Линклар

Ўзбекистон Марказий банки HI-TECH банкининг хорижий валютада операциялар амалга оширишга рухсат берувчи лицензиясини бекор қилди. Бу ҳолат юзасидан Озодликка бу ҳақда изоҳ берган Марказий банк вакили бунга HI-TECH банкининг амалдаги қонунчиликка зид ҳаракатлари сабаб бўлганини айтди. Икки ҳафта аввал "Кредит-Стандарт" тижорат банки ҳам валюта билан ишлаш лицензиясидан маҳрум қилинган эди. Мутахассислар банкларнинг валюта операцияларини амалга ошириш имконидан маҳрум этилиши ҳукуматнинг айланмадаги валюта устидан назоратни кучайтириш уринишлари билан боғлиқ, демоқда.


Бундан роппа-роса икки йил аввал 5,25 миллиард сўм капитал асосида ташкил этилган “HI-TECH” банки валюта операцияларини амалга ошириш лицензиясини 2010 йил август ойида олган. 1 февралдан эътиборан Ўзбекистон Марказий банки бу лицензияни бекор қилди.

Марказий банк вакили Озодлик билан ўзаро суҳбатда, мазкур ҳолат “HI-TECH” банкининг валюта операцияларига оид амалдаги қонунларни бузгани сабаб бўлганини таъкидлади. Шахси сир қолишини истаган суҳбатдош ўтган ҳафта "Кредит-Стандарт" банкидан ҳам айни лицензиянинг олиб қўилганига айни ҳолат сабаб бўлганини маълум қилди.

Ўзбекистонда чиқадиган баъзи Интернет нашрлари тижорат банкларининг валюта операцияларига оид лицензиалари тортиб олинишини баъзи иқтисодий гуруҳларнинг пул ювиш ҳаракатларига чек қўйиш ниятлари билан изоҳламоқда. Uzmetronom.com нашрининг ёзишича, Ўзбекистонда пул ювиш билан асосан ҳокимият юқори доираларига яқин гуруҳлар шуғулланади ва ҳозир бунга чек қўйиш уринишлари кучаймоқда.

Марказий банк вакили бу иддаоларни мутлақо инкор қилди. “Бизда пул ювиш ҳолатлари деярли йўқ”, деди суҳбатдошимиз.

Ўзбекистондаги банклардан бирининг собиқ ходими Акмалжон Uzmetronom.com ёзганидек, Ўзбекистонда пул ювиш операциялари кенг тарқалган амалиёт экани ва у билан ҳокимиятнинг нуфузли шахсларига яқин одамлар шуғулланишини айтади. Лекин Акмалжон тижорат банкларининг валюта операцияларига оид лицензиялари бекор қилинишининг пул ювишга алоқаси йўқ, дейди.

Чунки, дейди Акмалжон, Ўзбекистон мисолидаги пул ювиш, яъни валютани хорижга олиб чиқиш билан шуғулланадиган шахслар шунчалик нуфузлики, уларнинг йўлини тўсиш Марказий банк “ваколатида эмас”.

- Бунинг ҳар хил айëрлик услублари жуда кўп. Бу нарса давлатнинг изни билан бўлади. Ҳукумат шу нарсани билганлиги учун ҳам Ўзбекистонда ҳар хил валюта курслари бор. Шу сабабдан бор. Ўзбекистонда ҳар хил курслар борлигидан фойдаланиб, ўз маблағларини хорижий валютага айлантириб, кейин ўтказишади. Бундан фойда кўрадиган одамлар бор.

Ўзбекистонда валюта операциялари қандай амалга оширилишидан бевосита хабардор бўлган суҳбатдошимиз, ҳатто мамлакатда ишлаётган хорижий ширкатлар ҳам ҳокимиятдаги маълум гуруҳлар “изнисиз” ўзига тегишли валютани олиб чиқиб кета олмайди, дейди. Бу гуруҳлар билан олдиндан келишиб олмаган хорижий ширкат Ўзбекистонда иш бошамагани маъқул, дея давом этади Акмалжон.

- Сиз ҳозир “Хорижий ширкатлар Ўзбекистонга келади, кейин ўзига ҳомий қидиради” демоқчисиз. Йўқ. Улар олдин ҳомийни топади. Ўшалар орқали бу ишлар амалга оширилади. Ҳукуматнинг ишларини бажарадиган махсус банклар ҳам бор.

“HI-TECH” ва "Кредит-Стандарт" банкларининг валюта операциялари билан шуғулланиш лицензияси тортиб олинганига айнан ўша ҳокимиятдаги маълум гуруҳлар “изнисиз” хорижий ширкатларга валюта хизматларини кўрсатганлари сабаб бўлган, дея ишонч билан айтади собиқ банкир.

- Бу нарса Ўзбекистоннинг фойдасига бўлганда эди ë бўлмаса Ўзбекистоннинг ишини қилиб берганда бу банклардан лицензияси олиб қўйилмас эди. Албаттаки хорижий ташкилотларга хизмат қилганлиги ва чиқарилган қонунларни айланиб ўтишга ҳаракат қилганлиги учун шунақа жазо олишган бу банклар. Лицензиясини олиб қўйиши бу маълум бир жазо сифатида қилинган амалиëт ҳисобланади, дейди Ўзбекистондаги банклардан бирининг собиқ ходими.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG