объектга шикаст етказилган ва таланган. Шундан сўнг президент Назарбоев фармони билан Жанаўзенда 2012 йил 6 январигача фавқулодда ҳолат жорий қилинган бўлиб, 5 январ куни унинг муддати 31 январгача чўздирилди.

Жанаўзен воқеаларини текшириш бўйича жамоатчилик комиссияси аъзоси, сиёсатшунос Мухтар Тайжан ҳам, маҳаллий аҳоли вакиллари сингари, аввал-бошданоқ шаҳарда фавқулодда ҳолат жорий қилишнинг ҳожати йўқ эди, деган фикрда.

- Тинчлик замонида тинч бир ўлка ҳудудида бундай узоқ муддатга фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилишини мен мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайман, - дейди Мухтар Тайжан.

Қозоғистон Умуммиллий социал-демократик партияси ҳамраиси Бўлат Абилов ҳам сиёсатшуноснинг гапига қўшилади.

- Жанаўзен воқеаларининг эртасигаёқ шаҳарда вазият осойишталашганди. Шаҳарни ёпиб қўйиш эса расмийларга ҳаммасини ўз кўзи билан кўриб, кейин бу ҳақда ҳақиқатни ёза бошлайдиган одамларни қўймаслик учун керак эди, - дейди мухолифатчи Бўлат Абилов.

Хўш, Жанаўзенда фавқулодда ҳолатнинг бекор қилиниши шаҳардаги вазиятга, хусусан, декабр воқеалари тафсилотларини бемалол ўрганилишига имкон яратадими? Бу саволга Қозоғистон Сўз эркинлигини ҳимоя қилиш жамғармаси раиси Тамара Калеева “йўқ”, деб жавоб беради.

- Ахборот олишга қўйилган ваҳимали чекловлар журналистларга ҳам, аҳолига ҳам ўз таъсирини кўрсатиб бўлди. Уларнинг ҳаммаси ўта чўчиб қолган, - дейди Тамара Калеева.

Бироқ Умуммиллий социал-демократик партияси ҳамраиси Бўлат Абилов бу ҳақда бошқача фикрда.

- Фавқулодда ҳолат бекор қилинганидан кейин одамлар холисроқ ахборот олиш имкониятига эга бўладилар. Чунки улар шу пайтгача полициядан, куч ишлатар тузилма ходимларидан чўчиб тургандилар. Эндиликда куч ишлатар тузилмалар ходимлари шаҳардан олиб чиқилганидан кейин одамлар аслида қандай воқеа содир бўлгани ҳақида жон деб гапириб берадилар, - дер экан Бўлат Абилов бундан буён Жанаўзенда расмийларга нисбатан норозилик потенциали ҳали ҳам сақланиб қолганини қўшимча қилади.

Аввалроқ Қозоғистон расмийлари Манғистау вилоятида тартибсизликлар уюштирган олти киши қўлга олинганини эълон қилган. Шунингдек, мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, Жанаўзен воқеалари билан боғлиқ равишда мухолифатнинг бир неча аъзоси ва полиция ходимлари ҳам тортилган.
XS
SM
MD
LG