Линклар

Роғун атрофидаги аҳоли кўчирилиш жараёнидан норози

  • Гулнора Равшан

Тасдиқланган маълумотларга кўра, Роғун ГЭСи сув омбори тушадиган ҳудуддаги учта қишлоқдан 6536 кишидан иборат 1509 та оила хавфсиз жойларга кўчирилиши лозим.

Тасдиқланган маълумотларга кўра, Роғун ГЭСи сув омбори тушадиган ҳудуддаги учта қишлоқдан 6536 кишидан иборат 1509 та оила хавфсиз жойларга кўчирилиши лозим.

“Роғун ГЭСи сув омбори қуриладиган ҳудуд аҳолисини кўчириш жараёни муносиб тарзда амалга оширилмаяпти”.

Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари бюроси қошидаги мониторинг гуруҳи мутахассислари ана шундай хулосага келди.

Мазкур бюронинг Роғун ГЭСи сув омбори атрофидаги қишлоқлар аҳолисини хавфсиз ҳудудларга кўчириш ишлари бўйича мониторинг гуруҳи мувофиқлаштирувчиси Тахмина Жўраеванинг билдиришича, бу ҳудуд аҳолиси кўчириш жараёнидаги бир нечта ҳолат юзасидан шикоят қилган.

- Энг катта муаммо кўчирилаётган оилалар мулкига давлат идоралари томонидан нарх бичиш масаласидир. Бизнинг сўровларимизда қатнашган кўпчилик ўзига тегишли мулк бундан икки йил аввалги нарх асосида баҳоланаётгани ва ўтган бу вақт давомида инфляция даражаси ошгани туфайли бугун ҳукумат томонидан ўзларига ажратилган товон пулига янги уйлар қуриш имконсизлигидан шикоят қилди, - деди Тахмина Жўраева.

Унинг айтишича, Роғун сув омбори ҳудудидан кўчирилаётган маҳаллий аҳоли дуч келаётган яна бошқа муаммо бу уларга ажратилган товон пулининг қисмларга бўлиб берилаётгани экан.

- Аҳолини ночор аҳволга қўяётган бошқа муаммо бу товон пулининг босқичма-босқич бўлиб-бўлиб берилаётганидир. Биз бу масала атрофида жуда кўп гапирдик, баҳслашдик, лекин афсуски, бу масалада ҳам яхши томонга ўзгариш йўқ, - деди Тахмина Жўраева.

Суҳбатдошимиздаги маълумотларга кўра, ГЭС сув омбори тушадиган ҳудуддан кўчирилаётган оилалар мулки 15 мингдан 40 минг АҚШ долларигача этиб белгиланган бўлиб, давлат томонидан аҳолига берилаётган товон пуллари тўрт босқичда, яъни 25-30 фоиздан тақсимлаб берилаётир.

Жўраева хоним фикрича, аҳоли тезроқ уй-жой қуриб олиши учун уларга ажратилган товон пули ҳажми белгиланган 30 фоиздан оширилиши лозим.

Маҳаллий муҳожирларни кўчириш бўйича идора раиси Рамазон Мирзоевнинг иддаосига кўра эса, кўпчилик оилалар ҳукумат томонидан ажратилган товон пулини бошқа мақсадларга сарфламоқда.

- Масаланинг ана шу жиҳатларини таҳлил қилиб, аҳоли манфаатларини кўзлаган ҳолда, товон пулини босқичма-босқич беришга қарор қилинди, - деди ГЭС атрофидаги аҳолини кўчириш бўйича идора раиси Мирзоев.

Тасдиқланган маълумотларга мувофиқ, ГЭС атрофида истиқомат қилган оилалар республиканинг Сўғд, Хатлон ва Бадахшон вилоятлари ва туманларига кўчирилган.

Роғун ГЭСи сув омбори атрофидаги қишлоқлар аҳолисини хавфсиз ҳудудларга кўчириш ишлари бўйича мониторинг гуруҳи мувофиқлаштирувчиси Тахмина Жўраеванинг айтишича, кўчирилган аҳоли билан ўтган йил баҳорида ўтказилган суҳбатларда янги жойларда инфратузилма, тоза ичимлик суви таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилмагани маълум бўлган.

Маҳаллий муҳожирларни кўчириш бўйича идора раиси Рамазон Мирзоев Озодлик мухбири билан суҳбатда янги жойларга кўчирилган одамлар бу каби муаммоларга дуч келаётганига оид маълумотларни инкор қилди.

- Турсунзода, Рудакий, Данғара, Нуробод туманларида тоза ичимлик суви ва электр таъминоти ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш ишларини аллақачон йўлга қўйдик. Мактаблар масаласида эса маҳаллий муҳожирлар фарзандлари учун замонавий мактаблар қуришни бошладик. Бу йил охирига қадар Турсунзоданинг Тўйчи участкасида, Данғара туманида янги мактаб қурилиши дастурга киритилган, - деди Рамазон Мирзоев.

Расмийнинг билдиришича, Тожикистон ҳукумати сув омбори атрофидаги оилаларни кўчириш учун тахминан 40 миллион сомоний ёки тақрибан 8,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлаган. Бу харажатларга кўчирилмиш оилалар мулки учун ажратилган пуллар ҳам киради.

Ҳозирча ҳукуматнинг Роғун ГЭСи атрофидаги қишлоқларни кўчириш дастуридан норози бўлаётган кишилар сони аниқ эмас.

“Лекин, - дейди мустақил кузатувчилар, - янги жойларда маҳаллий муҳожирларга таълим ва тиббий хизмат кўрсатиш шароитлари яратиб берилмаётгани ва ҳукумат ажратган товон пулининг янги уйлар қуриш учун етмаётгани сабабли кўпчилик оилалар аввалги яшаш жойларига қайтишга мажбур бўлаётир”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG