Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:27

Ўзбек қизи одам савдогарларидан қутилди. Аммо...


24 ёшли самарқандлик аёл Москвада одам савдогарлари қўлидан ҳалос қилинди. Аммо Озодлик билан суҳбатида давомида у ўзбекистонлик бўлган жиноятчиларни фош этишга ёрдам беришга қўрқаётганини айтди. Ўзбекистон расмийларининг эътирофича, одам савдоси қурбонларининг қўрқуви туфайли бундай жиноятлар кўп ҳолларда жавобсиз қолмоқда.

Биринчи куниёқ квартира эгаси мени мажбурлади.



Шаҳзода (исм ўзгартирилган - таҳририят) ўзининг Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридан эканини, уни "дўконда сотувчи бўлиб ишлайсан" деб, алдов йўли билан Москвага олиб келган Лайло, Нафиса ва Гулчирой исмли аёллар (уларнинг фамилиялари аниқланмоқда - таҳр.) ҳам самарқандлик бўлганини айтади. Шаҳзода ҳатто улардан бирининг маҳалладоши эканини тан олди.

- Уйи жойи бор. Магазинда ишлайман дегани учун ишониб Москвасига бирга келувдим, дея гапида давом этади Шаҳзода.

Москвага етиб келишим биланоқ бу ерга нима билан шуғулланиш учун олиб келингани ойдинлашгандай бўлди, дейди у.

- Аэропортдаёқ "сен менга 30 кун ишлаб берасан", деб айтди. Қандай қилиб, деб сўрадим. Кейин квартирага жойлашганимда, "эркакларга қўшиласан" деб айтди. Биринчи куниёқ, квартира эгаси мени мажбурлади,– дейди Шаҳзода.

"Чидаб туролмадим."


2012 йил 10 январ куни Москвага етиб келгач Шаҳзода исловотхона эгаси бухоролик Рамазон исмли киши томонидан калтакланиб хўрланади, унинг ҳужжатлари олиб қўйилади.

25 январ куни Шаҳзода бахтли тасодиф туфайли метрода 29 ёшли бухоролик Шерзод исмли қурувчи йигитни учратиб ёрдам сўрамагунга қадар фоҳишалик қилишга мажбур қилинган.

- Ёрдам сўраб мурожаат қилиб қолди. Булар мени ундай, бундай қиляпти, деб айтди. Мен сени уларнинг қўлидан қутқара оламан, қўрқмасанг бўлгани, дедим. Чидаб туролмасдан ёрдам қўлини чўздим. Шу кунинг ўзидаёқ Пeтербургдаги холасининг уйига олиб келдим- дея воқеани эслайди Шерзодбек.


"Улар жонимни олиб қўйган"


Ҳозирда Шаҳзода хавфсиз ерга жойлашгани билан ўзига жабр берганларга қарши ҳаракат қиладиган аҳволда эмас. Шаҳзода Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик идораларига ариза билан мурожаат қилишдан қўрқаётганини қайта-қайта таъкидлади.

- Рамазон дегани "Москва кичкина шаҳар. Ўлдиртирворсам ҳеч ким билмайди", дейди. Аям бор, укам бор, мен уларга душман орттиришни хоҳламайман. Мен қўрқаман. Улар менинг жонимни шунчалик олиб қўйган, хоҳламайман- дея йиғлайди Шаҳзода.

Шаҳзоданинг халоскори Шерзодбекнинг фикрича, Ўзбекистондаги ишсиз ва тушкунлик сабабли ўзбек аёллари тирикчилик илинжида шу тариқа алданиб қолишмоқда.

Шаҳзодага “Одам савдоси ҳақида гапиравериб Ўзбекистон телевидениеси қулоқни тешиб юбораётган бир пайтда сиз нега алданиб қолдингиз? Ўзбекистонда ўзингизга иш топа олмадингизми?” каби саволларни бериб ўтирмадик.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон хавфсизлик идоралари вакилларининг айтишича, Шаҳзода жиноятчиларни топиб жазога тортишга ёрдам бермасдан, бошқа қизлар қатори, қилган хатолари устига янада каттароқ хатога йўл қўймоқда.

Ватан ҳимоя қилади


Сенатор Светлана Ортиқова Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашишга қаратилган қонун муаллифларидан бири бўлиб, одам савдосининг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларига етакчилик қилиб келади.

Ўзбекистонда одам савдосига қарши муросасиз кураш бораётганини таъкидлар экан, Ортиқова аёлларни ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишга асло қўрқмасликка чақиради.

- Сочларингиз тикка бўлиб кетади. Ўзбек ўзбекни сотаяпти. Сотаётган одам жиноятчидир. Шундай жиноятдан жабр кўрган шахслар ёрдам бермаса мана шу фожеа бўлаверади. Бу қизларга айтадиган гапим: Қўрқманглар! Ватан ҳимоя қилади- дейди сенатор Ортиқова.

Светлана Ортиқова билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:11 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG