Линклар

Ўшда ўзбекларнинг адвокатига таҳдид қилинди

  • Шерзод

Татяна Томина бундан аввал ҳам таҳдидларга учраган эди.

Татяна Томина бундан аввал ҳам таҳдидларга учраган эди.

Ўш қирғини юзасидан бўлиб ўтаётган маҳкамаларда судланувчилар ва уларинг адвокатларига миллатчилик руҳидаги босим кўрсатиш ҳолатлари давом этмоқда.

2 феврал куни Ўш шаҳар судида бўлган воқеа тўғрисида адвокат Татяна Томина Қирғизистон президентига, ҳукуматига, Бош прокуратура ва бир қанча халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига арз ёзган.

Адвокатнинг айтишича, маҳкамада судланувчиларгагина эмас, адвокатнинг ўзига ҳам миллатчилик руҳидаги босим бўлган.

- Маҳкамага жабрланувчиларнинг адвокати ва гувоҳлар келмагани учун суд кейинга қолдирилди. Ўша пайтда жабрланувчилар тўпалон чиқариб, судланувчиларга ташланишди. Мен аралашишга ҳаракат қилдим, бироқ панжара ортида ўтирган судланувчиларни калтаклай бошлашди. Мени ҳам миллатчилик руҳидаги ёмон сўзлар билан хақорат қилишди,- деди адвокат.

Маҳкамада Татяна Томина 2010 йил Ўш воқеаларида икки одамни ўлдирганликда айбланаётган икки кишидан бири - Хасанбой Мирзакаримовга адвокатлик қилмоқда. Судланувчиларнинг яна бири эса Маъруф Исмановдир.

Татяна Томина маҳкамада иштирок этаётган куч тизими ходимлари ҳам судланувчилар калтакланишини тўхтатишга ҳаракат қилмаганини ҳам айтди:

- Маҳкамада фақат икки конвой бўлгани учун судланувчиларни ҳимоя қила олишмади. Бошқа ёрдам чақирай деб ташқарига чиқсам, прокурор Марат Бўтўяров кулиб турибди, “келиб ёрдам Бер, тўхтатайлик”, десам бўлмади. Жабрланувчиларнинг адвокатига айтсам, у менга “сен аралашма калтаклаб олишаверсин”, деди. Бироқ унинг қилган иши тўғри эмасда,- дер экан Татяна Томина, шунингдек, жабрланувчилар унинг бир қанча ҳужжатларини ҳам йиртиб юборганларини қўшимча қилди.

Маҳкамада қораловчи сифатида иштирок этган Марат Бўтўяров эса Озодлик радиоси мухбирининг бу борада берган саволига жавоб беришдан бош тортди:

- Мен бу борада гапира олмайман, мен хеч нарса билмайман, - деди прокурор.
Жабрланувчиларнинг адвокати Аваз Мирзаев воқеа умуман бошқача бўлганини айтмоқда:

- Бу ерда ўйин эмас, икки одамни ўлдириш бўйича маҳкама бўлаяпти. Шунга қарамай, адвокат Томина залда ўтирганларни эътиборга олмай, одамларнинг ғашига тегиб, бировлар билан телефонда гаплашиб ўтирди. Шунга нисбатан норозилик бўлиб, залда ўтирганлар: “Сен нега бизнинг қайғуимизни ҳурмат қилмайсан”, деб бақириб юборишди. Улар фақат адвокатга эмас, судяга прокурорга ҳам “Бу ишни қачон якунлайсизлар”, деб бақириб, ўз норозилигини билдиришди. Бундан бошқа адвокат Томинага хеч қандай сўз бўлмади,-деди жабрланувчиларнинг адвокати.

Ўш шаҳар прокурори Атай Шакир ўғлининг маълум қилишича, мазкур воқеа юзасидан Ўш шаҳар прокуратурасига адвокат Татяна Томинанинг арзи келиб тушди. Айни пайтда Ўш шаҳар прокуратурасига мазкур маҳкамада иштирок этган жабрланувчилар яқинларидан ҳам адвокатлар томонидан нотўғри ҳаракатлар бўлгани борасида арз ёзилган.

- Ҳозирда икки ариза ҳам бизда рўйҳатга олиниб, текширув олиб борилмоқда. Текширув натижаларига асосан қонуний қарор чиқарилади, - деди Ўш шаҳар прокурори Атай Шакир ўғли.

Ҳуқуқ ҳимоячилари эса мазкур ҳолатлар юзасидан олиб борилаётган текширувлар охирига етказилиши ва айбдорлар жазоланишига шубха билан қарашмоқда:

- Прокуратура бу йўналишда кўп иш олиб бориб, Атамбаев “Қонунга амал қилинсин, адолат ўрнатилсин”, деган чақириқлар қилганда, вазият озгина тинчиб, барқарорлик ўрнаётганида Томина ва бошқа адвокатларни яна калтаклаб, адолат ўрнатилишига қарши бўлаётган одамлар жазоланмаяпти. Асосан Ўшда, Жалолободда, Боткенда прокурорлар ҳам ишлашмаяпти. Бу эса аксинча катта хавфдир, - деди таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлейқан Исмаилова.

Ўшлик адвокат Татяна Томина бунгача ҳам жабрланувчилар томонидан маҳкама ва тергов жараёнларида бир неча маротаба калтакланган ва таҳдидларга учраган.
Сўнгги бир ярим йил давомида у асосан 2010 йил Ўш воқеаларида айбланиб қўлга олинганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб келмоқда. Ўш воқеалари юзасидан айбланиб қўлга олинганларнинг аксарияти ўзбеклар экани ҳам айтиб келинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG