Линклар

logo-print

Тошкент, Оқсарой, И. А. Каримовга! Табрик хатимни туғилган кунингиздан бир кун олдин жўнатдим. Лекин Новосибир узоқ жой бўлгани учун кечроқ етиб борса узр сўрайман.

Ассалому алайкум, менинг жонажон Ўзбекбошим!

Чарчамай-нетмай, туғилган кун ташвишларидан қутилиб олдингизми?

Новосибир ўрмонларида яшаётган ўзбеклар аҳли ва шахсан ўзим номимдан сиз муҳтарамга оташин саломларга қўшиб, туғилган кунингизга аталган табрик хатини йўлламоқдаман.

Соғлиқларингиз яхшими, янгам чопиб-чопқиллаб, ўйнаб-кулиб юрибдими?

Биздан сўрасангиз, ҳаммамиз соғ –саломатмиз. Ҳануз, уззукун дуои жонингизни қилиб яшаяпмиз.

Тирикчиликни эплаб турибмиз, маҳаллий аҳоли билан қуда-андачиликни ҳам бошлавордик.

Кеча сигиримиз эгиз туғди, “оғиз сути”дан сизгаям илиниб, икки кунлигини йиғиб самолётда юбормоқчи бўлдим.

Буни эшитганлар айтишдики, саройингиздагиларнинг ҳаммаси очофат экан, сизга бермасдан ўзлари еб қўйишармиш.

Менимча, гапларида жон бор, ўйлаб қарасам мендан бошқа ҳамма сизга душман экан.

Саройдагиларнинг ҳеч қайсига ишонч йўқ, ҳаммаси пайт пойлаб бирор кун кўзингизга чўп тиқиш пайида.

Айниқса, битта турқи совуғи бор, қишлоқда свет йўғида "Жинлипи" телевизоримни аккумуляторга қўшиб, томоша қилаётганимда экранда кўриниб қолса, қўрққанимдан лабимга учуқ тошиб кетарди.

Доим сизни мақтаб юрадиган шоирингизни ҳам кўзлари бежо. Олдингизда ёлғондакам илжайиб тургани билан ичида доим сизни сўкади. Россиядан чиққан Ўлмас Кашшейга ўхшайди. Балким ўшадир, ҳарҳолда ундан узоқроқ юриш керак. Бунақаларнинг жони тухумида бўлади, ҳар замонда эзғилаб турсангиз, ҳаддидан ошиб кетмайди.

Четда юрганларнинг ҳам жуда кўпчилиги сизга ҳасад қиларкан. Бир -бири билан қоронғуда топишиб, сизга қарши “шайка”лар тузиб олганмиш.

Кунини кўролмай, қилтиллаб, зўрға юришгани билан оғизларидан инқилоб тушмайди.

Биттаси айтганмишки, олти ойда инқилобни сизнинг бошингизга "заказной" қалпоқ қилиб, кийдириб қўярмиш.

Уларга “Инқилобни қалпоқ қилгунча, иссиқда бошларингга шапка-мапка кийиб юринглар. Мияларинг жазирамада чала пишган тухумдек нари-бери бўлиб қолибди” дедим.

Бу нодонларга халқимизнинг сиз бошчилигингизда буюк келажакка равона бўлаётганини тушунармикин деган умид билан "Эволюциянинг ўзбек модели" деган қўлланма ёзиб бердим.

Тушуниш қайда, ҳатто ўқишниям билмаскан, бу чаламуллалар. Бекорга эмас экан, уларнинг "чуркалар" деб аталгани, қоралик астаригаям сингиб кетган экан.

Туну-кун нолиганлари -нолиган, топган гаплари "свет йўқ, “газ йўқ".

- Отанг ким, энанг ким, тезагингни ёқсанг-чи, -дедим.

Қишлоққа борсам тезак, таппи ишлаб чиқарадиган цех очмоқчиман. Маҳалладан ортса, Фарғона-ю Хоразмга олиб бориб сотаман.

Майли, бу ғаламисларга ҳечам эътибор берманг, "ит ҳуради, карвон ўтади" дейишади.

Янгиликларни ўқисам, туғилган кунингиз нефт 0.18% арзонлабди. Қанийди бир йилда беш-олти маротаба туғилиб турсангиз, бензинам арзонлаб қолармиди.

"Ўзбекистонда яшаётган миллион- миллион ёшларни мен ўз фарзандим деб биламан, мен фарзандларимни ҳар -хил қаланғи-қасанғиларга бериб қўймайман" деган гапингизни эшитиб, "отамни топдим" деб хурсанд бўлганимдан кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетган.

Менга қолса сизнинг туғилган кунингизни миллий байрамга айлантирардим. Атрофингиздаги "лаганчилар" сизни чинданам яхши кўришганида эди, Тошкентга киришдаги ГАИ постида ҳайкалингизни ўрнатган бўлишарди.

Таъбингизни хира қилманг, ҳадемай бу ювиндихўрлардан қутуласиз. Пенсияга чиққанингизда ўзим уйингизга бориб, текинга ҳалинчак қуриб бераман. Маза қилиб невараларингиз билан учасиз.

Бир вақт топиб биз томонларга ҳам келинг-а, янгам билан. Дарёни қалин муз қоплаган, яхмалак учамиз, музни ёриб балиқ овлаймиз.

Қўшним Дядя Степан яхши самогон тайёрлайди, ичган одам лазгига тушиб кетади. Бир бочкасини атай сиз учун олиб қўяман.

Майли, хатим чўзилиб кетди, молларгаям қараш керак ҳали.

Бахтимизга доим эсон-омон бўлинг, яхши кунларда тўрт кўз тугал кўришайлик, деб Марказий Осиё ва Россияда хизмат кўрсатган олий тоифали гастарбайтер Шавкат Муҳаммад.

(Каминанинг айтганларини Дядя Степаннинг қизи Лена оққа кўчирди)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG