Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:49

Путинни пулга "севганим" ҳақида


Владимир Путин тарафдорларининг Поклонная гора майдонидаги намойиши.
Владимир Путин тарафдорларининг Поклонная гора майдонидаги намойиши.

Озодлик Радиоси рус хизмати мухбири шанба куни Москванинг Поклонная гора майдонида ўтказилган Путин тарафдорларининг намойиши қатнашчиларидан бири бўлди. Ирина Чевтаева мухолифат ўтказган “Эркин сайловлар учун” норозилик чиқишига муқобил тарзда уюштирилган намойишда қатнашгани учун ваъда қилинган пулни ҳам олишга муваффақ бўлди. Унинг ҳикоясини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

... Акциядан бир неча кун олдин Massovki.ru сайтидаги эълонга кўзим тушиб қолди. Унда Поклонная горада 4 феврал куни ўтказиладиган митингда қатнашиш учун одамлар қидирилаётгани ёзилган эди. Эълонга илова қилинган телефон рақамига қўнғироқ қилганимда, ўзини Максим деб таништирган йигит жавоб берди:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:15 0:00
Бевосита линк

- 4 феврал куни 10:30 да “Университет” метро станциясида учрашамиз. Поклонная горагача гуруҳимизни автобусда элтиб қўйишади. Иссиқ ичимликлар, бутерброд ва ҳатто совқотиб қолмаслик учун алкогол ичимликлар ҳам бўлади. Ароқ қуйиб беришади. Сиз фақат келиб, туриб берсангиз бўлди, ҳаммаси яхши бўлади. Сизга йўл кира сифатида 500 рубл берилади, - дея ваъда қилди Максим.

Айтилган вақтда айтилган жойга етиб келдим. “Университет” станциясида 50 ка яқин одам, асосан ёшлар тўпланиб турган эди. Гуруҳлар бригадирлари келганлар рўйхатини тузаётган эди.

- Автобусингизни кутиб, совқотиб ўламизку, - дея эътироз билдирди бир йигит.

- Кейинги дам олиш кунларида коммунистлар митинг қилади, борасанми? - деб сўради ёнимда турган каттароқ ёшдаги бир аёл, - мен дам олиш кунлари бекор қолганимда ҳар доим чиқаман.

Тушга яқин ташкилотчилар ҳаммани метродан кўчага олиб чиқди ва автобусларга чиқа бошладик.

- Максимнинг бригадаси оқ автбусга чиқсин, Андрейники сариққа чиқсин, - дея бақирди бир йигит, - Уларни кўздан йўқотманглар, бўлмаса, пулдан қуруқ қоласизлар.

Автобусда Максим ҳаммамизни санаб чиқиб, телефонда кимгадир “Менда 67 киши бўлди”, дея ҳисоб берди.

Поклоннаяга вақтида етиб келдик. У ерда аллақачон ўнлаб автобуслар турнақатор бўлиб турарди. Улардан плакатлар кўтарган одамлар тушиб келарди. “Путин бизнинг ҳалоскоримиз”, деган плакатга кўзим тушди.

Бригадиримиз Максим текширув жойида полициячи билан нималарнидир гаплашди-да, шашт билан юра бошлади. Унга эргашдик. Бироздан кейин Максим тўхтаб, бизни санаб кўрди. 14 киши қолибмиз. Максим эса:

- Шу ерда туринглар, балки ҳозир пулларингни олиб берарман, - деди.

Гуруҳимиз билан ярим соатча кутдик. 14 кишига иккита плакат беришди. Навбатма-навбат кўтариб турдик. “Биз Путин учунмиз” ва “Россияни ҳеч кимга бермаймиз” ёзуви бор плакат билан суратга тушиб қолишни ҳеч ким истамас эди.

Кейин бригадир Максим “Бу ерда пул беришадиганга ўхшамаяпти, нарироқ бориш керак”, деди. Гуруҳимиз яна унга эргашди. Йўлда яна бир неча кишини йўқотдик. Бу пайт баъзи намойишчилар кета бошлади. Йўл-йўлакай ерга ташлаб кетилган плакатлар уюм-уюм бўлиб ётганига кўзим тушди.

- Уларнинг омади чопди, пулларини элдан бурун олиб олишди, - дея ҳавас қилди “сафдошларимидан” бири.

Бригадир Максим бизни саҳна ортига олиб ўтди. “Кассагача” саккиз киши бўлиб етиб келдик. Шу билан бизнинг “митинг” ҳам тугади.

- Шу ерда туриб, пулни кутамиз, - деди Максим.

Орқамизда бошқа гуруҳлар ҳам етиб кела бошлади. Бригадирлар пулни кутиб совқотганларга иссиқ чой таклиф қилишар эди. Бир соатча кутдик: пулдан ҳали ҳам дарак йўқ эди. Оёқларидан совуқ ўтган Максим жойида сакраб-сакраб “Қўрқманглар, ҳаммаси жойида бўлади. Ҳозир келади пул”, деб бизни овунтириб турди.

Одамларнинг жаҳли чиқа бошлади. Бир пайт Максим йўқолиб қолди, ўрнига қўлида рўйхатлар кўтарган бир одам келди-да, ҳаммага ўн киши-ўн киши бўлиб навбатга туришни буюрди.

- Нега “Университет” станциясига келмасдан бу ерга келиб олдинг, кет, санларга пул йўқ, - деб бақирди у.

- Ҳой, биз бу ерда икки соат музлаб, мана бу ордона қолгур плакатингни кўтариб турсагу, икки қўлимизни бурнимизга тиқиб кетаверамизми? Бекорларни айтибсан, - деб эътироз билдирган бўлди одамлар.

Шундай қилиб яна бир соатча турдик. Кўпчилик ҳафсаласи пир бўлиб, кетиб қолди. Энг сабрлилар бригадирларни, полициячиларни ва Путинни болохонали қилиб сўкиб, пулни кутишарди.

- Ҳозир келади пул, мен тегишли одамга телефон қилдим, - дея овунтирарди бригадир. Одамлар уни ёқасидан ола бошлади.

- Совқотиб турдик, энди Давлат Думасига бориб, устиларингдан арз қиламиз, - деб қичқирди ёнимдаги кампир, - пулимизни бер!

Кейин бригадир нарироқда турган қора “Волга”ни кўрсатиб, “ана у ерда пул беришяпти”, деди. Ҳамма машинани қуршаб олди. Ундаги йигитлар эса: “пулимиз бор, хотин, бола-чақамиз ҳам бор”, деб уларни қайтара бошлади. “Санларга нима керак, бизнинг бу намойишга алоқамиз йўқ”, деди йигитлардан бири.

Бир пайт бригадир яна икки киши-икки киши бўлиб навбатга туришни буюрди. Бу пайтга келиб ҳамма гуруҳлардан 54 киши қолди, холос.

- Санларни устингдан Путинга арз қиламан. Ташкилотчилари қанақалигини билиб қўйсин, - деди ёши каттароқ киши.



Бригадир четроққа чиқиб, бир йигитни бошлаб келди. Хайрият, дедик биз, етиб келди, пул билан етиб келди!

Икки кишига минг рублдан тарқатишди. Музлаб қолган одамлар пулни олибоқ метрога қараб югурди.

Мен билан минг рублни баҳам кўриши керак бўлган аёл: “Мен митингга текинга бормасам ҳам, Путин тарафдориман. У ҳақда ёмон гапларни ёзманг”, дея илтимос қилди.
XS
SM
MD
LG