Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:37

АҚШ Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишни режаламоқда


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 2011 йил октябрида Тошкентда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашган эди.
АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 2011 йил октябрида Тошкентда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашган эди.

АҚШ Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишга жорий қилинган таъқиқни вақтинча тўхтатди.


АҚШ расмийларига кўра, Ўзбекистон Афғонистондаги кучларга таъминот етказишда муҳим давлат бўлгани учун шундай қарор қабул қилинган.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аянчли аҳволда бўлгани учун Вашингтон 2003 йилда Тошкентга ҳарбий ёрдам кўрсатишни таъқиқлаган эди.

1 феврал куни Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишга жорий қилинган таъқиқ 2012 йил 16 январ куни бекор қилинганини айтди.

Нуланд Ўзбекистон ҳукуматига қуроллар эмас, балки тунда кўрадиган ускуналар, GPS аппаратлари ва бошқа анжомлар етказиб бериш таъминот йўлининг хавфсизлигини таъминлашда ёрдам беради, деди.

- Бу Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро терроризмга қарши туриш имкониятини оширади. Тунда кўриш мосламалари, танани ҳимоя қилувчи анжомлар, GPS тизимлари аслида мудофаа мақсадларида қўлланилади. Бундай ёрдам Афғонистонга кириш ва чиқиш йўлини қўриқлаш имкониятини ҳам оширади, - деди АҚШ Давлат департаменти мулозими.

Виктория Нуланд Ўзбекистон раҳбарлари билан сўзлашувлар чоғида Қўшма Штатлар расмийлари доим инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш, ислоҳотлар ўтказиш ва томонларни қизиқтирган бошқа масалаларини иккиланмай муҳокама қилиб келганларини қўшимча қилди.

- Жиддий сўзлашувлар олиб боришдан ҳеч ким ўзини олиб қочаётгани йўқ. Ўзбекистон билан муносабатларда ҳимоя қилишимиз керак бўлган бизнинг бошқа манфаатларимиз ҳам бор, - деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби.

АҚШ Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишга жорий қилинган таъқиқ 2013 йилнинг сентябр ойигача вақтинча тўхтатилган.

АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни 2014 йилда тарк этиши режаланган.
XS
SM
MD
LG