Линклар

БМТ Хавфсизлик кенгашида вето қўйиш ҳуқуқидан фойдаланган Россия ва Хитой 4 феврал куни Суриядаги вазият бўйича резолюцияни ўтказмади.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин резолюция лойиҳаси бўйича овоз бериб бўлинганидан сўнг “овоз беришга қўйилган резолюция лойиҳаси Суриядаги воқеликни тўғри акс эттирмаган”ини таъкидлади. У БМТ хавфсизлик кенгашига аъзо қатор давлатларни Суриядаги сиёсий вазиятни изга солишга тўсқинлик қилганликда айблади. Чуркин Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Ташқи разведка хизмати раҳбари Михаил Фрадковнинг 7 февралга мўлжалланган Сурия сафари бу мамлакатдаги бўҳронни сиёсий жиҳатдан йўлга солишга кўмаклашиш уриниши бўлишига ишонч билдирди.

Россиянинг Сурия бўйича резолюция қабул қилинишига тўсқинлик қилиши БМТ раҳбарияти томонидан ҳам, Хавфсизлик кенгашининг бошқа аъзолари томонидан ҳам танқидга учради.

Хусусан, БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Сурия бўйича резолюцияга Россия ва Хитой томонидан вето қўйилиши ташкилот обрўсига путур етказаётганини қайд этди. Бош котиб “Сурия расмийлари мамлакат халқига қарши зўравонликни зудлик билан бас қилишга чақирувчи якдил овоз эшитиши керак бўлган бир пайтда” резолюциянинг қабул қилиниши бўйича Хавфсизлик кенгаши дуч келган муваффақиятсизлик юзасидан “чуқур таассуф” билдирди.

Сурия бўйича Россия позициясини АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳам танқид қилди. Хавфсизлик масалалари бўйича Мюнхен конференциясида сўзлаган Клинтон хоним Суриядаги таранглик эскалациясидан хавотир олаётганини билдирди. Унинг фикрича, президент Башар ал-Ассад тарафдорлари ва мухолифлари ўртасидаги тўқнашувларнинг фуқаролар уришига айланиб кетиш хавфи кучайиб бормоқда.

Франция президенти Николя Саркозининг фикри ҳам АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон мулоҳазасига ҳамоҳангдир. Саркозига кўра, БМТ хавфсизлик кенгашида Сурия бўйича янги резолюция лойиҳасини ўтказмаган Россия ва Хитой президент Башар ал-Ассад “режимининг шафқатсиз ва тийиқсиз сиёсати давом этишига йўл қўймоқда”.

БМТ Хавфсизлик кенгашида кеча овозга қўйилган Сурия бўйича резолюция, лойиҳа муаллифларига кўра, бу мамлакатда қарийб бир йилдан буён давом этиб келаётган зўравонликларга чек қўйилишини кўзда тутганди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари бўлган Россия ва Хитой шунинг билан иккинчи марта Сурия бўйича резолюцияни ўтказмай қўйдилар. Биринчи сафар улар 2011 йил октябрида бу мамлакат бўйича резолюция қабул қилинишига тўсқинлик қилгандилар.

Сурияда ўтган йилнинг март ойидан буён давом этаётган тўқнашувларда, БМТ маълумотларига кўра, қарийб беш ярим минг киши ҳалок бўлган.

Чунончи ўтган жума куни Ҳомс шаҳри тўпга тутилиши ортидан 250 чоғли киши нобуд бўлгани айтилмоқда. Ҳуқуқ фаоллари бу ҳужумда ҳукумат қўшинларини айблаяпти, Сурия расмийлари эса Ҳомсдаги воқеаларга ҳукумат қуролли кучларининг алоқаси йўқлигини иддао қилмоқда.

Ҳомсдаги қонли воқеаларидан сўнг ва БМТ Хавфсизлик кенгашида Сурия бўйича янги резолюцияга овоз берилишидан олдин сўзлаган АҚШ президенти Барак Обама Ҳомс шаҳрида тинч фуқароларнинг қирғин қилинишида президент Башар ал-Ассад бошлиқ ҳукуматни айблаб чиққанди.

- Ассад ўз фуқароларини ўлдириш кампаниясини зудлик билан тўхтатиши ва ҳокимиятдан кетиб, мамлакатда демократик ўзгаришлар учун йўл очиб бериши керак, - деганди президент Обама.

Айни пайтда хориждаги сурияликлар бир қанча мамлакатда президент Башар ал-Ассад режимига қарши норозилик намойишларини ўтказмоқдалар. Бу акцияларнинг аксарияти Сурия элчихоналари олдида ўтказилаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG