Линклар

logo-print

31 январ куни Озодликка телефон қилганларнинг аксарияти бир кун олдинги воқеа – Ўзбекистон президентининг туғилган кунига муносабат билдириб, Ислом Каримовга ўз табрикларини билдиришни ният қилибди.

Газ можароси сабаб ўзини осди


Президентга аталган айрим табрикларга бироздан сўнг ўрин ажратамиз, ундан аввал фарғоналик хос хабарчимиздан олган айрим сўнгги янгиликлар.

- Риштон тумани бор бизда. Ўша ерда Учариқ деган қишлоқ бор. Ўша ерда битта одамни “газингни пулини тўла” деб мажбур қилгандан кейин ë ўзини осган ë ўзига пичоқ урган. Шунақа иккита маълумот бор. Биттаси осган деди, биттаси ўзига пичоқ урган деди.

Озодлик: Қачон бўлди бу воқеа?

- 10 куннинг ичида. Марғилон шаҳрида 14-мактаб бор экан. Бошқа мактабларда ҳам бўлса керак бу ишку, 2-3-4-синф ўқувчиларига газ йўқлиги учун “Ҳар куни келганингда озгина-озгинадан ўтин олиб келасан. Ўзларингни иситиб шу ерда дарс берамиз” деб ўқитувчилар мажбур қилишар экан.

Озодлик: Болалар ўзи билан ўтиб олиб келаяптими мактабга?

- Ҳа, уйидан ўтин олиб келаяпти. Энди бойваччалари кўп-кўп берворар эканку, энди масалан шаҳарда қанақа ўтин бўлади? Сотиб олса кейин бўлади. Марғилоннинг ўзида ҳам газ йўқ. Уйига ëқадими уни ë мактабга берадими. Ўтин топа олмайдиган болалар қийналишар экан. “Мактабга бормайман. Ўтин сўрашади” дейишаркан болалар. Айрим жойларда бўлаяпти. Бошқа мактабларда ҳам бўлса керакку, 14-мактабда ўқийдиган боланинг отаси билан гаплашиб қолган эдим, мана шунақа деди, дейди фарғоналик суҳбатдош.

Озодлик радиосининг Ўзбекистон ичкарисида мухбирлари бўлмаса-да, бутун мамлакат бўйлаб жойлардаги ўз кўнгилли хабарчилари бор. Шундайлардан бири йўллаган Фарғона дараклари эди. Озодлик бу хабарларни тасдиқлаш ëхуд инкор қилиш имконига эга эмас. Уларнинг қанчалик ҳақиқат эканини аниқлаш юзасидан суриштирув олиб бориб, сўнгра уни сизга еткизамиз. Бу воқеалардан хабарингиз бўлса, улар тафсилоти сизга аëн бўлса, марҳамат, Озодликнинг эркин микрофонига сим қоқинг, ëки ozodlik.org сайтига шарҳ ëзинг.


Халқига очлик нима, қирғин нима билдирмади


31 январ куни Эркин микрофонга сим қоққанлардан бири марҳаматлик Ҳалимжон ота бўлди. 74 яшар Ҳалимжон ота ўз тенгқури Ислом Каримовни 30 январ кунги таваллуд куни билан, кечикиб бўлса-да, табриклашни ният қилибди.

- Фозил қори деган бир олим ўтган. Ўша бир китоб ëзган экан. Ўша китобида шеър бор экан. Шу шеър билан юртбошимизни табриклаб қўймоқчи эдим. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Исми жисмига муносиб қалби пок юртбошимиз,
Шукурки юрт тинчи ва кўркига сабаб юртбошимиз.

Мустақил бўлдинг ватан номинг танилди дунëга,
Бу улуғ неъмат Худодан лекин сабаб юртбошимиз.

Ўзлигинг қайтди ўзингга ўзига бек ўзбегим,
Ўзбегим бахтига соғ бўлсин азиз юртбошимиз.

Халқига очлик нима, қирғин нима билдирмади,
Халқининг бахтли ҳаëтига сабаб юртбошимиз.

Юз эмас мингга кўпайди масжиду мадрасалар,
Ҳам Бухорий, ҳам Темурий наслидан юртбошимиз.

Ўтган олим, авлиëлар қабрини обод этиб,
Ул азизлар руҳини шод айлаган юртбошимиз.

Қудратин айлаб намоëн сақлади Оллоҳ уни,
Чунки ҳар куни савоб ишлар қилиб юртбошимиз.

Мард бўлиб майдонда турди халқига жони куйиб,
Ўйламай ўз жонини халқим деган юртбошимиз.

Борми дунëда бунингдек меҳрибон юртбошилар,
Қадрига ет ўзбегим бош эг азиз юртбошимиз.

Мингта Луқмон умрини бер бу азиз инсонингга,
Чунки халқ бахти учун даркор эрур юртбошимиз.

Бу сўзим тилдан эмас қалбимдаги бор сўзларим,
Эрта кеч ҳозир дуода бўлсин омон юртбошимиз.

Озодлик: Сиз ўзингизнинг тилакларингиз сифатида шу шеърни ўқиб бердингизми энди?

- Табриклаб қўймоқчиман шу шеър билан, дейди марҳаматлик Ҳалимжон ота.


Каримовга овоз бериб, уч кун ухламаганман


Хоразмнинг Қўшкўпиридан сим қоққан ўқитувчи Гулсара опа ҳам Ислом Каримовни табриклар экан, президентдан ëшлар маърифати, мактаб ва маорифни тўғри йўлга қўйиш ишларига янада кўпроқ аҳамият қаратишни сўради.

- Япония давлати урушдан кейин ҳамма нарсани армияга эмас мактабга берди, ëшлар тарбиясига берди. Бизнинг келажагимиз ëшларку. Олдин ҳам Хоразм хонлигида билсангиз, қанча мактаблар бор эди, қанча билимли одамлар Ўрта Осиëдан чиққан. Агар мактаб мураббий бўлмаганда шундай уламолар, етук олимлар чиқмас эди. Бугунга келиб нима аҳвол рўй бераяпти бизда?

Озодлик: Сиз мендан кўра яхши билсангиз керак нима аҳвол рўй бераëтганини. Ҳозиргина сиздан олдин биттаси телефон қилиб айтаяптики, мактабларда совуқ бўлгани учун бошланғич синф ўқувчиларига “ўтин олиб келасан ўзинг билан, бўлмаса мактабга келма” деяпти экан.

- Ўшаларни эшитиб мен ҳайрон қолаяпман. Урушдан кейинги давр биз ўқига пайтлар эди. Ўша пайтда мактаб интернатда тарбиячилар бор эди узоқдан келганларга. Битта мактабда уч сменада иш олиб борилар эди. Биз ўқитувчи пайтимизда бир ҳафтада икки марта ота-оналар билан учрашардик. Мана набираларим ўқийди. Соат 11да мактабдан келади. Ҳаммаси талабчанликнинг йўқлигида. Энди бунда ҳам президент айбдор эмаску. Мен сайловда ҳам Каримовга овоз берганман. Уч кун ухламаганман.

Озодлик: Бўлмаса нимадан бу?

- Ҳаммаси раҳбарларнинг яхши ишламаслигида. Порахўрликнинг ҳаммаси қонунларнинг яхши бажарилмаслигидан келиб чиқаяпти. Қарама қаршилик бўлаяпти. Олдин идеологик оқим билан материалистик оқим ўртасида қарама қаршилик тарихда бўлганку. Бу айнан ҳозир давлатга қарши одамларни қўяяпти булар, дейди қўшкўпирлик муаллима Гулсара опа.

5-6-7-8 соатлаб "очередда" турибмиз


Тошкентдан сим қоққан журналист Зоиржон Жўрабоев Ўзбекистон пойтахтидаги автомобилларга метан гази тўлдириш шаҳобчаларидаги узун навбатлар ва бу ерда тартибсизликлар ҳақида гапира туриб, давлатга қарашли бу шаҳобчаларда тартиб ўрнатиш кимнинг иши, деган саволга жавоб излайди.

- Тошкент шаҳрида 25-26та метан заправка бор. Кунига 10-15та машина газ қўйиб қўшилаяпти. Очеред шунақа бўлаяптики, унча-мунча эмас. 5-6-7-8 соатлаб бўлиб кетаяпти.

Озодлик: Бу янги нарсами? Олдин бунақамасмиди?

- Олдин бунақа эмас эди. Бу нарса ярим йилдан бери бошланди. Яқинда нефтегаз вазирлигига ҳам телефон қилдим шофëрлар номидан. Улардан ҳеч бир натижа чиқмади. Майли 5-6 соатлаб очеред бўлсин, лекин мана мен ўзим Юнусободга қарашли Уч қаҳрамон заправкасидан заправка қиламан. Биз 5-6 соат турамиз, шунақа бардакки унча-мунча эмас.

Озодлик: Одамлар ҳозир бензин қимматлиги учун метан газга ўтиб олганми?

- Ҳа. Ўзимизнинг Вазирлар Маҳкамасининг қарори бор. Машиналар Ўзбекистонда 2014гачами 2016гачами газлаштириш. Шунинг учун ҳозир ҳамма бензин қимматлиги туфайли, пропан гази қимматлиги туфайли метанга ўтишга ҳаракат қилиб ўтаяпти.

Озодлик: Метанга битта машинани тўлдириш қанчага тушади?

- Бир хил жойда 11 минг бўлади агар нолда бўлса, баъзи жойларда 14-15-16 минг.

Озодлик: Нимага бунақа бўлаяпти? Етказиб бера олмаяптими булар?

- Газ етиб келади. Масалан уйда фойдаланаëтган газимиз ҳам метан гази. Прямой трубадан келади заправкага. Энди бу ерда шунақа воқеа бўлаяптики, ëш-ëш боллар очеред олиб кетадида, очереди келганда 5-6та оғайнисини чақиради.

Озодлик: Зоиржон ака, мана ўзингиз журналист экансиз. Масаланинг ечимини қаерда кўрасиз?

- Мен нефтегаз вазирлигига телефон қилдим, хат орқали ҳам жўнатдим. Ҳеч бир натижа келмади. Билмайман энди бошим қотиб қолди.

Озодлик: Бутун шаҳарда шунақа аҳволми?

- Бутун шаҳарда шу. Даже мана ТАПОИЧда бир ҳафта олдин мана унақа тўполон бўлиб, битта машинани сувга ағанатиб юборган. Мана ëш болаларнинг нечтаси уришиб очереднинг устида тергов топшираяпти, дейди Тошкентдан сим қоққан журналист Зоиржон Жўрабоев.

********************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG