Линклар

Лицензиясиз таксичи бир йил олди


Тошкентдаги таксилар фақат қаймоқ рангда бўлиши шарт қилиб белгиланган.

Тошкентдаги таксилар фақат қаймоқ рангда бўлиши шарт қилиб белгиланган.

Тошкент шаҳрида лиценциясиз таксичилик қилган фуқаро бир йил муддатга аҳлоқ тузатишга ҳукм қилинди.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи У. Саримсоқов махсус лицензияга эга бўлмасдан туриб, йўловчиларни ташигани учун судга тортилди.

Мирзо Улуғбек туман солиқ инспекциясидан олинган маълумотга кўра, У. Саримсоқов бир ой ичида икки марта ушланиб, лиценсиясиз таксичилик қилиб юргани аниқланган.

Ўзини ошкор қилмаган солиқ ходимининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, У. Саримсоқов биринчи бор ушланганида маъмурий жавобгарликка тортилган. Иккинчи бор ушланганида ҳам лицензияси бўлмаган Саримсоқов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 190-моддаси, яъни “Фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш” моддаси бўйича айбдор деб топилиб, бир йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Суд ҳукмига кўра, Саримсоқов иш ҳақининг 20 фоизи бир йил давомида ҳар ой давлат бюджетига ўтказилади.

2012 йилнинг 1 январидан бошлаб жорий қилинган таксичилик фаолиятига доир янги тартибга кўра, фуқароларга махсус лицензияга эга бўлмасдан киракашлик қилиш тақиқланади.

Ушбу тартибни илк бор бузган такси ҳайдовчиларига маъмурий жазо, иккинчи бор бузган жисмоний шахсга жиноий жазо қўлланилади.

Лицензиясиз таксичилик қилган шахс иккинчи бор ушланганида Жиноят кодексининг 190-моддасига кўра, уч йилгача муддатга ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади ёки энг кам иш ҳақининг 25 баробаридан 75 баробаригача бўлган миқдорда жаримага тортилади.

Янги тартибни бузган юридик шахсларга белгиланган маъмурий жазо энг кам иш ҳаққининг 50 баробаридан 150 баробарига қадар қилиб белгиланган.

У. Саримсоқов ноқонуний киракашлик билан шуғудданиб, жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлган ягона фуқаро бўлиб қолмоқда.

Тошкент шаҳри Сирғали туман солиқ инспекцияси маъсул ходимининг, ўзини таништирмаган ҳолда айтишича, ўтган бир ой давомида Сирғалида бирорта ҳам таксичи жиноий жазога тортилмаган.

- Бизларда ҳозир икки марта тушгани йўқ. 20та ушланди. Лицензиясизлар бўлаяпти. Икки марта такрорланиб тушганлар йўқ. Биз документни судга берамиз. Чорасини суд кўради,- деди солиқ ходими.

Тошкент вилояти Қибрай туман солиқ инспекциясидан олинган маълумотга кўра, туманда ўндан зиёд лицензиясиз киракаш ушланган. Бироқ туманда икки бор ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилган таксичилар бўлмаган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг "Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистонда фаолият юритаётган такси автомобиллари махсус терминал ёки касса аппарати билан таъминланган бўлиши лозим.

Такси ҳайдовчисида лицензия олгани ҳақидаги гувоҳнома ҳамда тиббий варақа бўлиши шарт. Ҳайдовчининг ёши эса 21 ёшдан кичик бўлмаслиги лозим.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги таксиларнинг ранги қаймоқранг, Ўзбекистоннинг вилоятларидаги таксиларнинг эса сариқ рангда бўлиши шарт.

Озодлик суҳбатда бўлган солиқ ходимларига кўра, ҳозирда терминал билан касса аппарат масаласида таксичиларга қаътий талаб қўйилмаяпти. Боиси, терминал ва касса аппаратларини етказиб беришда муаммолар бўлаётганини айтишди улар.

Ҳозирда асосий талаб лицензия ва таксининг ранги бўлаяпти.

Тошкентлик Сарвар ака Тико машинасида 10 йилдан буён киракашлик билан шуғулланиб келади.

Сарвар ака ҳозирча бу икки талабни бажармаса ҳам кечалари чиқиб таксичилик қилаётгани ва кундузи таниш-билишларига киракашлик хизмати кўрсатишни давом эттираётганини айтади.

- Такси белги қўймаяпман. Қўйиш мумкинмаску, нарушениеку. Қўймасадан ҳайдаб юрибман ҳозирча. Кўпчилик таксистлар ҳозиргача юрибмиз. Барибир секин-секин частний фирмаларнинг таксилари кўпаяпти. Бейжовий светга бўямасанг лицензия бермайди. Ҳали бўяганим йўқ. Жалко бўяш, лекин нима қиламиз бошқа иложи йўқ. Частний фирмага кириб лицензия олиш керак, юридический лицодан 350 минг атрофида лицензия патент бўлади. Кейин кунига 15 мингдан 25 мингга сўмгача пул тўлашингиз керак,- дейди Сарвар ака.

Gazeta.uz нашри берган маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида аҳолига такси хизмати кўрсатувчи 100 дан зиёд ширкат ва улар ихтиёрида бўлган 1200 тадан ортиқ автомашина мавжуд.

Айни пайтда Ўзбекистон пойтахтида 35 минг нафаргача нолегал таксичи-киракашлар борлиги тахмин қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG