Линклар

Тошкент ҳокимлиги биноси бизнес марказга айланади

  • Абдулла Искандар

Тошкент шаҳар ҳокимлиги биноси пойтахтнинг энг хашаматли биноларидан бири ҳисобланиб келган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги биноси пойтахтнинг энг хашаматли биноларидан бири ҳисобланиб келган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Амир Темур кўчасидаги ”Маънавият ва маърифат маркази”га қарашли тўрт қаватлик ғиштин бинога кўчирилиши айтилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Амир Темур шоҳкўчасида жойлашган ҳашаматли биносидаги мулозимлар бошқа бинога кўчишга киришди.

Ҳокимлик биноси эса яқин орада халқаро бизнес марказга айлантирилади.

Бу маълумотни Озодлик билан ўзаро суҳбатда Тошкент шаҳар ҳокимлиги қурилиш ва сармоя дастурлари департаментининг исми сир қолишини истаган мулозими тасдиқлади.

Интернетдаги Uznews.net нашрининг Тошкентдаги манбаларга таяниб ëзишича, шаҳар ҳокимлиги Амир Темур кўчасидаги республика ”Маънавият ва маърифат маркази”га оид тўрт қаватлик ғиштин бинога кўчирилади.

Республика "Маънавият ва маърифат маркази" биноси кираверишида ўтирадиган қоровулнинг Озодликка айтишича, айни кунларда бино таъмирланиб "янги эгаларини кутмоқда".

“Янги эгалар”нинг ким эканлигига суҳбатдош аниқлик киритмади.

Ўтган йилнинг октябр ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги биноси бузилиши ҳақида Ўзбекистон хавфсизлик тизимларига яқинлиги айтиладиган Uzmetronom.com интернет газетаси билдирган эди.

Бу маълумот тарқалганидан кейин Савдо палатаси ижарасидаги икки қаватли Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносига ëндош бино бузиб ташланган эди.

Аммо бугунга келиб Тошкент шаҳар ҳокимияти биноси бузилмасдан бошқа мақсадлар учун фойдаланилиши айтилмоқда.

Расман тасдиқланмаган маълумотга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Амир Темур шоҳкўчасида жойлашган ҳашаматли биноси халқаро бизнес ва сармоя маркази сифатида ишлатилади.

Хокимлик биноси мулозимлар учун катталик қилаëтгани, кўчириш боиси сифатида кўрилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг ҳозирги биноси 90-йиллар ўрталарида, Козим Тўлаганов шаҳарга ҳокимлик қилган йиллар бошида тезликда қурилиб, фойдаланишга топширилган эди.

Козим Тўлаганов Тошкент шаҳрига 1994-2001 йилларда ҳокимлик қилган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси биноси билан бир пайтда қурилган Тошкент ҳокимияти биноси, 90-йиллар ўрталарида пойтахтдаги энг ҳашаматли бино бўлган ва давлат хазинаси, ўзбекистонлик солиқ тўловчиларга бир неча юз миллион долларга тушган эди.

Айни шу бино қурилиши мисолида Озодликка гапирган Тошкент шаҳар ижроия қўмитасининг собиқ раиси, Ўзбекистон собиқ вице-президенти Шукрулло Мирсаидов, бу бинонинг Ўзбекистондаги коррупция кўлами ва иқтисоднинг нотўғри ўзандан кетаëтганининг ўзига хос рамзига айланганини таъкидлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG