Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:44

Футбол: Ўзбекистон-Австралия 2:0


Ўзбекистон олимпия терма жамоаси.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси.

Тошкентнинг "Жар" стадионида футбол бўйича Ўзбекистон ва Австралия олимпия жамоалари ўртасида ўйин бўлиб ўтди.


Биринчи бўлимда Кенжа Тўраев меҳмонлар дарвозасига битта тўп киритди.

Иккинчи бўлим тугашига бир неча дақиқа қолганида Олег Зотеев узоқдан зарб билан тепган тўп рақиблар дарвозасининг юқори чап бурчагига келиб тушди.

Дарвозабон тўпни фақат кўзи билан кузатишга улгурди, холос.

Ўйин тугаганидан сўнг энг яхши ўйинчи соврини тўққизинчи рақамда тўп сурган Кенжа Тўраевга топширилди.

Ўзбекистон ва Австралия олимпия жамоалари ўртасидаги мазкур ўйин ўта оғир об-ҳаво шароитида бўлиб ўтди.

Ўйин бошланган пайтда Тошкентда ҳаво ҳарорати Целзий ўлчови бўйича -11 даражага пасайган эди.

Аслида бу ўйин маҳаллий вақт билан соат 20 да бошланиши режаланган эди. Ҳаво совуқ бўлгани учун ўйин соат 15:00 га кўчирилди.

2012 йилда Лондонда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига йўлланма олиш учун бу икки жамоа ўртасида Сидней шаҳрида бўлган ўйин 0:0 ҳисобида дуранг натижа билан якунланган.

5 феврал кунги ўйиндан сўнг Ўзбекистон жамоаси ўз гуруҳида саккиз очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ироқ жамоаси тўрт очко билан иккинчи ўринда.

Учта дуранг ва бир марта мағлубиятга учраган Австралия жамоаси ҳозир уч очко билан учинчи ўринда.

Гуруҳдаги охирги ўринни икки очко билан Бирлашган Араб Амирликлари олимпия жамоаси эгаллаб турибди.

Ўзбекистонлик футбол шарҳловчиси Ҳайдар Акбаров Озодлик билан суҳбатда 5 феврал кунги ғалабадан сўнг Ўзбекистон жамоасининг Олимпиадага йўлланма олиш имконияти мустаҳкамланганини айтди.

- Ўзбекистонни омади чопди дейиш мумкин гуруҳда. Нега десангиз Австралиядан сал чўчиб турган эдик. Австралия устидан бугунги ғалабадан кейин Ўзбекистон имкониятларини янада яхшилади. Ўтган ўйинларни ҳисобга оладиган бўлсак, Австралия биз учун жиддий рақиб бўлган. Бу гал терма жамоамиз ишончли ҳаракат қилиб, ғалабани қўлга киритиб, гуруҳдаги пешқадамлигини янада мустаҳкамлади. Энди Олимпиадага боришга умид қилсак бўлади, - деди Ҳайдар Акбаров.

Мутахассислар гуруҳдаги ҳамма жамоа ҳозирча Лондон Олимпиадасига йўлланма олиш имкониятини бой бермаганини айтмоқда.

Ўзбекистон олимпия жамоаси навбатдаги ўйинни 22 феврал куни меҳмонда Ироқ жамоасига қарши ўтказади.

14 март куни эса Ўзбекистон жамоаси Бирлашган Араб Амирликлари жамоасига мезбонлик қилади.
XS
SM
MD
LG