Линклар

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қорақалпоғистон ҳудудидаги ўзбек-қозоқ чегараси Довудота ўтказиш пункти қалин қор туфайли ёпилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Вазирлик расмийлари Регнум агентлигига чегара пункти очиқ эканини айтишган.

Аввалроқ, Россия, Белоруссия, Қозоғистон ва Ўзбекистонга қарашли 200 дан зиёд юк машинаси йўлларда қор қалинлиги туфайли Қорақалпоғистон ҳудудида туриб қолгани ҳақида Белорус матбуоти хабар қилган эди.

Белоруссиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходими Владимир Сосковец журналистлар билан суҳбатда автоуловларнинг аксарияти Қорақалпоғистон ҳудудидаги ўзбек-қозоқ чегарасида – Довудота чегара-ўтказиш пунктида туриб қолганини айтганди.

Довудота чегара-ўтказиш пунктидан Ўзбекистоннинг асосий ҳудудига Устюрт даштлари бўйлаб ўтилади.

Кейинги кунларда, ер юзининг бутун шимолий ярим шарида кузатилаётганидек, Ўзбекистонда ҳам ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетди, ёғингарчилик кўп бўлди.

Қалин ёққан қор ортидан Ўзбекистоннинг айрим жойларида ҳарорат -25 даражагача пасайиб кетди.Ўзбекистонлик синоптиклар бу йилги ҳаво ҳарорати сўнгги 25 йил ичида рекорд даражада паст бўлганини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG