Линклар

Аслимо момо Гиннес китобига кирмоқчи

  • Гулнора Равшан

Аслимо Имомёрбекова шу кунгача касалхонада ётиб даволанишга муҳтож бўлмаган.

Аслимо Имомёрбекова шу кунгача касалхонада ётиб даволанишга муҳтож бўлмаган.

Гиннес рекордлар китобига кириш иштиëқида бўлган тожикистонлик 76 ёшли Аслимо Имомёрбекова сўнгги ўттиз йил давомида йилнинг тўрт фаслида ҳам очиқ ҳавода тунайди.

Бадахшон вилоятининг Хоруғ туманига қарашли Хидоржеви қишлоғидан бўлган Аслимо Имомёрбекова қишнинг қаттиқ аёз кунлари ҳам ҳовлисидаги ёпиқ айвонда тунайди. Унинг ёнида ҳар доим бир челак совуқ сув туради. Онахон совуқ сув грипп, шамоллаш ва бош оғриғига даво эканини айтади.

-Ўттиз йилдан буён ташқарида тунайман. Бунинг менга фойдаси бор. Ҳали бирор марта грипп бўлмадим. Баъзида бошим оғрийди, лекин совуқ сув ичсам ўтиб кетади,- дейди хоруғлик онахон.

Кампирнинг ўғли қишоқ аҳолиси учун ҳаммом қуриб берган. Лекин Аслимо ая бу замонавий ҳаммомга бормайди. Унинг ўрнига совуқ сувга чўмилади.

Хонадон келини Ширинмоҳ Хушқадамова илк бор бу оилага бирикканида қайнонасининг ҳовлида тунашини кўриб кўнгли ранжиганини айтади.

-1987 йил эди. Кампирнинг ҳовлида кўрпа-тўшак қилганини кўриб, хижолат бўлдим, “қўшнилар нима дер экан”, деб. Ичкарига тўшак солдим, лекин қанчалик ялиниб ёлвормай барибир қайнонам ичкарига кириб ётмади. Кейинчалик билсам қўшнилар ҳам кампирнинг бу ғайриоддий табиатидан хабардор экан, - дейди жисмонан чиниққан кампирнинг келини Ширинмоҳ.

Аслимо аянинг айтишича, у болалигида ёз кунлари онаси ва опа-синглилари билан сувоқланган том устида тунаган. Ёз ўтиб, оила аҳли ичкарида ухласа-да, аммо Аслимо ёмғир ёки қор ёққандан кейин пастга тушган. Замона зайли билан Аслимоҳларнинг сувоқли томи шифер билан қопланди ва у том устида, яъни очиқ ҳавода ухлашдан маҳрум бўлди. Йиллар ўтиб Аслимоҳ ҳовлисидаги айвонини доимий ётоқхонасига айлантирди.

Аслимо аянинг Гиннес рекордлар китобига кириш иштиёқи, кампирнинг яқинларидан бирининг айтишича, қишлоқдошларининг бу китоб атрофидаги баҳсларидан сўнг пайдо бўлди.

Хоруғликларга кўра, аксарият тожикистонликлар уй ичида ҳам совуқдан шикоят қилаётган айни кезда, қишнинг қаҳратонида ҳам совуқ сув ичиб ташқарида тунаётган Аслимо момо Гиннес рекорди учун энг арзирли номзоддир.

- Ҳозир қаёққа қараманг ҳамма грипп, шамоллаган, йўталган, аммо кампир нафас йўлларининг шамоллаши нима эканини билмайди. Ёшига қарамай, мактаб-интернатда фаррошлик қилади. Баъзан телевизор орқали Гиннес китоби рекордларини кўрамиз. Бизнинг қишлоқдошимиз ҳам бу китобга киришга арзийди, - дейди Хидоржеви қишлоғида яшаётган Зулайхо Назаршоева.


Мустақил таҳлилчи Давлат Усмон ҳам 76 ёшли момонинг Гиннес рекордчиларидан бири бўлишни истайди.

- Лекин юртдошимизнинг Гиннес китобига кириш имконияти деярли йўқ. Чунки дунёнинг турли бурчида бошпанасиз, ўрмонда, дала-даштда, қишин ёзин палаткада яшаётган одамлар талайгина. Масалан, Ёвон туманида яшаб ўтган бир отахонни билардим. У киши 96 ёшида ҳам ҳовлисидаги айвонда ухларди. Умрининг охиригача касалхона деган нарсани билмаган. Бундай мисолларни жуда кўп келтириш мумкин, - дейди Давлат Усмон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG