Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:14

“Толибон Ислом эмас. Толибон Исломобод.”


АҚШ терговчилари сўроқ қилган Ал-Қоида жанггарисининг мазкур кўрсатмаси келтирилган махфий ҳарбий ҳисобот Британия матбуотига сиздирилди.

Ғарб матбуотига сиздирилган махфий ҳарбий ҳисоботда айтилишича¸ Покистон махсус хизматлари Афғонистондаги Толибон жанггариларига мамлакатдаги хориж кучларига қарши амалиëтлар уюштиришга ëрдам бермоқда.

BBC ва "The Times" газетасининг хабар қилишича¸ АҚШ ҳарбийлари томонидан ҳозирланган махфий ҳисобот декабр ойида НАТОнинг юқори даражали раҳбариятига топширилган ва унга кўра 2014 йил охирига бориб НАТО кучлари Афғонистондан чиқиб кетгач¸ Толибон ҳокимиятни қайта қўлга киритишни режаламоқда.

BBCга кўра¸ ҳисобот хулосаси АҚШ терговчилари томонидан 4000 дан ошиқ Толибон ва Ал-Қоида жанггарилари билан ўтказилган 27 000 дан ошиқ сўроқ давомида қўлга киритилган маълумотларга асосланган.

Махфий ҳисоботда ëзилишича¸ Покистон махфий хизмати Толибон раҳбариятини муттасил манипуляция қилишда давом этмоқда ва толиб жанггарилари уюштираëтган ҳужумларда¸ шубҳасиз¸ исломободдагиларнинг қўли бор.

Айтилишича¸ ҳисоботда Ал-Қоиданинг юқори даражали намояндаси сўроқ давомида айтган гаплар ҳам иқтибос қилиб келтирилган. “Покистон ҳамма нарсани билади. Ҳамма нарсани улар назорат қилади. Мен Кунардаги бирор дарахтни покистондагилар кузатувчисиз (сўкинади) қилолмайман. Толибон Ислом эмас. Толибон Исломобод”¸ деб кўрсатма берган Ал-Қоида аъзоси америкалик терговчиларга жумладан.

Ҳисоботнинг матбуотга чиққан хулосасига муносабат билдирган Покистон Ташқи ишлар вазирлиги уни “бемаъни” деб атади ва Исломобод ҳукуматининг қўшни Афғонистон ички ишларига аралашиш ниятидан йироқ эканини билдирди.

Айни пайтда АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жон Кирби¸ Вашингтон Покистон махфий хизматидаги айрим элементлар ва экстремистик тармоқлар ўртасидаги алоқалардан кўпдан ташвишда эканини таъкидлай туриб¸ Британия матбуотига сиздирилган махфий ҳисобот ҳали Пентагонга етиб келмаганини билдирди.

НАТОнинг Афғонистондаги кучлари матбуот котиби Жимми Каммингс шундай ҳисобот мавжудлигини тасдиқлади ва ҳужжатнинг стратегик хулоса эмас¸ балки қамоққа олинган Толибон жанггарилари кўрсатмалари жамланмаси эканини таъкидлади.

Британия матбуотига сиздирилган махфий ҳисобот хулосасининг Вашингтон ва Исломобод ўртасидаги кейинги пайтларда шундоқ ҳам кескинлашиб кетган муносабатларни янада кескинлаштириши кутилмоқда.

Айни пайтда¸ ҳисоботнинг ўз ҳудудидаги қатор террор ҳужумларида қўли борлигини айтиб келаëтган Афғонистон раҳбариятининг Покистон билан муносабатларига ҳам янги совуқчилик солиши тахмин қилинмоқда.

Ана шу совуқчиликнинг олдини олиш мақсадида 1 феврал куни Покистон Ташқи ишлар вазири Ҳина Раббоний Хар бир кунлик сафар билан Кобулга келди. Бу ерда вазир хонимнинг президент Карзай ва ўз ҳамкасби Залмай Расул билан учрашиши белгиланган.
XS
SM
MD
LG