Линклар

Тожикистоннинг Хатлон вилояти Қабодиён туманидаги 31-ўрта мактабда ота-оналар йиллик ҳисобот йиғилишини ўзбек тилида олиб борган директор Баҳодир Намозов туман таълим бўлими бошлиғи буйруғи билан вазифасидан бўшатилди.

“31-ўрта мактаб директори Намозов Баҳодир Тожикистон республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонунига риоя қилмагани ва ўз вазифасини бажара олмагани сабабли [Тожикистон Меҳнат кодексининг - таҳр.] 46-моддаси 3-банди асосида вазифасидан озод этилсин”, деб ёзилади Қабодиён туман таълим бўлими мудирининг 31 январ кунги буйруғида.

Мазкур ҳужжатга Қабодиён туманидаги Янги йўл қишлоғи Саидназар Худойқулов номли жамоат кенгаши раис муовини Оқгул Аннаеванинг ҳисоботи асос қилиб олинган.

- Ота-оналар комитети мажлисига район маорифидан ҳам вакиллар келганди. Мажлисни бошлаганда муаллим (Баҳодир Намозов назарда тутилаяпти - таҳр.) ўзбек тилида бошлади-да, бошдан-оёқ ўзбекча бўлди. Масалан, ҳукуматдан одам боргандан кейин, мен айтганимдан кейин, мажлис тожикча бўлиши керак эди, - дер экан маҳаллий ҳокимият вакиласи Аннаева хоним мажлисни ўзбекча олиб борган директор “жиноятга қўл ургани”ни қўшимча қилди.

2008 йилдан буён директорлик қилиб келган Баҳодир Намозов эса маҳаллий амалдор иддаоларини рад этади:

- Ота-оналар мажлиси давлат тилида очилди, давлат тилида олиб борилди, протоколлар ҳам тожик тилида ёзилди. Бизда 800 дан ортиқ ўқувчи бор, 99 фоизи ўзбек, давлат тилини унча яхши билмайди. Ўзбекча саволлар бўлди, ўзбек тилида жавоблар берилди, - деди собиқ директор Намозов.

Мавзу юзасидан Озодликка гапирган Янги йўл қишлоғида яшовчи Бобожон Мусоев ҳам 24 январ кунги мажлис ҳақиқатан давлат тилида олиб борилганини тасдиқлади.

- Бошланиши давлат тилида олиб борилди. У ерда аҳли жамоат кўпи аёллар эди, аксарияти тожик тилини тушунмайди, “ўзбекча гапирилсин”, деганларидан кейин ўзбекча гапирилди-да, - дейди Бобожон Мусоев.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Янги йўл қишлоғи аҳолисининг 99 фоизини ўзбеклар ташкил қилади. Бу қишлоқда атиги ўнта тожик оиласи яшайди. Қишлоқ аҳли кичикдан тортиб каттагача ва ҳатто ўша тожик оилалари аъзолари ҳам ўзаро ўзбек тилида сўзлашади. Шунга қарамай, Саидназар Худойқулов номли жамоат кенгашига қарашли аксарият мактаблар тожикчалаштирилмоқда.

Бу маълумотларни тасдиқлаган маҳаллий амалдор Оқгул Аннаева “ўзбек мактабларни тожикчалаштириш тадбирларида жонбозлик кўрсатаётгани”ни қистириб ўтди.

Тожикистонда 2009 йили “Давлат тили тўғрисида” янги таҳрирдаги қонун қабул қилинганидан буён мажлисни ўзбек, рус ёки оммага тушунарли бўлиши учун бошқа тилда олиб борган масъул шахс вазифасидан бўшатилгани илк бор кузатилмоқда.

Мазкур қонунда давлат барча идоралари, таълим муассасалари, корхоналар ва олийгоҳларда иш юритиш давлат тили, яъни тожик тилида олиб бориши шартлиги белгиланган. Аммо қонунда мамлакатдаги бошқа миллат ва кичик элатларнинг расмий тадбирлар чоғида ўз она тилида сўзлашиши ёки фикр алмашишига таъқиқ қўймаган.

Ҳуқуқшунос Абдуқаюм Юсупов фикрича, Қабодиён туман таълим бўлими расмийлари Баҳодир Намозовга нисбатан жорий қонунларни қўпол равишда бузган.

- Меҳнат кодексининг 46-моддаси 3-бандида меҳнат тўғрисидаги шартнома талаблари ва ўзига юклатилган вазифаларни мунтазам узрсиз сабаблар билан бажармаган ишчи ё ходим, агар аввалроқ огоҳлантириш олган бўлса, маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган. Ундан ташқари, Тожикистон қонунларида тадбирни давлат тилида ўтказмаслик жиноят экани ва бунинг учун шахс вазифасидан бўшатилиши айтилмаган. Менимча, бу ҳолатда Баҳодир Намозовга хайфсан бериш кифоя эди. Зеро, у сўнгги тўрт йиллик фаолияти давомида бирор марта ҳам огоҳлантириш олмаган экан, - деди ҳуқуқшунос Юсупов.

Янги йўл қишлоғида яшовчи ота-оналарнинг айтишича, бундан тўрт йил аввал директорликка тайинланган ёш кадр Баҳодир Намозов ўқувчиларнинг билим олишлари учун анча қулайликлар яратган. Хусусан, мактабда хорижий ташкилотлар сармояси ҳисобидан янги синфхоналар қуриш масаласига ҳам жиддий киришган.

Мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, республикада ёш ва тажрибали мутахассислар етишмаётган айни кезда арзимаган баҳоналар билан малакали мутахассисларни ишдан четлатиш жамият руҳига салбий таъсир этиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG