Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:26

Андижонлик божхоначилар судланди


Андижон вилояти божхона бошқармаси инспекторлари Ш.Ортиқов ва И.Камоловлар ўз мансаб ваколатларини суистеъмол қилганлик ва ғайриқонуний даромад орттириб келганликда айбланиб, вилоят суд ҳукми билан турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.

Бу ҳақда хабар тарқатган NewsUz.Com Интернет сайти хабарига кўра, Қўрғонтепа туманидаги “Савай” темирйўл божхона пости инспектори Ортиқов мусодара қилинган товарлар баҳосини сунъий равишда тушириш эвазига шу товарларни сотиб олган тадбиркорлардан пора олиб келган.

Бу хабарга кўра, Қирғизистон чегарасида жойлашган “Мингтепа” божхона пости инспектори Камолов мамлакатга ҳужжатсиз киритилаётган полиэтилен маҳсулотини расмийлаштирмасдан ўтказиш эвазига пора олаётган пайтда қўлга олинган.

Андижон вилояти божхона бошқармасининг матбуот хизмати раҳбари Жамол Йўлчиев Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам бу икки нафар божхона ходими жиноий жавобгарликка тортилганини тасдиқлади, бироқ бу ходимлар ҳақида қўшимча маълумот бериш ваколатига эга эмаслигини айтди:

- Фақат шуни айтишим мумкин, бизда коррупцияга қарши изчил ички курашимиз, профилактик тадбирларимиз бор,- деди Андижон вилояти божхона бошқармасининг матбуот хизмати раҳбари Жамол Йўлчиев.

Бироқ Андижон божхона хизмати ичида коррупцияга қарши кураш ҳамма вақт ҳам изчил олиб борилмаётганга ўхшайди. Зеро, андижонлик Жаҳонгир Қосимовнинг чегарадан юк ўтказадиган тадбиркор танишларининг гапларига таяниб айтишича, божхона ходимларининг аксарияти коррупцияга аралашган:

- Андижон вилояти божхонасида тўғри ишлайдиган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Вилоят Қирғизистон билан чегарадош бўлганлиги учун, асосан, Хитой товарлари ўтиб туради. “Дўстлик” чегара постидан товар олиб ўтиш тақиқланган. Шунинг учун тадбиркорлар товарни Қўқондан олиб келишаётган эди. Энди, таниш тадбиркорларнинг айтишича, ҳозир “Дўстлик”дан кечаси юк олиб ўтишяпти. Кеча мен ўша ерга борган эдим, ўзим “Дамас”ларда юк олиб ўтишаётганини кўрдим,- дейди Жаҳонгир Қосимов.

Кузатувчи ўз шубҳаларини чегара постидан юклар тунда олиб ўтилаётганлиги билан изоҳлайди.

Андижон вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош Қўрғонтепа туманида истиқомат қилувчи Нишонбойнинг айтишича, юк олиб ўтаётган шахслар божхоначиларнинг қайси сменада ишлашини билиб, ўшалар билан келишиб олади:

- Бардак бўлиб кетган чегара. Пора олади булар. Милициясини ҳам, божхоначисини ҳам, чегарачисини ҳам тили бир. Бир-бирлари билан келишиб тунда иш қилади. Чегарада яшайман. Бунга жуда кўп гувоҳ бўлганман,- дейди Нишонбой.
XS
SM
MD
LG