Линклар

Янги йилнинг дастлабки ойида Тошкентда турар-жой нархи ўтган йилнинг декабр ойига нисбатан ўртача 0,8 фоизга пасайди.

Газета.уз сайтининг Sion Research ахборот-таҳлилий маркази маълумотига таяниб хабар қилишича, январ ойида Ўзбекистон пойтахтидаги уйларнинг бир квадрат метри учун сотувчилар ўртача 527 АҚШ долларидан сўраганлар. Ўтган йилнинг декабр ойида бу кўрсаткич 531 долларга тенг эди.

Риэлторлар ўтган ойда уй савдосида чегирим фоизининг ҳам ошганини қайд этганлар. Чунончи 2011 йил декабрида уй сотувчилар харидорларга таклиф этилган нархдан 3-4 фоиз чегириб берган бўлсалар, жорий йил январида бу кўрсаткич 5-6 фоизни ташкил қилган. Шу тариқа ўтган ойда турар-жойнинг бир квадрат метри ўртача 498 доллардан сотилган. Ўтган йил декабрида бу кўрсаткич 515 долларга тенг эди.

Жорий йилнинг биринчи ойида Тошкентдаги арзон уйларнинг ҳар квадрат метрига 328 доллардан, қиммат уйларнинг ҳар квадрат метрига эса 996 доллардан нарх бичилган. 2011 йил декабрида сотувчилар арзон уйларнинг квадрат метрига 330, қиммат уйлар квадрат метри учун эса 1011 доллардан сўраётгандилар.

Январда сотувга қўйилган квартираларнинг ўртача майдони 70 квадрат метр бўлиб, 70 дан 80 метргача бўлган квартиралар турар-жой бозорининг 22,6 фоизини, 60 дан 69 квадрат метргача бўлган бозорнинг 18,1 фоизини, 50 дан 59 квадрат метргача бўлган квартиралар 14,8 фоизини, 40 дан 49 квадрат метргача бўлган квартиралар эса 11,2 фоизини ташкил этган.

Ўтган ойда сотилган уйларнинг 67 фоиздан кўпроғи икки ва уч хонали квартиралар бўлган. Ундан кейин харидоргирлиги бўйича бир хонали квартиралар, сўнг эса тўрт хонали квартиралар келади. Беш ва ундан кўп хонали квартиралар бўйича эса турар-жой бозорида талаб ҳам, таклиф ҳам камлиги айтилмоқда.

Пойтахтдаги турар-жойлар нархига уларнинг қандай материалдан қурилгани ҳам сезиларли таъсир қилади. Хусусан, риэлторларга кўра, январ ойида ғиштин уйлардаги квартираларнинг ҳар квадрат метри учун 571 доллардан нарх бичилган бўлса (декабрда 572 доллардан эди), бетон уйлардаги квартираларнинг ҳар квадрат метри учун 482 доллардан сўралган. Бу эса декабр ойидаги кўрсаткичдан 1,2 фоизга пастдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG