Линклар

logo-print

Порт Саид шаҳрида чоршанба куни бўлиб ўтган футбол ўйинидан кейин рўй берган оммавий тўқнашувлар оқибатида 74 киши нобуд бўлди. Миср телевидениеси хабарига кўра, зўравонликлар пайтида мингдан зиёд одам жароҳатланган.


Юзлаб футбол ишқибозлари ўртасидаги шавқатсиз тўқнашув маҳаллий Ал-Масри футбол жамоаси Қоҳиранинг Ал-Аҳли жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратган ўйин тугаши билан стадионда бошланиб кетган.



Гувоҳларга кўра, ўйин давомида икки жамоа ишқибозлари ўртасида таранг муҳит юзага келган.

Бунга Ал-Аҳли жамоаси тарафдорларининг маҳаллий футбол ишқибозларини ҳақорат қилувчи шиорларни кўтаргани сабаб бўлган.

Миср телевидениесининг жонли кўрсатувида ўйин тугаши билан Ал-Масри жамоаси ишқибозлари майдонга отилиб чиқиб Ал-Аҳли клуби ўйинчилари ва тарафдорларини таъқиб қила бошлагани акс этган.

Аёвсиз муштлашишда қатнашган бази ишқибозлар пичоқлар билан қуролланган бўлган.



Миср полициясининг бир гуруҳ ходимлари Ал-Аҳли жамоаси ўйинчиларини ҳимоя қилишга уринган. Аммо ҳужум қилаётганлар кўп бўлгани учун бунинг уддасидан чиқа олмаган.

Оммавий зўравонлик пайтида нобуд бўлганлар орасида полиция ходимлари ҳам борлиги айтилмоқда. Айни пайтда ўлганлар сони ортиши мумкинлиги ҳақида хавотир билдирилмоқда.

Миср расмийларига кўра, қурбонларнинг аксари бошига кучли зарба берилганидан, пичоқ зарбидан оғир жароҳат етказилганидан ва тиқилинч пайтида нафаси қайтиши оқибатида ўлган.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, оғир жароҳатланганларни касалхонага тезда олиб бориш учун Порт Саидга вертолётлар жўнатилган.

Футбол жамоаси аъзолари рўй берган воқеадан ўсал ҳолатга тушди.

- Бу футбол эмас. Бу уруш. Одамлар кўз ўнгимизда нобуд бўлди, - деди Ал-Аҳли футбол жамоаси аъзоси Муҳаммад Або Трейка.

Миср Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Хошим Шейха бу Миср футболи тарихида рўй берган энг мудҳиш фожиа бўлганини таъкидлади.

- Бу жуда афсусланарли ва фожиали ҳолат. Бу Миср футболи тарихидаги энг катта фожиадир, - деди телевидение орқали чиқиш қилган Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари.

Порт Саид шаҳрида юзлаб футбол ишқибозлари ўртасида оммавий тўқнашувлар содир бўлганидан кейин Миср расмийлари Қоҳира шаҳрида бошқа жамоалар ўртасидаги ўйини ўтказилишига рухсат бермади.
Бундан ғазабланган футбол ишқибозлари эса стадион трибунасидаги ўриндиқларнинг бир қисмини ёқиб юборди.

Давлат телевидениеси Миср Футбол федерацияси олий лига жамоалари ўртасидаги барча ўйинларни номаълум муддатга қолдирганини хабар қилди.

Порт Саид ва Қоҳирадаги стадионларда рўй берган зўравонликлар боис Мисрнинг янги сайланган парламенти пайшанба куни навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG