Линклар

"Эркин микрофон" суҳбатдошларининг бири Ўзбекистонда қишнинг совуғида шароит янада оғирлашганидан шикоят қилса, бошқаси шикоят қилавермасдан қийинчиликларда сабр қилишга чақирди.

“Бензин ҳам норма қилиб қўйилсин”

дейди бензин тақчиллигидан қийналаётган Бухоро вилоятининг Пешку туманида истиқомат қилувчи Имом Файзиев.

- Ҳозирги шароитдан келиб чиқиб мен бир таклиф киритмоқчи эдимки, Озодлик радиоси орқали Олий Кенгашга, Қонунчилик палатасига, депутатларга, президентга илтимосим, мана ҳозир бизда ҳамма жойда бензин танқислиги борда. Таклифим шундан иборатки, озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича норма борда. Бензинни ҳам худди шунақа қилса. Ҳар ойда ҳар битта машинага 30-40 литрми Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бекитса, заправкалардан бензинни олардикда. Бир жойга бориш бор, оғир касални кўришга бориш бор. Очеред бўлиб кетади 2-3-4 соатлаб ўтирамиз. Яхши таклиф деб ўйлайман. Ҳаммага маъқул бўлса керак, дейди бухоролик Имом Файзиев.

“Россиядан тинчлик топмадим”

дейди рус миллатчилари дастидан озор кўрган андижонлик Ботир Ҳасанов.

- Ўзбекистонда ишчи ўринлар етарли, бу ерга биринчи марта келишим, бу ерда бўлаëтган сиëсат ўзбекистонликлар ҳаммаси шу ерга келиб олганга ўхшайди.

Озодлик: Қанча бўлди келганингизга?

- 3 ой бўлди.

Озодлик: Ўзбекистонда нима иш қилардингиз?

- Деҳқончилик қилардим.

Озодлик: Энди қайтиб кетмоқчимисиз?

- Қайтиб кетаман деб турибман.

Озодлик: Бўлмадими, қийин эканми?

- Бўлмайди бу ер. Бу ерда ҳамма миллатчилар йиғилган экан. Скинхедлар яшашга бермаяпти. Кўчада зўрға қочиб қутулдик. Ишдан тушиб магазинга чиқмоқчи бўлдик. Билмайман булар русми ким, лекин магазиннинг одлида туришган экан 5-6 та болалар.

Озодлик: Сизлар неча киши эдинглар?

- Биз икки киши эдик. Магазиндан чиққанимиздан кейин улар орқамиздан тушишди. Ҳайрон бўлдим. Бир маҳал ичларидан биттаси бизга “тўхтанглар” деди русчалаб. Биз русчани тушунмасак. “Бирор нарса бўлдимикан” деб тўхтасак, биттаси келиб дўқ қила бошлади ўзимизнинг билишимизча. Энди биз тушунмадик рус тилини. Фашистлар ҳақида гапирди, немис деди. Бошига немиснинг крести урилган одам экан. Сочиқ йўқ. Тушундикки қочмасак бўлмайди. Қочдик. Орқамиздан қувишди. Етиб олганда ўлдирарди. Умуман ўзи ватанга қайтиш керак экан. Ўз уйинг ўлан тўшагинг. Деҳқончилик қиламиз бориб, дейди андижонлик Ботир Ҳасанов.

“Очилбой укам ёлғон гапирманг”

дейди “Баҳс майдони” эшиттиришига муносабат билдирар экан, Жиззахнинг Бахмал туманига бориб ҳақиқий аҳволни ўз кўзи билан кўриб келган ғаллаороллик Набижон ота Жўрабоев:

- Бахмалнинг туман маркази бор. Шу центрга менинг жўрам 55 йилдан бери қатнайди. У ҳам 73-74га чиққан. Шуни кўргани бордим уйига. Икки ҳафта бўлаяпти. Борсак, биз борган куни кун яхши эди, ошхонасида ўтирибди. “Уйда отопление ëрилиб кетди. Мана газнинг аҳволини кўраяпсиз” дейди. Кечаси труба ëрилиб ҳаммасини сув босиб кетибдида....

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин:



“Имом Бухорий авлодлари бугун Қуръондан дарс ололадими?”

дер экан марғилонлик Абдуллоҳ, “Баҳс майдони” эшиттиришига муносабат билдиради.

- Очил акани роса эшитдик. Ака мусулмон бўлсалар керак. Даъво қилаяптилар, оғзидан Оллоҳ тушмаяпти. Бухорий авлодимиз деб даъво қилаяптиларку. Битта саволим шу акага агар бизни эшитсалар. Ал-Бухорийнинг авлодлари бўлиб туриб Қуръондан дарс ола олармикинлар ҳозирги мақтаëтган жойларида?

Озодлик: Сиз Очил акани назарда тутаяпсизми ëки умуман мусулмонларними?

- Умуман Ўзбекистондаги мусулмонларни айтаяпман. Бирорта бир даргоҳ йўқки Қуръондан илм бериладиган. Биз мусулмонлармиз деймиз. Ҳамма жойда подшони Худо сайлайди деймиз. Худони ҳар бир гапимизга қўшаяпмиз. Лекин Худонинг бизга ўргатган, бизга жўнатган неъмати Қуръондан бирорта жойда дарс қилишга имкониятимиз йўқку. Бирорта мактаб, боғча, институт, университет бирорта жойда бир соатлик шариатдан илм берадиган жой йўқку ҳеч қаерда.

Озодлик: Очил ака сизнинг саволингизга жавоб берган бўларди. Мана Ислом университети бор, Тошкентда мадраса бор деб жавоб берган бўларди. Сиз нима деган бўлардингиз?

- Айтилаëтган мадрасаларга Қуръондан имтиҳон топширишимиз керакку. Имтиҳон топширгунча илмни қаердан олиимиз мумкин, дейди марғилонлик Абдуллоҳ.

“Барча муваффақиятсизликлар учун президентни гуноҳкор қилиш яхши эмас”

дейди Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидан қўнғироқ қилган тадбиркор Абдураҳим.

- Тарихни бундай олиб қарасангиз, мўғуллар босиб келиши, бутун халқни қирғин қилиши, қисқароқ айтганда Россиянинг босиб келишига одамларнинг фақат ўзини ўйлаши, порахўрлиги, дунë учун, мол-мулк учун ҳаракат қилиш сабаб бўлганда. Илм, одоб-ахлоқ, маънавиятдан узоқлашиб кетгани сабабли. Ўзбекистон халқи балки шунинг учун бир таназзулга қараб кетаëтганми деб ўйлаб қолдим. Бунинг сабаби ҳар бир киши балки ўзининг камчилигини, айбини ўзи тўғирламаса, президент орқали ëки бошқа бировни айблаш билан фойда бўлмаса керак. Чунки ўйлаб қарасангиз, министрлар ҳам, одамлар хато, камчилигини айтаëтган ҳокимлар ҳам, милиция ҳам, таможний ҳам, ҳатто Россияда юрган ўзбеклар ҳам бир-бирини сотиб юбориши бунга энди президентни айблаб бўлмайди. Ҳаммамизнинг ўзимизнинг камчилигимиз бор деб ўйлайман.

Озодлик: Касбингиз нима?

- Филолог. Ўқитувчилик қилмайман, ҳозир тадбиркорлик билан шуғулланаман.

Озодлик: Нимага ўқитувчилик қилмайсиз?

- Ўқитувчиликка оилани боқиш қийинда ҳозир.

Озодлик: Бунга ҳам президент Каримов айбдор эмас-а?

- Энди нима десам экан, жуда кенгроқ қараш керакда менимча. Мен ҳам СССРда тарбия топганманда энди. Кейинчалик ҳаëтни кўрдик. Мен ўзим ҳокимиятда ишлаганман. Ташкилотнинг бошлиғи бўлиб ишлаганман. Ўғирлик ҳам қилганман, порахўрлик ҳам қилганман, пора ҳам берганман, давлатнинг мулкини ҳам қўлимиздан келганча ўғирлаб еганмиз. Лекин кейинчалик мустақилликдан билсак ҳалол, ҳаром, охират деган нарсалар бор экан. Кейинчалик буларнинг ҳаммасини йиғиштириб тўғридан топишга, ҳалолдан топишга, намоз ўқидик, рўза тутдик, энди қўлимиздан келса, ҳозир одамларга яхшилик қилишга ҳаракат қиламиз. Фарзандларни шу руҳда тарбиялаяпмиз. Ўғирлик қилмаса ҳам, пора бермаса ҳам, тарозидан урмаса ҳам бекаму кўст яшаш мумкин экан. Бу ўзимнинг ҳаëтимдан мисол. Ҳозир жамиятимизда жуда кўпчилик одам иложи борича ўғирлик қилишга, бировнинг ҳақидан қўрқмаслик, ичувчи, чекувчи, зино, биз ҳам қилганмиз бу ишларни тавба қилдим, шу нарсаларни ташласа, одамнинг маънавияти бой бўлиб, ватан, халқ, миллат деган нарсани, аста-аста шу нарсалардан президент бўлади, министр бўлади, бу туришда бизлар узоққа бормаймиз, дейди самарқандлик Абдураҳим.

“Жуда хайрли ишни бошлабсизлар”

дейди Озодликнинг "Ўзбек имомлари": Шайх Зиёвуддин Бобохон эшиттиришига муносабат билдирар экан, Қирғизистоннинг Ўзган туманидаги жоме масжид имом хатиби Икромжон Ҳотамжон ўғли.

- Албатта бунақа инсонларни эслашлик хайрлик иш. Айниқса Совет даврида диннинг чироғини ëқиб турган, ниҳоятда Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг ҳадисларига мувофиқ “Охирги замон бориб умматларим динни гўëки қўлида чўғни ушлаганга ўхшаб ушлайди. Ташлаб юборса тушиб кетади. Ушласа, қўли куяди”, шунақа замонда ҳам сабр-қаноат билан мусулмонлар билан ҳукумат ўртасини боғлаб турган имомлар, албатта биз у замонларни кўрганимиз йўқ. Кўрган устозларимиз кўп зикр қилардилар...

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.



****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG