Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:44

НАТО юклари Ўзбекистондан ўтмайди


“КоммерсантЪ” газетасининг ёзишича, НАТО юкларининг ўз ҳудуди орқали ўтказилиши наркотиклар ва қурол-яроқ контрабандасига йўл очишидан чўчиган Ўзбекистон ҳукумати бундай транзитга рухсат бермаган.

Газетанинг билдиришича¸ 2014 йил охирига қадар Афғонистонни тарк этиши режаланган халқаро кучлар юклари Афғонистондан Россиянинг Уляновск шаҳрига қадар самолëтларда¸ ундан у ëғига эса¸ темир йўл орқали Европага еткизилади.

Бу юкларни ташишда НАТО учқичлари баробарида Россия юк самолëтлари ҳам иштирок этади.

Бу ҳақда “КоммерсантЪ” газетасига ахборот сиздирган Россия Ташқи ишлар вазирлиги дипломатининг билдиришича¸ Тошкент ҳукуматини юзлаб¸ балки минглаб вагонга ортиладиган НАТО юклари ичида Ўзбекистон ҳудудига катта партия наркотик ëки қуролларнинг кириб келиши қўрқитган.

Бундай қўрқувдан xоли бўлган Россия ҳукумати НАТО расмийлари билан ҳарбий иттифоқ юкларини Афғонистондан чиқариш борасидаги кўп жиҳатли ҳамкорликка жон деб рози бўлган.

Зотан бундай ҳамкорлик Россияга ҳам сиëсий¸ ҳам иқтисодий манфаат келтиради – бир томондан Москва НАТО билан сўзлашувларда ишлатиши мумкин сиëсий қартани қўлга киритса¸ иккинчи томондан ҳам Россия ширкатлари НАТОдан катта хизмат ҳаққи олади¸ ҳам ҳукумат транзит учун мўмайгина тўлов олади¸ деган мазмунда гапиради “КоммерсантЪ” манбалари.

"КоммерсантЪ" газетасининг билдиришича¸ НАТО юкларини Ўзбекистонни четлаб ўтиб Россия орқали олиб чиқишга оид ўзаро келишувга яқин кунларда Россия Бош вазири Владимир Путиннинг имзо чекиши кутилмоқда.

Озодлик билан суҳбатида “КоммерсантЪ” мухбири Владимир Соловьёв Афғонистондан чиқиш режаси доирасида НАТО расмийлари Ўзбекистон билан ҳам параллел сўзлашувларни олиб бораётган бўлиши мумкинлигини билдиради. Аммо унга кўра, Каримов билан келишувга эришиш мураккаблигини англаган наточилар, юкларни Россия орқали олиб чиқиш режаси ишончлироқ¸ деган хулосага келишган.

Ҳозирча НАТО юкларини Ўзбекистонни четлаб ўтувчи ҳаво ва қуруқлик йўли орқали олиб чиқишнинг НАТО манфаатига қанчалик мос экани ҳақида фикрлар йўқ.
Аммо юкларнинг бир қисмини учқичлар орқали Россияга олиб келиш ва ундан сўнг Европа ва АҚШга ташишнинг Ўзбекистон қуруқлик коридори орқали транзит қилишдан кўра анча қимматга тушишини тахмин қилиш мумкин.

Ҳозирда НАТО ва АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбийлари таъминоти учун зарур юкларнинг 70 фоиздан кўпроғи Ўзбекистондан ўтувчи Шимолий таъминот тармоғи орқали олиб кирилмоқда ва бу коридор учун Ўзбекистон ҳукумати Ғарб ҳукуматларидан юзлаб миллион транзит ҳақи олмоқда.

Ўзини жаҳон оммавий ахборот воситалари билан Ироқ¸ Афғонистон¸ Қувайт¸ Баҳрейн ва Қатарда жойлашган АҚШ ҳарбийлари ўртасидаги ишончли воситачи деб тақдим этган Америкадаги Dvidshub.net нашри 2011 йилнинг 28 ноябр куни АҚШ генерали Брукс Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев билан учрашиб, АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш жараёнида ҳарбий техникани қайта тақсимлаш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилганини хабар берган эди.

Айни шу манба АҚШ генерали билан учрашувда Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев НАТО Афғонистондан ўз юклари¸ хусусан ҳарбий техникасини Ўзбекистон орқали олиб чиқиши ва бу ҳарбий техниканинг бир қисми Ўзбекистон ҳудудида қолдириши ҳақида баëнот берганини ëзган эди.

АҚШ ҳарбий манбалари тарқатиб¸ кўп ўтмай олиб ташланган бу маълумот муносабати билан Россия бундай режага эътироз билдирган эди.

Ҳозирча НАТО юкларини Ўзбекистонни четлаб ўтиш режасининг бу эътирозга алоқаси бор-йўқлиги ҳақида маълумот йўқ.

Куни-кеча АҚШ Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишга жорий қилинган таъқиқни вақтинча тўхтатган ва ўз қарорини Ўзбекистоннинг Афғонистондаги кучларга таъминот етказишда муҳим давлат бўлгани билан изоҳлаган.
XS
SM
MD
LG