Линклар

Жаҳон банкининг Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари Алекс Крамер қирғиз ҳукумати йиғилишида стакан синдирди ва сўкинди.

Мазкур воқеа 3 феврал куни Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Жўмарт Ўтўрбаев раислигида ўтаётган йиғилиш пайтида содир бўлди.

Жаҳон банкининг Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари Алекс Крамер донорлар билан ўтказилаётган йиғилишда ўз ташкилоти қирғиз ҳукуматининг 100 кунлик ислоҳот лойиҳасини қўллашини ва молиявий кўмак кўрсатишга ҳозирлигини билдирган.

Крамердан сўнг Халқаро валюта жамғармасининг Қирғизистондаги доимий вакили Коба Гвенатадзе сўз олган. Шу пайтда Алекс Крамер стол устида турган стаканлардан бирини полга уриб синдирган ва "Эй, Худойим! Мен бу жойдан кетаман!" деганича йиғин залини тарк этган.

Ахборот агентликларининг билдиришича, бу воқеадан сўнг йиғилишда ноқулай жимлик пайдо бўлган. Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги вакили Шантал Эбберхет йиғиндагиларга айни пайтда Алекс Крамер оғир кунларни бошидан ўтказаётганини билдирган. Бир неча дақиқалик сукутдан сўнг йиғилиш яна давом этган.

Жахон банкининг Қирғизистондаги ваколатхонаси ўз раҳбарининг ҳатти-ҳаракатларини тушунтириб, матбуотга баёнот тарқатди. Унда айтилишича, “йиғилиш пайтида Алекс Кремерни гипертоник криз (қон босими касаллигининг бир тури- таҳр.,) ҳуружи тутган”.

“Биз унинг аҳволидан ҳавотирдамиз. Крамер ҳеч қачон бугунгидай ҳаракатларни қилмаган эди ва бу унга ҳос ҳаракат эмас. У руҳан соғлом шахсдир”, дейилади баёнотда.

Алекс Крамер 2010 йилда Жаҳон банкининг Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари лавозимига тайинланган эди.
XS
SM
MD
LG