Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:58

Ўзбек сўми қадрсизланишда давом этади


Президент Ислом Каримов 2012 йилда Ўзбекистон экспорт салоҳияти заифлашишини эътироф этди. Мазкур ҳолат Ўзбекистон молия бозорида қай даражада акс этиши мумкин?

Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган Henyep Capital Markets ширкатининг Дубайдаги ваколатхонаси молия бозори таҳлилчиси Валид Ярадат билан мазкур савол атрофида суҳбатлашдик.

Henyep Capital Markets ширкати дунёнинг 3 қитъасидаги 20 давлатда ўз филиалларига эга. Ширкат молия бозори, кўчмас мулк, таълим ва меҳр-мурувват йўналишида 30 йилдан бери фаолият кўрсатиб келади.


Озодлик: Валид Ярадат жаноблари, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2011 йил якунлари ва 2012 йил режаларига бағишланган Вазирлар маҳкамаси мажлисида 2012 йилда мамлакатнинг экспорт салоҳияти заифлашишини эътироф этди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон молия бозори, жумладан, ўзбек сўмининг қадри масаласида қандай ўзгаришларни кутиш мумкин?

Валид Ярадат 11 йилдан бери молия бозори таҳлилчиси.
Валид Ярадат 11 йилдан бери молия бозори таҳлилчиси.
- Менинг таҳминимча, ўзбек сўми долларга нисбатан 200 сўмга қадрсизланади ва ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий қиймати 2000 сўмни ташкил этади. Айни пайтда ўзбек сўмининг долларга нисбатан расмий курси 1800 сўм атрофидадир. Мазкур қадрсизланиш март ойигача бўлиб ўтади. Ундан сўнг ҳам ўзбек сўмининг курси долларга нисбатан қадрсизланиб бораверади.

Бундай ҳолат нафақат Ўзбекистондаги ички иқтисодий вазият, балки халқаро иқтисодий кўрсаткичлар билан ҳам боғлиқ. Масалан, халқаро даражада доллар қадрининг кўтарилиши, АҚШ иқтисодида ўсишнинг кузатилиши ҳам доллар нархини кўтаради.

Сўмнинг қадрсизланишида халқаро иқтисодий бўҳроннинг Ўзбекистон иқтисодига таъсирини ҳам унутмаслик керак. Ўзбекистон дунёдаги энг йирик пахта экспорт қилувчи давлатлардан бири ҳисобланади ва пахта экспорти Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулоти кўрсаткичига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Озодлик: Айтганларингиздан Ўзбекистон иқтисодини 2012 йилда катта синовлар кутиб турибди, деган хулосага келсак бўладими?

- Европа суверен қарзининг (мустақил давлатлар ҳукуматларининг қарзлари – таҳр.,) жаҳон иқтисодиёти чарҳига таъсирини унутмаслигимиз лозим. Бу таъсир оқибатида иқтисодий ўсиш суръатининг пасайиши кутилмоқда.

Ўзбекистон жаҳонда пахта етиштириш бўйича олтинчи, пахта экспорти бўйича иккинчи ўринни эгаллайди. Шунингдек, Ўзбекистон олтин қазиб чиқариш бўйича дунёда еттинчи ўринда туради.

Жаҳонда иқтисодий ўсиш суръатининг пасайиши Ўзбекистондан экспорт қилинаётган пахта ва олтин каби маҳсулотларга талабни сусайтиради.

Озодлик: Жаноб Ярадат, сиз билан боғланганимизда Ўзбекистон молия бозори, ўзбек миллий валютаси ҳақидаги саволимизни эшитгач, “Бу саволга тайёргарлик кўриш учун бир неча кун вақт керак бўлади. Негаки, халқаро даражада деярли ҳеч ким ўзбек валютаси ва ўзбек молия бозорига қизиқиш билдирмайди. Шунинг учун кичик мустақил тадқиқот ўтказишим керак”, деб жавоб бердингиз. Нега дунёда ўзбек пахтаси, олтини ва газига қизиқиш бор, бироқ ўзбек валютаси ва молия бозорига муносабат умуман бошқача?

- Сармоячилар нега ўзбек молия бозорига қизиқмаслигининг бир қатор омилларини қисқача санаб ўтишга ҳаракат қиламан.

Биринчидан: Ўзбекистондаги иқтисодий сиёсат хорижий сармоядорларни чўчитади. Иқтисодий сиёсатнинг ночорлиги Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулоти кўрсаткичи МДҲ давлатлари орасида энг паст кўрсаткичлардан бири эканидан билинади.

Иккинчидан: мамлакатдаги беқарорлик ва асл иқтисодий кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотнинг сир тутилиши.

Яна бир муҳим омиллардан бири, Ўзбекистон ҳукуматининг валюта конвертацияси ҳақидаги қонун мавжудлигига қарамай, валютани ва молия бозорини қаттиқ назорат остига олганидир.

Ўзбек сўмининг молия бозоридаги волатиллиги (ўзгарувчанлиги –таҳр.,) жуда арзимас даражададир. Шунинг учун ҳам молия бозори трейдерлари мазкур валюта билан мутлақо қизиқмайдилар.
XS
SM
MD
LG