Линклар

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон-Қозоғистон чегара постлари ёпилгани ҳақидаги Беларус матбуоти хабарини инкор қилди.

Вазирлик расмийсининг Регнум ахборот агентлигига маълум қилишича, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегара постлари одатдагидек ишламоқда.

Ундан олдин қаҳратон совуқ ва қор бўронлари боис Беларуснинг элликка яқин юк машинаси ҳайдовчилари Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида тўхтаб қолгани хабар қилинган эди.

Белта ахборот агентлиги хабарига кўра, қалин қор ва ҳаво ҳарорати жуда пасайиб кетгани боис Қорақум чўлида юзлаб юк машинаси, жумладан Беларусга тегишли юк машиналари бир ҳафтадан бери тўхтаб қолган.

Чегара постлари ишламоқда аммо қалин қор йўлларни ёпиб қўйгани учун машиналар постгача етиб боролмаяпти.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг Манғистау вилояти бўлими маълумотига кўра, 1 – 4 феврал кунлари оғир шароитда қолган 499 киши қутқарилган ва эвакуация қилинган.

Белта агентлигига кўра, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигида ташкил қилинган тезкор штаб ҳам оғир вазиятда қолган ҳайдовчиларни озиқ-овқат ва ёнилғи билан таъминламоқда.

Беларуснинг дипломатик миссияси Ўзбекистон ва Қозоғистондаги барча экстремал хизматлар билан узлуксиз мулоқотда бўлиб турибди.
XS
SM
MD
LG