Линклар

logo-print

ЕХҲТ Остонани сиёсийларни озод қилишга чорлади


Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтиснинг яна икки ҳафтадан кейин уйга қайтиши кутилмоқда.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтиснинг яна икки ҳафтадан кейин уйга қайтиши кутилмоқда.

ЕХҲТ парламент ассамблеяси инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раиси Маттео Меккачи қозоқ расмийларидан сиёсий маҳбусларни озод қилишни сўради.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис яқин орада озод этилажагини эшитган жаноб Меккачи қозоқ расмийларининг бу қадамини олқишлади.

- Мен Жовтиснинг қамоқдан озод этилиши Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ривожида янги босқичнинг бошланишига сабаб бўлади, деб умид қиламан. Мен Жовтиснинг ҳибсга олингунига қадар шуғулланган ҳуқуқ ҳимоячилиги ишини давом эттиришини сабрсизлик билан кутаяпман, - деди Маттео Меккачи.

Қозоғистоннинг Уст-Каменогорск шаҳар суди 1 феврал куни таниқли ҳуқуқ фаоли¸ Инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро бюро раҳбари Евгений Жовтисни амнистия асосида озодликка чиқариш ҳақида қарор қабул қилган.

Пиëданинг ўлими билан тугаган автоҳалокат учун айбдор деб топилмиш Жовтис 2009 сентябрида жазони манзил колониясида ўтказиш шарти билан 4 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Ҳуқуқ ҳимоячисининг яна икки ҳафтадан кейин уйга қайтиши кутилмоқда.

ЕХҲТ парламент ассамблеяси инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раиси Маттео Меккачи 2010 йил майида қамоқхонадаги ҳуқуқ фаоли Евгений Жовтис зиёратига борганди. ЕХҲТ расмийлари ҳам бошқа халқаро ташкилотлар сингари 2,5 йилдан буён Жовтиснинг қамоқда сақланиши юзасидан ташвиш билдириб келаётган эди.

- Гарчи Жовтис озод қилинган бўлса-да, ўзининг йиғилиш эркинлиги ёки фикр эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланишга урингани учун қамоқхоналарда қолаётган одамлар, афсуски, ҳали-ҳамон кўп. Мен Қозоғистонни эркинликларга риоя қилиш бўйича ЕХҲТ олдидаги мажбуриятларини ҳурмат қилишга ҳамда Игор Винявский ва Владимир Козлов каби сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақираман, - деди ЕХҲТ парламент ассамблеяси вакили Маттео Меккачи.

Шу йилнинг 26 январ куни Олмаота суди рўйхатга олинмаган “Алға” партияси лидери Владимир Козлов ва “Взгляд” газетаси муҳаррири Игор Винявскийни икки ой ҳибсда сақлаш бўйича қарор чиқарганди. Мухолифатдаги партия раҳбари Козлов ижтимоий низо қўзғаганлик, муҳаррир Винявский эса конституциявий тузумни ағдаришга даъват қилганликда айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG